12.04.2022
438
Фуқароларнинг ахборот манбалари тўғрисидаги фикри
Янги Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва таъсирини, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор вазифа ҳисобланади.
Интернет асри янги талаблар ва қоидаларни илгари сурмоқда. Ҳозирги кунда миллий журналистика ва умуман олганда оммавий ахборот воситалари катта тажриба тўплай туриб, ахборот соҳасини ва ахборотдан фойдаланишни демократлаштириш учун бор куч-ғайратини сарфламоқда.
Соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, реал ҳамкорликни йўлга қўйиш оммавий ахборот воситалари фаолиятининг муҳим вазифалари бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш учун қонунчилик базаси тизимлаштирилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари соҳасида йиллар давомида тўпланган энг яхши ютуқлар ва анъаналарни сақлаб қолиш, қонун устуворлиги ва объективлик тамойилларига қатъий риоя қилиш, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, унинг мустақил фикр юритиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, шунингдек, юқори касбий маҳорат ҳар доим оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий мезонлари бўлиб қолади.
Таъкидлаш зарурки, миллий оммавий ахборот воситалари амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишга фаол эътибор бера бошлади, аҳолини ташвишлантираётган масалаларни аниқлаш ва ҳал этишга ҳисса қўшмоқда.
Ҳақиқий журналистлар ва кўпинча замонавий журналистиканинг жонкуяр ёш вакиллари мамлакатнинг энг чекка минтақаларида бўлиб, аҳолини қизиқтирган долзарб масалалар ва мавзуларни профессинал тарзда ёритиш учун барча куч-ғайратларни сарфламоқдалар.
Энг муҳими, миқдорий кўрсаткичларнинг ўсиши билан бирга чуқур сифат ўзгаришлари ҳам кузатилмоқда. Буни миллий медиа маконида нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғининг кенгайиши, уларнинг самарали фаолияти, Интернет-журналистиканинг жадал ривожланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларни халқ билан мулоқот қилишнинг эркин минбарига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бугунги кунда диққат марказида турган масалалардир.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази аҳоли ўртасида «Фуқароларнинг жамият ва мамлакатда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида ахборот манбалари ҳақидаги фикри» мавзусида телефон сўрови ўтказишни бошлади. Фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжлари ва мойилликларини, мамлакат миллий оммавий ахборот воситаларининг, шунингдек, анъанавий ва электрон ахборот манбаларининг ролини аниқлаш унинг мақсади ҳисобланади.