07.08.2026
3
ДАЛА ТАДҚИҚОТЛАРИДА МАЪЛУМОТЛАР СИФАТИ ВА ИШОНЧЛИЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлимида ички амалий ўқув-тренинг машғулоти ўтказилди.
Машғулот Марказ низоми, тасдиқланган ички йўриқномалар, ISO 20252 халқаро стандарти ҳамда ESOMAR дастурининг тадқиқот этикаси тамойилларига мувофиқ ташкил этилди. Унинг асосий мақсади юзма-юз сўровлар жараёнида маълумотларнинг ҳаққонийлиги, анкеталарнинг тўлиқлиги ва тадқиқот натижаларининг ишончлилигини таъминлашдан иборат бўлди.
Тренинг давомида интервюерларнинг респондентларни белгиланган танланма асосида саралаши, квоталарга қатъий риоя қилиши ва саволларни холис тарзда беришига доир амалий кўникмалари мустаҳкамланди. Интервю жараёнида респондентнинг ҳуқуқлари, шахсий чегаралари ва маълумотлар махфийлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сифат назорати доирасида тўлдирилган анкеталарни тўлиқ мантиқий ва формал текшириш, жавоблардаги номувофиқликлар, ўтказиб юборилган саволлар ва техник хатоларни аниқлаш тартиби кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда маълумотларни кейинги таҳлил босқичига тайёрлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Амалий машғулотларда дала тадқиқотлари жараёнида учрайдиган муаммоли вазиятлар таҳлил қилиниб, интервьюерлар фаолиятини назорат қилиш ва анкеталар сифатини баҳолаш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Дала тадқиқоти далолатномалари, назорат варақалари ва ҳисобот ҳужжатларини белгиланган талаблар асосида расмийлаштириш кўникмалари такомиллаштирилди.
Ўқув-тренинг дала тадқиқотларида ягона иш тартибини мустаҳкамлаш, маълумотларни йиғиш ва текшириш жараёнларининг сифатини ошириш ҳамда жамоатчилик фикрига доир натижаларнинг ишончлилигини таъминлашга хизмат қилди.




