322

Ўзбекистон фуқаролари гендер тенглиги тўғрисида

Гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири  ҳисобланади.

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бирига айланиб бормоқда: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини оширишга, уларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам беришга мамлакатнинг кейинги иқтисодий ўсиши, барқарорлиги ва демократик ривожланишининг энг муҳим шарти сифатида қаралмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва уларга эришиш бўйича изчил ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш энг юқори даражадаги аёллар вакиллигини кенгайтириш, гендер тенгсизлигини бартараф этиш, парламент, ҳукумат ва суд тизимида уларнинг сонини кўпайтириш йўналишида глобал жараёнларга мувофиқ амалга оширилмоқда

Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, аёлларнинг давлат бошқаруви ва қарор қабул қилишдаги иштироки жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишни сезиларли даражада тезлаштириш, қамбағалик ва ишсизликка қарши курашиш, аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, болаликни ҳимоя қилиш ва миллат саломатлигини мустаҳкамлаш қаратилган дастурларни қабул қилиш имконини беради.

Кўплаб тадқиқотларнинг  кўрсатишича, бу омил ҳам юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ривожланиш учун асос ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, аёл ва эркак ишчилар сони тахминан тенг бўлган меҳнат жамоалари, айниқса, жисмоний эмас, балки интеллектуал иш ҳақида гап кетганда, эркакларникига қараганда бир неча баравар юқори натижаларни кўрсатмоқда. Бундан ташқари, гендер тенглиги мамлакатнинг демократик ривожланиш даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади.

Жамиятнинг гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш Ўзбекистонда Гендер тенглигига эришиш стратегиясини амалга оширишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан гендер билимлари билан боғлиқ асосий ҳолатлар ва масалаларни аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотларни ўтказиш жуда долзарб бўлиб қолмоқда.

 

 «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимизда гендер тенглиги масалалари билан боғлиқ турли жиҳатлар, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётида гендер тенглиги, жамиятнинг барча соҳаларида, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ва фан соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг таъминланиши бўйича фуқароларнинг фикрларини ўрганишга қаратилган  «Ўзбекистон фуқаролари гендер тенглиги тўғрисида» мавзусида телефон сўрови ўтказила бошланди..

Сўров фуқароларнинг гендер тенглиги тушунчаси ҳақидаги тасаввурларини ва гендер тенглигини таъминлаш муаммосига қизиқишнинг намоён бўлишини, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида тасдиқланган эркаклар ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг тўлиқ тенглиги тўғрисидаги қоидаларнинг амалга оширилиш даражасини, фуқароларнинг гендер тенглигини таъминлаш муаммосига бўлган муносабатини аниқлаш учун мўлжалланган касбий фаолият ва масъулиятни эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида тақсимлаш, олий маълумотга устунлик бериш, фуқароларнинг гендер тенглиги намоён бўлишидан хабардорлиги, кундалик ҳаётдаги тенгсизликлар ва гендер тенглигини таъминлаш учун давлат органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни аниқлаши керак.