146

ЎЗБЕКИСТОН: ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ – 33 ЙИЛЛИГИ ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ КЎЗГУСИДА

Ўзбекистон мамлакатимиз ва жамият ҳаётидаги муҳим тарихий сана ҳисобланган мустақилликнинг 33 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

«Ижтимой фикр» РЖФЎМ юртимиз учун анъанавий бўлиб қолган, 2024 йилнинг миллий онг учун асосий воқеаси – Мустақиллик кунини нишонлашга бағишланган жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Тадқиқот давомида олинган маълумотлар ўзбекистонликларнинг муҳим сана арафасидаги ижтимоий кайфиятини, фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига берган баҳосини, турли минтақалар аҳолисининг улар ҳаётида, жамиятда, умуман давлатда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги фикрларини акс эттиради. Тадқиқотнинг устувор йўналишларидан бири ўзбекистонликларнинг Мустақиллик кунига бўлган муносабатини ва улар ушбу давлат байрамига қандай мазмун беришини аниқлашдан иборат бўлди.

Марказ томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари шуни тасдиқлаб турибдики, Мустақиллик куни байрами нишонланиб келаётган барча йиллар мобайнида ушбу сана Ўзбекистон ўз тараққиётининг ҳар бир босқичини босиб ўтгани сайин тобора кўпроқ рамзий маъно касб этмоқда.

Мустақиллик куни ўз мамлакати, унинг тарихи ва анъаналари, маданий мероси ва маънавий қадриятлари билан фахрланадиган, Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги, фаровонлиги, барқарорлиги ва равнақи учун ўз масъулиятини аниқ англайдиган барчани бирлаштиради.

1 сентябрь кўп миллатли Ўзбекистон халқининг озодлиги, тарихий ва маънавий-ахлоқий бирлиги рамзига айланди.

Мустақиллик кунида биз ҳозирда нима билан фахрланишимиз мумкинлигини, бугунги кунда мамлакатимиз қандай ютуқларга эришганини, ушбу ютуқларни амалга ошириш учун нималар қилинганини ва мамлакатимиз ҳаётнинг барча соҳаларда юксак тараққиёт даражасига эришиши ва ҳар биримизнинг ҳаётимиз янада яхшироқ, янада бахтлироқ бўлиши учун яна нималар қилиш кераклигини тушуниш ва қайта баҳолаш алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистонликлар орасида бугунги кунда республикамиз эришган ютуқларда сиёсий тизим ва давлат бошқарувини такомиллаштиришга, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ҳаёт даражасини оширишга, фуқаролар турмушининг сифатини яхшилашга қаратилган янги йўналишни барпо этишга киришган мамлакат Президенти Ш.M.Мирзиёевнинг хизматлари улкан деган тасаввур устунлик қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон мустақиллиги янгича кўринишда намоён бўлмоқда: давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юз бермоқда, Ўзбекистон ҳаёт кечириш учун қулай мамлакатга айланмоқда, иқтисодиётни қайта қуриш, уни халқ фаровонлиги йўлида қайта йўналтириш босқичма-босқич амалга оширишлмоқда. Президентимиз Ўзбекистонни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг ташаббускори ва ғоявий илҳомлантирувчиси бўлиш билан бирга Ватанимизни ўзгартириш ва у янги қиёфа касб этиши учун Ўзбекистон жамиятининг барча кучларини бирлаштирган ҳолда муҳим бирлаштирувчи ролни ўйнайди.

«Ижтимой фикр» РЖФЎМ томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни тасдиқлаб турибдики, Ўзбекистон жамияти, унинг ҳозирги ҳолати, фуқаролар эга бўлган имкониятларни бир неча ўн йиллар олдинги ҳолат билан таққослаб бўлмайди. Эришилган юксак натижалар фуқароларда Ўзбекистон мустақил, обод, замонавий, бой, юксак салоҳиятга ва халқаро майдонда юксак нуфузга эга мамлакатга айланишига ишонч уйғотмоқда.

