03.10.2023
409
Ўзбекистондаги ТОП-20 “ақл марказлар”
Давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, уни амалга ошириш учун стратегиялар ишлаб чиқишда мустақил баҳоловчи тадқиқот институтларининг роли алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, демократик тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатларда давлат сиёсатини ошкора кенг жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
“Ақл марказлари” фаолияти давомида муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан тадқиқот ўтказиш ва экспертлик баҳолаш ёрдамида таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи мустақил таҳлилий ташкилотлардир. Бу каби таҳлилий тадқиқот институтлари жамоатчилик фикрини шакллантирган ҳолда давлат томонидан ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда қарорлар қабул қилишга кўмаклашади. Айниқса, ривожланган мамлакатлар қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий масалаларда истиқболни белгилашда мустақил “ақл марказлари“га мурожаат қилади.
Бугунги кунда дунё бўйлаб турли йўналишларда тадқиқотлар олиб бориб, таҳлилий маълумотларни ишлаб чиқувчи 15 мингга яқин ақл марказлари фаолият юритмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда шу каби таҳлилий институтларга, уларнинг давлат сиёсатини амалга оширишдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан 2020 йилда мамлакатда фаолият олиб бораётган “ақл марказлари”нинг ТОП-15 талиги эълон қилинган эди.
2023 йилдаги рейтингдан эса Ўзбекистоннинг 20 та етакчи “ақл марказлари” ўрин олди. Мазкур рейтинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган таҳлил марказларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, улар томонидан ўтказилган тадқиқотлар ва таҳлилий мақолалари, халқаро илмий нашрларда иқтибос келтирилган таҳлилий ишлари ва мустақил экспертларнинг фикри асосида шакллантирилди.
Рўйхатга биринчи марта қуйидагилар киритилди:
- Барқарор ривожланиш маркази
- Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
- “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази
- Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
- Марказий Осиё халқаро институти
- “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти
- Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик таҳлилий маркази
- Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу “ақл марказлари” томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларини қўллаб-қувватлаш ёки ушбу рейтингга кирмай қолган таҳлилий марказлар фаолиятига паст баҳо беришдан йироқмиз. Асосий мақсадимиз – мамлакатимизда фаолият юритаётган “ақл марказлари” географияси билан жамоатчиликни таништириш.
1. Барқарор ривожланиш маркази
Янги ташкилот мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ривожланиш жараёнларини комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бу борадаги фаолиятни мониторинг қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш Марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.
2. “Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасаси
Узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда самарали фаолият юритиб келаётган нодавлат таҳлил марказларидан бири. Муассаса ўзининг муқобил тадқиқотлари ва экспертлик баҳолари билан алоҳида ўринга эга. Ташкилот маҳаллий ва халқаро илмий марказлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, манфаатдор ташкилотлар учун таҳлилий ишларни амалга ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, минтақавий ҳамкорлик, ёш тадқиқотчилар учун “мулоқот майдонлари”ни ташкил этиш билан шуғулланиб келади.
3. Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Марказ жойларда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, ахборот маконининг ғоявий мазмунини тизимли таҳлил қилиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудлар ва мамлакат даражасида маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш борасида тадқиқотларга урғу қаратмоқда.
4. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази
Мамлакатда ижтимоий сўровлар ўтказишда улкан тажрибага эга бўлган “Ижтимоий фикр” фаолияти ўта ранг-баранг бўлиб, тараққиётининг барча соҳаларида жамоатчилик фикри динамикасининг асосий тенденцияларини аниқлаш, ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, тизимли мониторингини олиб бориш билан шуғулланади.
5. Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази
Марказ фаолияти иқтисодий ислоҳотларни ва иқтисодий ривожланишни таҳлилий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қолаверса, иқтисодий ривожланиш субъектларининг билим ва кўникмаларини ошириш, иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича давлат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасида самарали мулоқотни ривожлантиришда ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.
6. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти маъмуриятининг иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар масалалари бўйича ахборот-таҳлилий таъминоти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланади.
7. Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
Институт вазифаларига Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолиятига кўмаклашиш, қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш киради.
8. Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
Институтнинг асосий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
9. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти
Давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганган ҳолда амалий таклифлар тайёрлаш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини комплекс баҳолаган ҳолда асослантирилган экспертлик хулосаларини тайёрлаш билан шуғулланади.
10. Мaркaзий Осиё хaлқaро институти
Минтақа мамлакатларининг умумий манфаатлари йўлида илмий-тадқиқот ва эксперт ҳамкорлигини ўрнатишга кўмаклашиш, Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг етакчи илмий марказлари, шунингдек, Марказий Осиё масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар экспертлари билан кенг алоқалар ўрнатиш институтнинг асосий вазифаларидир.
11. “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази
“Маъно”нинг таҳлилий фаолияти ижтимоий, иқтисдоий ва ташқи сиёсат йўналишида Марказий Осиё учун умумий бўлган минтақавий масалалар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш, узоқ йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишга қаратилган.
12. “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти
Маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифаларидир.
13. Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ
Марказ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ҳолати ва даражасини таҳлил қилиш, миллий ахборот маконини ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарадорлигини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
14. Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик таҳлил маркази (“Transparency Uzbekistan”)
Коррупциянинг сабаблари, оқибатлари ва келтириши мумкин бўлган зарарлари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш, мамлакатда коррупция ва давлат бошқаруви институтларига бўлган ишонч даражасини ўрганиш, давлат органлари томонидан очиқлик ва шаффофликка риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари марказнинг асосий йўналишлари сирасига киради.
15. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Ўзбекистон Республикаси Президентини ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлаш, Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари борасида тадқиқотлар институт фаолиятининг асосий йўналишларидир.
16. Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби
Олий мактаб мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг турли йўналишларида тизимли тадқиқотлар олиб боради. Таҳлилий фаолиятда асосий урғу миллий ва минтақавий хавфсизлик масалаларига қаратилган бўлиб, ўтказиладиган тадқиқотлар кенг жамоатчилик учун ёпиқ характерда эканлигини таъкидлаш зарур.
17. “Тараққиёт стратегияси” маркази
Давлат дастурлари, ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, миллий ва халқаро ҳамжамиятга тарғиб қилиш масалалари Марказ фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.
18. Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази
Суд-ҳуқуқ тизимида муаммоларни ўрганиш, ҳуқуқий муносабатлар масаласида илмий тадқиқотлар олиб бориш, таҳлилий материаллар тайёрлаш, тизимни ислоҳ қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатларини мустақил ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш каби йўналишлар марказ таҳлилий фаолиятининг эътибор марказида.
19. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси
Академиянинг вазифалари Прокуратура органлари фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг долзарб муаммолари юзасидан тизимли асосда илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш, ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
20. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Ўзбекистон тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурлари амалга оширилишини, Президент ҳужжатлари ижросини ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини мониторинг қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалаларда экспертлик баҳолашни ташкил этиш, ижтимоий сўровлар орқали таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, Марказий Осиё минтақаси экспертлари учун мунозара майдонларини ташкил этиш Ҳаракат фаолиятининг асосий йўналишлари сирасига киради.
Изоҳ: Рўйхат алифбо тартибида тузилган
Қайд этиш керак, Ўзбекистонда рўйхатда келтирилган “ақл марказлари”дан ташқари Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ва Прогрессив ислоҳотлар маркази каби бир қатор ташкилотлар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Умид қиламизки, бу каби истиқболли ташкилотлар яқин келажакда ўзининг илмий тадқиқотлари, таҳлилий ишлари билан ўз таъсир майдонига эга бўлади ва жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати