07.08.2026
4
ОНЛАЙН ТАДҚИҚОТЛАРДА МАЪЛУМОТЛАР ИЗЧИЛЛИГИ ВА РЕСПОНДЕНТЛАР БИЛАН БАРҚАРОР ҲАМКОРЛИК
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг Онлайн тадқиқотлар бўлими «IF-ONLINE» ходимлари учун ички амалий ўқув-тренинг машғулоти ўтказилди.
Машғулот Марказ низоми ва ички йўриқномалари, ISO 20252 халқаро стандарти ҳамда ESOMAR дастурининг тадқиқот этикаси, махфийлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тамойиллари асосида ташкил этилди.
Тренингдан кўзланган асосий мақсад онлайн ва оффлайн тадқиқотларида иштирок этувчи респондентлар базасини самарали бошқариш, уларнинг тадқиқотларда мунтазам иштирокини таъминлаш ҳамда турли даврларда тўпланган маълумотларнинг изчиллиги ва ишончлилигини оширишдан иборат бўлди.
Машғулот давомида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
- онлайн тадқиқотларга янги иштирокчиларни белгиланган мезонлар асосида жалб қилиш;
- онлайн тадқиқотлар базасидаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш;
- тадқиқотлар таркибини шакллантириш ва ротация жараёнларини тўғри ташкил этиш;
- респондентлар билан доимий ва тизимли алоқани йўлга қўйиш;
- респондентларнинг тадқиқотларда барқарор иштирокини рағбатлантириш;
- турли тадқиқот тўлқинларида берилган жавобларни қиёсий таҳлил қилиш;
- маълумотлардаги такрорийлик, тафовут ва мантиқий номувофиқликларни аниқлаш;
- натижаларнинг вақтлараро изчиллиги, такрорий тасдиқланиши ва ишончлилигини баҳолаш;
- респондентларнинг шахсий ҳамда контакт маълумотларини махфий сақлаш.
Амалий машғулотларда янги респондентларни жалб қилиш, респондентларнинг тадқиқотлар базасидан чиқиб кетиш ҳолатларини камайтириш ва улар билан узоқ муддатли алоқани сақлаш механизмлари муҳокама қилинди. Иштирокчиларнинг қизиқишини қўллаб-қувватлашда бонуслар, совғалар ва содиқлик дастурларидан мақсадли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Тренингда тадқиқот этикасига риоя қилиш, респондентларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш, маълумотлардан фақат белгиланган тадқиқот мақсадларида фойдаланиш ҳамда уларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик талабларига алоҳида урғу берилди.
Ўқув-тренинг онлайн тадқиқотлар бўлими «IF-ONLINE» ходимларининг касбий компетенцияларини ривожлантириш, респондентлар базасини бошқариш механизмларини такомиллаштириш, маълумотларнинг вақтлараро изчиллигини таъминлаш ва респондентлар билан ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.



