251

Ҳозирги кунда мамлакатимизда шаҳарлар муҳитини шакллантириш ва атроф-маконни ободонлаштиришда фуқароларнинг иштироки масалаларига устувор эътибор қаратилмоқда.

Мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2023 йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ташкил этилган вақтдан буён ўтган 2 йил давомида ушбу ҳаракат доирасида 1,2 минг гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди”, дея таъкидлади.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 25 октябридан 1 декабригача кузги дарахт экиш мавсуми эълон қилинди. Мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.

Ҳокимиятнинг барча даражаларида аҳолининг ободонлаштириш билан шуғулланадиган ташкилотлар вакиллари билан ўзаро муносабатлари, шаҳарлар маконидан фойдаланувчилар ҳамда инсон атроф-муҳитида қулайлик ва фаровонлик яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари юклатилган шахслар билан мулоқот ўрнатиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда. Шаҳар муносабатларининг барча иштирокчилари ўзаро ҳамкорлигининг самарали шаклини излаш муҳим масала ҳисобланади. Бундай шакллардан бири – бу фуқароларнинг жамоатчилик фикри сўрови бўлиши мумкин, унда фуқароларнинг ўз яшаш муҳитининг ҳолатини яхшилаш ва атроф-маконни ташкил этиш борасидаги фикри ва таклифлари аниқланади, аҳолининг хусусий сектор ва кўп квартирали уйлар олдидаги ҳудудлар, мавзелар, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга бўлган муносабати ўрганилади.

Аҳолининг шаҳар ва қишлоқлар, мавзелар, ҳовлилар ва бошқа жамоат жойлари ҳаётидаги иштироки бугунги кунда муҳим ва зарур жараён бўлиб, келажакда нафақат шаҳар ва қишлоқларимизнинг ташқи қиёфаси, балки аҳолининг бажарилган ишлардан қанчалик мамнун бўлиши, яшаш учун ҳаммамизга қанчалик қулай бўлиши шунга боғлиқ.

Жамоатчилик фикри сўрови фуқароларга ҳокимият ва бошқарув органларининг эътиборини мавжуд муаммоларга қаратиш, ўзи яшайдиган муҳитни яхшилаш бўйича таклифлар киритиш, ўз шаҳар ва қишлоқларида қайси дарахт ва бута турларини кўришни хоҳлашларини билдириш ва шу тариқа яшаш маконини яхшилашнинг фаол иштирокчиларига айланиш имконини беради.