367

Халқаро конференция

 

2022 йил 31 март куни Тошкентда Халқаро меҳнат ташкилоти  ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг мақсади - самарали ижтимоий мулоқот доирасида барқарор ва инклюзив бандликка кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, меҳнатни кучли ва самарали инспекциялаш, шунингдек, миллий қонунчилик базасини халқаро меҳнат стандартлари билан мувофиқликка келтиришни инобатга олиб, мажбурий меҳнатни янада тўлиқ бартараф этиш учун мамлакат салоҳиятини ошириш каби соҳалардаги ўсиш ва истиқболдаги хатти-ҳаракатларни ўрганиш эди.

Конференция ишининг асосий йўналишлари “Бандлик ва ижтимоий ҳимоя”, “Самарали давлат бошқаруви” ва “Ижтимоий мулоқот” секцияларида тақдим этилди.

Халқаро конференция ишида Халқаро меҳнат ташкилоти 
Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Кольер, 100дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар, Бирлашган Миллатлар ташкилоти (БМТ), Европа иттифоқининг (ЕИ) мутахассислари ва экспертлари иштирок этдилар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда бирор-бир ижтимоий аҳамиятли воқеа ва ислоҳотлар жамоатчилик фикрини инобатга олмасдан ўтказилмайди ва, одатда, жамоатчилик фикри сўровларининг натижалари ўтказилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тасдиқламоқда.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг чора-тадбирлар режасига мувофиқ ҳар йили “Одам савдоси: фуқароларнинг хабардорлиги, сабаблар ва қарши курашиш” ва “Мажбурий меҳнат фуқароларнинг тасаввурларида: хабардорлик, англаш, муносабат” мавзуларида социологик тадқиқотлар ўтказилади. Уларнинг мақсади одам савдоси, меҳнат қуллиги, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш сабаблари каби муаммолар тўғрисида фуқароларнинг хабардорлик даражасини аниқлаш, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш усуллари бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларини ўрганиш ҳисобланади.

Тадқиқотлар натижалари кўрсатганидек, фуқаролар ушбу жиноятлар турларининг ҳар қандай кўринишларига жуда салбий муносабат билдирмоқдалар ва фуқароларнинг меҳнат қуллигига тушиб қолишлари ҳамда ўз ишини йўқотишдан қўрқиб мажбурий меҳнатга розилик билдиришларининг олдини олишга ёрдам берадиган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқдалар.  

Сўровлар натижаларига асосан, фуқаролар аҳоли ўртасида маърифий ишларни кенг кўламда олиб бориш, маъмурий масъулият турларини қўллаш, катта миқдорда пул жарималари солиш, мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жазога тортиш тўғрисидаги моддаларни Жиноят кодексига киритиш, шунингдек, ишга жойлашиш ва легал меҳнат миграцияси учун шарт-шароитлар яратишни одам савдоси ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича асосий тадбирлар, деб ҳисоблайдилар.

Конференция ишида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ раҳбар ходимлари иштирок этдилар.