Муҳим сана арафасида ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, Мустақиллик куни миллий ўзига хосликни шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлиб, жамият онгида демократик қадриятлар илдиз отишига, жамиятда миллий бирлик ва тотувликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини қўлга киритиши жамоатчилик фикрида олий қадрият, давлатимиз мавжуд бўлиши ва ривожланишининг асоси сифатида қабул қилинади. Мамлакат учун ушбу муҳим сана аксарият ўзбекистонликлар қалбида акс-садо бермоқда. Мустақиллик куни арафасида фуқаролар яхши, қувноқ, байрамона кайфиятда бўлишади. Жамиятда ижобий ҳис-туйғуларнинг устунлиги ва байрамга бўлган ижобий муносабат бой тарихий ўтмиш вориси ва ўз мамлакати келажагининг фаол яратувчиси сифатида миллий ўзига хосликни чуқур англаш билан изоҳланади.

Байрам арафасидаги кўтаринки кайфият, қувончли воқеадан завқланиш, бахт ва ҳаётдан қониқиш ҳисси мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аксарият фуқаролар, шаҳарлар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар, ўрта ва катта ёш вакиллари учун хосдир. Мустақиллик куни ўзбекистонликлар учун ўзгача байрам, яъни танлаш эркинлиги ва янги тарихий шароитларда мустақил ривожланиш тимсоли ҳисобланади. Мустақиллик янги имкониятларни очиб, фуқароларни Ватан бахт-саодати ва равнақи йўлида янги марралар сари руҳлантиради.

Ўзбекистон иқтисодиётни ислоҳ қилиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мамлакат минтақаларини ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш, иқлим ўзгариши ва коррупцияга қарши курашиш масалаларини ҳал этиш жараёнларини изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлидан дадил одимламоқда. Мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеи мустаҳкамланиб, инвесторлар ва йирик халқаро корпорацияларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бормоқда, савдо ва саноат соҳасидаги ҳамкорликнинг кенг истиқболлари очилмоқда. Мамлакатимизда ислоҳотлар дастури билан қамраб олинмаган соҳалар ёки тармоқлар қолмаган.

Сўров натижалари шуни тасдиқлаб турибдики, мамлакатдаги туб таркибий ўзгаришларнинг асосий натижаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётидаги ижобий ўзгаришлардан иборат бўлди. Сўров иштирокчилари бугуннинг ўзидаёқ мамлакатдаги вазиятни ўзгартириб, одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо беришмоқда, уларга муваффақиятли ишга жойлашиш, замонавий таълим олиш, мансабда ўсиш ва ижодий ўзини намоён қилиш имкониятлари очилмоқда.

«ЎЗБЕКИСТОН — 2030» СТРАТЕГИЯСИ доирасида «ЁШЛАР ВА БИЗНЕСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ»да кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида вилоятлар, туманлар ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Тадқиқот давомида минтақалар аҳолиси томонидан ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигига берилаётган баҳолардаги ижобий тенденциялар аниқланди, шу билан бирга баъзи ҳудудларнинг нотекис ривожланаётганидан далолат бераётган айриб номутаносибликлар кузатилмоқда. Сўров давомида аҳолининг ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши уларнинг ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётгани тўғрисида билдирган фикрлари минтақалар ўртасидаги мавжуд тафовутларни янада камайтириш, келажакда уларнинг янада барқарор ривожланишини таъминлаш учун самаралироқ стратегияни ишлаб чиқиш имконини беради.

Турли давлат муассасалари ва тузилмалари фаолиятининг натижадорлиги ва самарадорлиги, фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги вазиятдан қониқиш ҳосил қилиш даражасини аниқлаш аҳоли турмушининг юқори даражаси ва сифатига эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Сўров натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгига Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг кўплаб соҳаларида юксак натижаларга эришди, деган фикр сингиб кетган.

