04.11.2023
287
Ҳурматли ҳамкасблар! Хонимлар ва жаноблар!
«Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» мавзусидаги доимий халқаро илмий-амалий семинар доирасида академик Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар ўтказилиши арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг ташаббуси ва бевосита иштирокида «Таълимнинг тузилмавий модернизацияси жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида» номли илмий мақолалар тўплами чоп этилди.
Тўпламда қуйидаги йўналишлар бўйича мақолалар тақдим қилинган:
- Янги воқелик шароитида Ўзбекистон жамиятини ривожлантириш стратегияси.
- Замонавий таълимнинг долзарб масалалари: муаммолар ва истиқболлар.
- Илм-фан ва инновациялар: тажриба, имкониятлар, стратегиялар.
Тақдим қилинаётган нашрда сиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қ.Х.Абдураҳмонов, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси академиги, социология фанлари доктори, профессор З.К.Шаукенова, социология фанлари доктори, профессор М.Б.Бекмуродов, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Н.С.Алиқориев, иқтисодиёт фанлари доктори Н.Х.Раҳимова, фалсафа фанлари номзоди Р.Ж.Маҳмудов, социология фанлари номзоди А.С.Гонашвили, тарих фанлари номзоди М.Ю.Спирина каби етакчи олимларнинг илмий мақолалари билан танишишингиз мумкин.
Ҳавола қилинаётган тўпламда Россия, Қозоғистон социолог-олимлари, тадқиқотчилар, докторантлар, социология соҳасидаги магистрлар, ўрта ва олий таълим соҳасидаги назариётчи ва амалиётчи мутахассисларнинг мақолалари ҳам берилган.
Ўқишга тавсия этилаётган илмий мақолаларнинг аҳамияти шундаки, улар таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг жамият ва фуқароларга таъсирини чуқурроқ ўрганишга, замонавий жамиятнинг энг муҳим хусусиятларини аниқлашга, илғор таълим стандартлари ва методикасини жорий этиш ҳамда қўллашга қаратилгандир.
Тўпламнинг нашр этилиши жорий йилнинг ноябрь ойи охирида «Таълимнинг тузилмавий модернизацияси жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида» мавзусида бўлиб ўтадиган халқаро илмий-амалий семинарга бағишланади.
Семинар мавзуси ташкилотчилар нуқтаи назарида жуда замонавий бўлиб, долзарб аҳамият касб этади, чунки унда мамлакатимизда ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси концепцияси тўлиқ акс эттирилган бўлиб, у нисбатан яқинда оммавий ахборот воситалари ва телевидениеда барча даражадаги давлат органлари вакиллари, шунингдек, экспертлар, олимлар, сиёсат ва жамоат арбоблари томонидан фуқаролар билан биргаликда кенг муҳокама қилинди.
Семинар давомида Ўзбекистон жамиятининг янги воқелик шароитидаги ривожланиш стратегияси масалалари, замонавий таълим муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, замонавий дунёда илм-фаннинг ўрни муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Маърузалар мавзуси Президентимизнинг "Фаровонлик калити таълим, тарбия, билимдадир" тезисига тўлиқ мос тушади ва мамлакатнинг билимли, ҳар томонлама баркамол, ватанпарвар ва масъулиятли фуқароларини тарбиялаш муаммоларига, шунингдек, юқори малакали кадрларга иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига ўз вақтида жавоб бера олиш қобилиятига мувофиқ келади.