07.09.2023
241
Замонавий мактаб ўқувчилари ҳаётида Интернет
Ахборот жамиятида ривожланиш истиқболи биринчи навбатда ахборотнинг истеъмоли билан боғлиқ. Бугунги кунда Интернет нафақат катталар, балки болалар учун ҳам ахборотнинг асосий манбаларидан бирига айланмоқда.
Йилдан-йилга Интернет фойдаланувчилари ҳамжамияти ёшариб бормоқда. Ўсмирлар учун китоблар, телевидение, журналлар билан солиштирганда асосий маълумот манбаи Интернет бўлиб қолмоқда, у ўқитувчилар ва дўстлар билан рақобатлашиб, қисман ота-оналарнинг ўрнини ҳам эгалламоқда.
Кўпгина болалар мактабда Интернет билан танишадилар ва уни жуда тез ўзлаштирадилар, сўнг ўқитувчилар ҳамда ота-оналарга қараганда фаолроқ Интернет фойдаланувчиларига айланишади, фойдаланувчилик тажрибасини катталарга қараганда тезроқ тўплашади. Шу билан бирга, Интернетдаги хавфсиз хулқ-атвор тўғрисида ўсмирларнинг билимлари етишмаслиги аниқ. Уларга Интернетда хавфсиз ишлашни ўргатиш учун ота-оналар ва ўқитувчилар болаларнинг виртуал оламида нималар бўлаётганини, уларнинг ҳаётида Интернет қанчалик муҳим ўрин эгаллаётганлигини билишлари керак.Ўзбекистонда мактабларда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Мактаб ўқувчилари ва Интернет” мавзусидаги комплекс социологик тадқиқот доирасида жамоатчилик фикрини мажмуавий ўрганишни бошлади. Тадқиқотнинг мақсади - ота-оналар ўз фарзандининг Интернетдан фойдаланаётганидан қанчалик даражада хабардорлигини, бола у ёки бу хавфсиз ёки хатарли веб-сайтларга кириш орқали нималарга қизиқиш билдираётганини аниқлаш, шунингдек, Интернетнинг мактаб ўқувчиларига ижобий ва салбий таъсири ҳақида ота-оналарнинг фикрини ўрганиш ва таҳлил этишдан иборат.