07.08.2026
15
CATI ТАДҚИҚОТЛАРИДА МУЛОҚОТ МАДАНИЯТИ ВА СИФАТ НАЗОРАТИ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг CATI тадқиқотлари бўлимида навбатдаги ички амалий ўқув-тренинг машғулоти ўтказилди.
Машғулот Марказ низоми, тасдиқланган ички йўриқномаларнинг тадқиқот этикаси тамойилларига мувофиқ ташкил этилди. Унинг асосий мақсади телефон орқали компютерлаштирилган сўровларни ўтказишда операторларнинг касбий мулоқот кўникмаларини ривожлантириш, CATI платформасидан самарали фойдаланиш ва йиғиладиган маълумотлар сифатини оширишдан иборат бўлди.
Тренинг давомида операторларнинг сўровнома сценарийси ва анкета тузилиши билан ишлаши, саволларни белгиланган кетма-кетликда ва холис оҳангда ўқиши, респондентларнинг жавобларини тизимга аниқ киритиши бўйича амалий машқлар бажарилди. Респондентни суҳбатга жалб қилиш, эътирозларга асосли муносабат билдириш, мулоқот этикасига риоя қилиш ва сўровда иштирок этишдан бош тортиш ҳолатларини камайтириш усуллари кўриб чиқилди.
Онлайн ва офлайн аудиоёзувларни мониторинг қилиш жараёнида операторларнинг нутқ оҳанги, савол бериш услуби, суҳбатни бошқариш маҳорати ҳамда жавобларни қайд этиш сифати баҳолаш варақалари асосида таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, телефон рақамлари базаси билан ишлаш, қайта қўнғироқ қилиш тартиби ва қўнғироқ натижаларини «банд», «жавоб бермади», «қайта қўнғироқ қилиш» ҳамда «рад этди» ҳолатлари бўйича тизимда тўғри қайд этиш кўникмалари мустаҳкамланди.
Ўқув-тренинг CATI операторлари фаолиятида ягона иш тартибини шакллантириш, телефон интервьюларининг сифатини ошириш ва олинадиган социологик маълумотларнинг ишончлилигини таъминлашга хизмат қилди.







