25.03.2022
350
Тошкент Халқаро инвестиция форуми
24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ўзининг кириш нутқида мамлакатимизда ўтган бир неча йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида тўхталди, шунингдек, кейинги тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Президентимиз Буюк ипак йўлининг марказидаги қадимий Мовароуннаҳр ҳудудида жойлашган Ўзбекистон кўплаб асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидан келган савдогарлар, ишбилармонлар ва тадбиркорларнинг эътиборини тортганини, қадимдан Осиё, Европа, Африка қитъалари орқали ўтган карвон йўллари кесишган ҳудуд сифатида машҳур бўлганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шарт-шароитлар яратиш, хорижий шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш борасидаги ишларни янада изчил давом эттириш тарафдори эканини таъкидлади.
Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиё минтақаси учун янги майдон бўлиб, унинг форматида халқаро инвестиция ва бизнес ҳамжамиятлари учун Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилади.
Ушбу форум интеграциялашишдан манфаатдор бўлган йирик хорижий инвестиция, молиявий-иқтисодий ташкилотлар ва компаниялар етакчиларини Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган бозорига жалб этишга қаратилган бўлиб, мамлакат ишбилармонлик муҳитининг янги тенденцияларини ўрганиш, Ўзбекистон тадбиркорларининг кейинги авлодини шакллантиришга ва уни ривожлантиришда фаол иштирок этишга кўмаклашиш, минтақавий ташаббуслар асосида логистика инфратузилмасини кенг кўламли қуришдан фойда кўрадиган аниқ лойиҳаларни аниқлаш ва амалга ошириш, шу жумладан Евроосиё савдо йўллари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётни эркинлаштириш давлат дастури тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий лойиҳалари ва хусусийлаштириш чора-тадбирларини тушунишни чуқурлаштириш, мамлакат ва қўшни минтақаларнинг бизнес вакиллари, молиявий ва ҳукумат тузилмалари билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун бошланғич нуқтага айланиш имкониятини тақдим этади.
Форумда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Одиль-Рено Бассо, Осиё тараққиёт банки Президенти Масацугу Асакава, Саудия Арабистони Қироллиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, Жаҳон савдо ташкилоти вице-президенти Сианчен Чжан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Халқаро молиявий корпорация вице-президенти Стефани фон Фридербург иштирок этади.
Тадбирда яшил энергетикадан тортиб то инновацион ишлаб чиқаришларгача, қишлоқ хўжалигидан тортиб то иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача турли мавзулар муҳокама қилинади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар яшаш ҳудуди, ёши ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, ўзбекистонликлар томонидан юқори баҳоланиб, қўллаб-қувватланмоқда, бу ҳақида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган "Ўзбекистон: жамоатчилик фикри-2021" мавзусидаги комплекс тадқиқоти натижалари далолат бериб турибди. Ушбу тадқиқот давомида фуқароларнинг мамлакат ва жамият ҳаётида содир бўлаётган ислоҳотларга муносабати ўрганилиб, минтақалар ва умуман мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига баҳо берилди.
Жамоатчилик фикрида мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз ишлашини ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаётганига, иқтисодиётни янада ривожлантиришга, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга ёрдам бераётганига ишониш устунлик қилмоқда.
Сўров натижалари фуқароларнинг мамлакатимизда иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ва бизнес юритиш учун шароитларни янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараларидан мамнун эканлигини тасдиқлаб турибди.
Фуқароларнинг фикрига кўра, мамлакат ўзининг агросаноат секторини сафарбар қилишга ва халқаро озиқ-овқат бозорида ўзининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришга муваффақ бўлди. Респондентлар томонидан коронавирус пандемиясига қарамай Ўзбекистонда кузатилаётган иқтисодиёт ривожланишининг юқори суръатлари, иқтисодиёт барча тармоқларининг ўсаётгани таъкидланди. Респондентларнинг фикрига кўра, мамлакатда инқирозга барҳам бериш юзасидан кўрилган чоралар самарали бўлди ва фуқаролар иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлар, халқ хўжалигининг ривожланиш даражаси ва суръатларидан мамнун.
Сўров иштирокчилари инновацион технологияларни жорий этиш соҳасидаги яхшиланишларни қайд этдилар, ушбу соҳа бугунги кунда ўзини истиқболли, иқтисодий жиҳатдан асосланган ва рақобатбардош соҳа сифатида кўрсатиб улгурди. Сўнгги вақтда қишлоқ хўжалиги жадал суръатлар билан модернизация қилинмоқда ва ривожланмоқда, аграр секторга бозор механизмлари ва илғор технологиялар жорий этилмоқда, фермерлик, чорвачилик ва тадбиркорликни ривожлантириш рағбатлантирилмоқда, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва уларни экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йил давомида рақобатни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилди.
Сўнгги йилларда ислоҳотлар жараёни фаол кечмоқда, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган, ишлаб чиқариш ва саноатни модернизация қилишга, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, минтақаларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий инвестицияларнинг фаол жалб этилишига ёрдам берган чуқур ўйланган пул-кредит сиёсати амалга оширилмоқда.
Чунончи, 23 март куни Тошкент вилоятида Қозоннинг "Химград" технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Чирчиқ" кимё-саноат технопаркининг очилиши маросими бўлиб ўтди, унинг фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди: юқори қийматга эга бўлган, ташқи бозорда харидоргир ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун инвестицияларни кенг жалб қилиш, шунингдек халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш. Технопаркда Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.
«ВР-Пласт» пластик ишлаб чиқариш компанияси, «Бионоватик» ўсимликларни ҳимоя қилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш компанияси ва «Натуральное здоровье» биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш компанияси технопаркнинг дастлабки резидентларига айланишди.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Қироллиги ўртасида савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар соҳасида ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши, "Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар" Ўзбекистон-Хитой инвестиция форуми, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар иштирокида Ўзбекистон бўйича мамлакат платформаси бўлиб ўтади.