11

АХБОРОТГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖЛАР: МАМЛАКАТ ФУҚАРОЛАРИ ОРАСИДА ҚАЙСИ МАВЗУ ВА ФОРМАТЛАР ЭНГ КЎП ТАЛАБГА ЭГА

 

 

Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва ахборот истеъмоли одатларининг ўзгариб бориши шароитида фуқаролар орасида қайси мавзулар ва ахборотни тақдим этиш форматлари энг кўп талабга эга эканини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ахборот оқими ҳажмининг ортиши, ижтимоий тармоқлар, видеоплатформалар ва мессенжерларнинг кенг тарқалиши, шунингдек, кундалик ҳаёт суръатининг тезлашиши аудиториянинг медиаконтентга бўлган талабларини ўзгартирмоқда. Ахборот мазмуни билан бир қаторда, уни тезкор олиш, қисқа ва лўнда тақдим этиш, кўргазмалилик, қабул қилиш учун қулайлик ҳамда тақдимот формати тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда фуқароларнинг ахборотга бўлган қизиқишлари ва афзалликларини англаш оммавий ахборот воситаларининг аудитория билан самарали коммуникациясини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази оммавий ахборот воситалари фаолиятига фуқароларнинг муносабатини ҳамда мамлакат ахборот маконида юз бераётган ўзгаришларни ўрганишга қаратилган тадқиқотларни тизимли асосда амалга ошириб келмоқда. Мазкур тадқиқот доирасида аудиториянинг мавзувий қизиқишлари ва ахборот олишнинг афзал кўриладиган форматларига алоҳида эътибор қаратилди. Жамоатчилик фикри таҳлили фуқароларда қайси мавзулар кўпроқ қизиқиш уйғотиши, материалларни тақдим этишнинг қайси усуллари қабул қилиш учун қулайроқ эканини аниқлаш, шунингдек, аҳолининг турли гуруҳларига хос замонавий медиаистеъмол хусусиятларини очиб бериш имконини беради.

Тадқиқотнинг вазифаларидан бири оммавий ахборот воситаларидан ахборот олиш жараёнида фуқароларнинг мавзувий афзалликларини аниқлашдан иборат бўлди. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, фуқароларда энг катта қизиқишни спорт воқеалари ва ютуқлари, илм-фан ва таълимга оид янгиликлар, шунингдек, сиёсат ва давлат бошқаруви масалалари уйғотмоқда. Аудитория ислоҳотлар, қонунлар ва давлат ташаббуслари, саломатлик ва соғлом турмуш тарзи, халқаро воқеалар ҳамда ташқи сиёсатга оид ахборотларга ҳам сезиларли даражада қизиқиш билдирмоқда.

Ахборотга бўлган қизиқишлар таркибида кўнгилочар контент, иқтисодиёт ва молия масалалари, экологик мавзулар, маданият ва санъат, тадбиркорлик, замонавий технологиялар ва инновациялар ҳам ўрин олган. Туризм ва дам олиш, машҳур шахслар ҳаёти, ижтимоий масалалар, қишлоқ хўжалиги, дин ва маънавий ҳаёт, шунингдек, ҳарбий ва геосиёсий мавзуларга бағишланган материалларга қизиқиш нисбатан пастроқ.

2025 йил билан қиёслаганда саломатлик ва соғлом турмуш тарзи масалаларига, халқаро воқеаларга ҳамда иқтисодиёт масалаларига фуқароларнинг қизиқиши сезиларли даражада ортган. Шу билан бирга, кўнгилочар контентга, экология мавзусига ва ижтимоий масалаларга бўлган қизиқиш пасайган.

Ёш кесимидаги таҳлил шуни кўрсатдики, фуқароларнинг ахборот афзалликлари уларнинг ёши билан бевосита боғлиқ бўлиб, турли авлодларнинг ҳаётий устуворликлари ва долзарб эҳтиёжларидаги тафовутларни акс эттиради. Жумладан, 18-24 ёшдаги фуқаролар фан ва таълимга оид янгиликларга, спорт воқеаларига, шунингдек, сиёсат ва давлат бошқаруви масалаларига сезиларли даражада кўпроқ қизиқиш билдиришди.

Ёш улғайгани сари фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги ахборотга, халқаро кун тартибига, маданият ва саломатлик масалаларига бўлган қизиқиши ортиб борди.