Аксарият ўзбекистонликлар (77,9%) мамлакатимиз бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида салмоқли ютуқларга эришмоқда, деган фикрни билдиришди. Фуқаролар Давлатимиз раҳбарининг барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришиш, жумладан, минтақада давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш чора-тадбирларини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, баҳсли чегара масалаларини ҳал этиш ва сув хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишлардаги ташаббусларини юксак баҳолашади. Респондентларнинг фикрича, мамлакатимиз Президенти томонидан амалга оширилаётган чуқур ўйланган, конструктив ташқи ва ички сиёсат мамлакатимиз ҳамда минтақамизда тинчлик ва тотувликни сақлашга хизмат қилмоқда, давлатимизни янада модернизация қилиш учун асос бўлмоқда.

Жамоатчилик фикрида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришгани тўғрисидаги тасаввур кенг тарқалган. Сўров иштирокчилари сўнгги вақтда аҳолининг турмуш даражаси ўсганини, фуқароларнинг даромадлари ошганини, кўплаб оилалар ўз турмуш шароитини яхшилаб, турмушнинг юқори даражасини таъминлай олганини таъкидлашмоқда. Респондентлар ижобий ўзгаришларни иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари, кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш бўйича самарали чора-тадбирларнинг қабул қилинганлиги, янги иш ўринларининг яратилганлиги ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг рағбатлантирилаётгани билан боғлашмоқда. Респондентлар бугунги кунда ушбу ўзгаришларни, ўз касбий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, фаровонлигини ошириш, тобора хилма-хил эҳтиёжларни қондириш учун очилаётган янги имкониятларни ўзида ҳис қилмоқдалар. Буни 74,7% ўзбекистонликлар таъкидлашди.

74,2% фуқароларнинг фикрига кўра, мамлакатимиз оммавий спорт, жисмоний тарбия ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришди. Сўров иштирокчиларининг таъкидлашларича, бугунги кунда Ўзбекистон чинакам спорт мамлакатига айланиб бораяпти, республикада жисмоний тарбия ва спорт учун шароит яратиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ҳар томонлама ривожланган ёшларни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар ўзининг юксак спорт салоҳиятини бутун дунёга намойиш этган ҳолда нуфузли халқаро мусобақаларда юксак ғалабаларга эришишмоқда. Респондентлар 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган тарихий натижалар спорт ва олимпия ҳаракати жадал суръатлар билан ривожланаётганидан яққол далолат бераётганини фахр билан таъкидлашди.

Сўров давомида 71,7% фуқаролар таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этишди, уларнинг фикрича, сўнгги вақтда таълим муассасалари ишидa, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни замонавий талаблар асосида такомиллаштиришда, ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида мақбуллаштиришда, болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар ва лицейлар, институтлар ва университетларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришилди. Ижобий мисоллар сифатида респондентлар, жумладан хусусий сектор улушининг ортиши ва нуфузли хорижий олий ўқув юртлари филиалларининг очилиши ҳисобига олий ўқув юртлари ва болалар боғчалари сонининг кўпайганини келтирдилар.

Кичик ва ўрта бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришдаги муваффақиятларни сўнгги пайтлардаги асосий ютуқлар деб айтган фуқароларнинг улуши 65,3 фоизни ташкил қилди. Уларнинг фикрича, мамлакатимизда хусусий секторни шакллантириш ва ривожлантириш, кичик ва ўрта корхоналар сонини ошириш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозорда талаб катта бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Сўров давомида фуқаролар давлатнинг яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан савдо-иқтисодий, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш, турли соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирларини юқори баҳолашди. Респондентларнинг минтақада яратилаётган халқаро транспорт коридорлари ва халқаро транспорт инфратузилмаси мамлакатимизнинг халқаро бозорларга чиқишига имкон берадиган муҳим йўналиш эканлигига ишончи комил. 63,9% фуқаролар шундай фикрда.

60,5% респондентлар соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббий хизматларнинг сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш, юқори малакали шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларини тайёрлашда эришилган ютуқларни қайд этишди. Фуқароларнинг фикрига кўра, сўнгги пайтларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ошди, амалга оширилаётган комплекс профилактика, эпидемияга қарши ва санитария-гигиена чоралари эса хавфли инфекцияларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишидан ҳимоя қилишни таъминлаш имконини беради.

