391

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

 

Ёзнинг биринчи куни, 1 июнь куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида муҳим байрам – Халқаро  болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади. Бу халқаро миқёсда кўриб чиқила бошланган ва бир вақтнинг ўзида кўплаб мамлакатларда бир кунда нишонланадиган биринчи байрамлардан биридир.

1979 йилда Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нафақат болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини эълон қиладиган, балки уларни амалга ошириш бўйича мамлакатларнинг мажбуриятларини ўз ичига олган халқаро ҳужжатни ишлаб чиқа бошлади. Узоқ машаққатли жараён 10 йилдан сўнг 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг бир овоздан қабул қилиниши билан якунланди, уни жаҳон ҳамжамиятининг энг заиф қисми – болаларни  ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлайдиган, Ер юзидаги барча болалар учун тенг ва бир хил ҳуқуқларни таъминлайдиган халқаро ҳуқуқий механизмга айлантирди.

Ўзбекистон Республикаси оила ва болалик бўйича ижтимоий сиёсат соҳасида тизимли ёндашувни амалга оширмоқда. Бундай ёндашув норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда, институционал асосларни ривожлантиришда, оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш давлат дастурларида ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Она ва бола манфаатларини ҳимоя қилиш хотин-қизларнинг меҳнати ва саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирлар билан таъминланади.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилинди ва у Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилинганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган халқаро тадбирларнинг ажралмас қисмига айланди. Қарор доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий Марказ томонидан "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Эътироф этиш керакки, бола шахсияти тўлиқ ва уйғун ривожланиши учун у оилавий муҳитда, бахт, севги ва тушуниш муҳитида ўсиши керак. Жамият ва шахснинг барқарор ривожланиши учун оила ўйнайдиган  роль оила масалаларига халқаро ташкилотлар ва давлатларнинг жиддий диққат-эътиборини таъминлайди.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан замонавий оиланинг ривожланиши бўйича жамоатчилик фикрини ҳар томонлама ўрганиш доирасида оилавий муносабатлар, ота-оналар ва болалар, эр-хотинлар ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларнинг йиллик мониторинги ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида фарзандлар оиланинг асосий маъноси ва қадриятидир (94,2%), деган қараш ҳукмрон эканлиги тенденциясини аниқлади.

 Аксарият фуқароларнинг фикрича, оилада фарзандларнинг албатта  бўлиши ўзига ва ўз кучига ишонишни таъминлайдиган асосий ҳаётий қадриятлардан биридир, бу ҳам оила барпо этиш яратиш сабабларидан бири ҳисобланади. Кўпчилик респондентлар (97%) фикрича, ҳар иккала ота-она ҳам болаларнинг ривожланиши ва тарбияси учун шарт-шароит яратиб беришга масъул бўлишлари лозим. Респондентлар шунга ишонадиларки, ота-оналар ўз фарзандларида, аввало, меҳр-муҳаббат, меҳр-оқибат, Ватанга садоқат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат, масъулият ва ўзликни қадрлаш туйғуларини тарбиялашлари керак, ота-оналар томонидан  фарзандларда тадбиркорлик, меҳнат ва ишлашга меҳр-муҳаббат, ўқиш ва билимга муҳаббат каби фазилатларни тарбиялаш  асосий жиҳат бўлиши лозим.

Болалар ҳар бир катта ёшли инсоннинг ҳаётини қувонч ва илиқликка тўлдирадиган мўъжизадир. Бола бўлиш сеҳрдир, болалик эса ҳар қандай инсон ҳаётидаги энг сеҳрли дақиқалардир.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида «Ижтимоий фикр» Маркази барча болаларни табриклайди ва ҳар бир болага мустаҳкам соғлик ва беғубор болалик тилайди. Болаларнинг табассуми сайёрамизни нурафшон этаверсин, ҳар бир бола соғлом ва бахтли бўлсин!