311

ЗАМОНАВИЙ МАКТАБ: БАҲОЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Халқ таълимини ривожлантириш – умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурган умумий мақсаддир.

Сўнгги етти йил давомида Ўзбекистонда дунёда қабул қилинган энг илғор ёндашув ва стандартларга асосланган янги мактаб таълими тизими барпо этилмоқда. Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш жараёнини ислоҳ қилиш бунга ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади. Охирги йилларда Президентнинг 17 та Фармон ва Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 44 та Қарори қабул қилинди. Давлат раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Бундан буён замонавий мактаб қуйидаги асосий соҳалар бўйича баҳоланади: таълим ва тарбия жараёни, умумий таълим муассасасини бошқариш, малакали мутахассислар билан таъминланганлик, моддий-техник база ва инфратузилма.

2023 йил август ойида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Замонавий мактаб: баҳолар ва истиқболлар» мавзусидаги жамоатчилик фикрини комплекс ўрганишга киришди, унинг мақсади мамлакатимиз фуқаролари, хусусан, ота-оналар ва ўқитувчиларнинг ҳозирги мактаб ўқувчилари олаётган умумий таълимнинг сифатини баҳолаш, ўқитувчилар ва умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг малака даражаси, ўқув дастурини ўзлаштириш шартлари ва ўқувчиларнинг ўзлаштирмаслик сабабларини аниқлаш, ота-оналарнинг замонавий мактабдан умидларини аниқлаш, бола/болалар учун мактабни танлашдаги асосий омиллар, шунингдек, жамият ва мамлакатнинг ижтимоий институтларидан бири сифатида ўрта умумтаълим мактабининг функциялари ва вазифалари ҳақидаги фикрларини аниқлаш ва ўрганишдан иборат.