54,7% респондентлар фан ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва инновация ишларини рағбатлантириш, илмий ютуқларни амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, замонавий юқори технологиялар марказлари ва технопаркларни қуриш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этишмоқда.

Шунингдек, мамлакат фуқароларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликка барҳам бериш каби соҳаларда сезиларли ижобий ўзгаришлар тўғрисидаги фикрлари ҳам аниқланди.

Умуман олганда, ўзбекистонликлар мамлакатимизда давлат ва жамиятни янада ривожлантириш, иқтисодиётда бозор муносабатларини шакллантириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, турмуш даражасини ошириш ва аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни ижобий баҳолашмоқда.

Кенг кўламли ислоҳотлар зарур, аммо уларни амалга ошириш осон эмас, ҳатто қулай шароитларда ҳам, олинган натижалар аҳолининг айрим қатламлари учун маъқул бўлиши, бошқалари учун эса оғриқли бўлиши мумкин, баъзи фуқаролар барча янги нарсаларни тезда қабул қилишади ва юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий воқеликка осонгина мослашадилар, кимгадир ўзгарган воқеликни қабул қилиш ва унда яшашга кўникиш учун вақт талаб этилади, аҳолининг бир қисми учун янги тизимга мослашиш ва одатланиш жараёнлари объектив ва субъектив сабабларга кўра юзага келадиган муайян қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин ва улар давлат органларининг кўмагига муҳтож.

«Сизнингча, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар қандай суръатларда амалга оширилмоқда» деган саволга жавоб берар экан, 48,4% респондентлар, уларнинг фикрига кўра, ислоҳотлар суръатлари «мақбул» эканлигини таъкидлашди. Ушбу тоифадаги фуқаролар учун мослашиш жараёнлари анча муваффақиятли кечмоқда, улар ўзгарган муҳит шароитларини тўлиқ англашмоқда ва янги «ўйин қоидалари»ни қабул қилишмоқда.

Мамлакатда ислоҳотлар «жуда тез суръатлар» билан амалга оширилмоқда деб ҳисоблайдиган фуқароларнинг улуши 38,3%ни ташкил этади, аҳолининг ушбу қисми янги шароитларда яшашга мослашмоқда, аммо содир бўлаётган воқеалар улар учун нафақат ижобий оқибатларга, балки даромадларнинг вақтинча пасайиши, одатдаги ишнинг йўқотилиши, ўтиш даври билан боғлиқ руҳий қийинчиликларда ўз ифодасини топадиган салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.

Ҳар ўнинчи респондент ислоҳотлар секин суръатлар билан давом этаётганини таъкидлади, бу аҳолининг жамиятнинг «авангарди» деб аташ мумкин бўлган қисми, булар ўзгаришга тайёр, давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ҳолда ислоҳотлар жараёнига фаол хизмат қилаётган фуқаролардир.

Умуман олганда, ўзбекистонликлар мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнларига мослашиш жараёнини анча муваффақиятли ўтказишмоқда, шу билан бирга муайян қийинчиликларни бошдан кечираётган ва янги воқеликда ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара ололмаётган аҳоли тоифаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари, фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, соҳани ўзгартириш ва қайта йўналтиришга кўмаклашиш, янги мутахассислик ва юқори малакага эга бўлиш имконини берадиган юқори сифатли таълим олиш учун кенг имкониятлар яратиш, корхона ва ташкилотларда кадрлар иерархиясининг тушунарли тузилмаси, ишга жойлашишдаги коррупцияга барҳам бериш нафақат аҳолининг мослашиш қобилиятини ва ижтимоий ҳаракатчанлигини оширишга имкон берадиган, балки жамиятда давлат тузумининг адолатли эканлигига бўлган ишончни мустаҳкамлайдиган, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви вакилларига бўлган ишончини оширадиган, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг амалга оширилишига, уларнинг жамиятда қабул қилиниши ва қўллаб-қувватланишига ижобий таъсир кўрсатадиган чора-тадбирлар ҳисобланади.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, фуқаролар мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, мамлакат иқтисодиёти ва инвестиция салоҳиятини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида хизматлар сифатини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон-2030 стратегиясини амалга ошириш доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Ўтказилган тадқиқот яқин келажакда алоҳида эътибор қаратилиши керак бўлган соҳалар ва йўналишларни аниқлаб берди.

Жамият онгида мамлакатда рўй бераётган иқтисодий, сиёсий ва технологик жараёнлардаги ўзгаришлар интеллектуал капитални фаоллаштиришни, таълим ва илм-фанни интеграциялашни, ўқув жараёнида билимлар беришнинг узлуксиз жараёнини ташкил этишни, илмий-техник маълумотларни илмий марказлардан иқтисодиётнинг реал секторига узатишни, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлаш учун фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишни талаб қилишини тушуниш устунлик қилади. Тадқиқот иштирокчиларининг таълим тизимини такомиллаштириш ва илмий тафаккурни ривожлантириш, ёш олимларни рағбатлантириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш зарурлигига ишончи комил.

Сўров давомида респондентлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, нафақалар миқдорини ошириш ва ижтимоий муаммоларни мустақил ҳал қилиш имконига эга бўлмаган ва давлат кўмагига муҳтож бўлган аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини моддий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чораларини таъкидладилар. Шу билан бирга, сўров иштирокчилари ижтимоий ёрдамнинг хайрия шаклларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида суғуртани ривожлантириш зарурлигини таъкидлашди.

Фуқароларнинг фикрига кўра, бизнеснинг мамлакат минтақалари иқтисодиётини ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган турларини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш зарур.

Тадқиқот иштирокчилари ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирар экан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидладилар, респондентлар табиатни муҳофаза қилиш фаолиятни фаоллаштириш ва долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишнинг муҳимлигини, транспорт, алоқа ва энергетика инфратузилмасини яхшилаш бўйича бошланган ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Жамоатчилик фикрида сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузининг тубдан ўзгараётгани ҳақидаги тасаввур устунлик қилмоқда ва Ўзбекистоннинг минтақада ҳам, дунёда ҳам мавқеи кучайиб бораётгани таъкидланмоқда. Фуқароларнинг фикрича, Давлатимиз раҳбарининг чуқур ўйланган, конструктив ташқи ва ички сиёсати, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш доирасида эришилган ютуқлар мамлакатимиз обрўсининг юксалишига, нуфузининг яхшиланшига хизмат қилмоқда. Сўров иштирокчиларининг шунга ишончи комилки, бугунги кунда мамлакатимиз дунёда демократик тараққиёт йўлини танлаган, фуқаролик жамияти шаклланаётган ва асосий устувор вазифа фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ҳаётнинг барча соҳаларига инновацион технологияларни жорий этиш чоралари амалга оширилаётган, минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича фаол қадамлар ташланаётган давлат сифатида қабул қилинмоқда.

Сўров натижаларига кўра, аксарият ўзбекистонликлар мамлакатимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ва дунёда муносиб ўринга эга бўлган суверен мустақил давлат эканлигидан миллий ғурур ҳиссини туймоқда. Бу мамлакат учун, Президент учун, халқимиз учун ва Ўзбекистон ривожланиб бораётгани, бир жойда турмасдан, янги ва янги марраларни забт этаётгани учун фахр ҳиссидир.

Тадқиқот натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, мамлакат фуқаролари кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашмоқда, аҳолининг катта қисми, ижтимоий ва моддий қатлами, бандлик соҳаси ва дини, жинс ва ёш хусусиятлари, яшаш жойидан қатъи назар, давлат ва жамият ҳаётининг кўплаб соҳаларини ислоҳ қилишнинг юксак даражада ва самарали эканлигини таъкидлашмоқда. Айнан ушбу ютуқлар кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ўз билимлари, кучи ва тажрибасини Ватанининг янада жадал ривожланиши учун сарфлаган ҳолда давлат ва жамият ишларида янада фаол иштирок этишига жиддий туртки бўлмоқда.