06.12.2024
37
«8 ДЕКАБРЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ»
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ ўзбекистонликларнинг мамлакат Асосий Қонунига муносабатини, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онги даражасини, шунингдек, фуқароларнинг мамлакатимизда конституциявий ҳуқуқларнинг таъминланиши ҳақидаги ўрни ва аҳамиятини аниқлашга бағишланган тадқиқот ўтказди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, 2023 йил 30 апрелда умухалқ овоз бериши йўли билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилингани нафақат туб ҳуқуқий ва давлат ўзгаришлари, балки чуқур мафкуравий ўзгаришлар билан бирга давлат қурилишининг янги босқичини бошлаб берди. Конституция ижтимоий ривожланишнинг глобал тенденцияларига жавоб берадиган ҳуқуқий тафаккур ва амалиётнинг энг яхши ютуқларини акс эттирди, инсоният ва конституционизмнинг кўп асрлик тажрибаси асосида ишлаб чиқилган кўплаб асосий қадриятларни бирлаштирди.
"Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади”. Давлат Раҳбари Ш.М. Мирзиёев алоҳида қайд этишича, “том маънода халқчил қомус бўлган Асосий Қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади”.
Асосий ҳуқуқий ютуқлардан бирига айланган янгиланган Конституция қонун устуворлиги тамойиллари ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг энг олий қадриятига, демократия ва эркинлик, тенглик ва ижтимоий адолат идеалларига, давлатчилигимиз ривожидаги уч минг йилдан ортиқ тарихий тажрибага, шунингдек, буюк аждодларнинг илмий, маданий ва маънавий меросига асосланган конституциявий тузилиш намунасини намойиш этди. Асосий Қонуннинг янги таҳририда бешта асосий қоида – Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат ҳисобланиши белгилаб қўйилди..
Сўров натижаларининг кўрсатишича, Ўзбекистон Конституцияси куни қабул қилинган тарихий сана Ўзбекистон Конституцияси қабул қилингани билан бевосита боғлиқлигини ўзбекистонликлар яхши эслашади ва билишади.. Сўров иштирокчиларининг фикрича, бу сана Ўзбекистон ўзининг демократия, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги ғояларига содиқлигини эълон қилган кун сифатида мамлакатимиз тарихида абадий сақланиб қолган.
Конституция куни жамиятда катта ижтимоий-сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган муҳим давлат байрами сифатида қабул қилинади. Бу Асосий Қонуннинг мамлакатни ривожлантириш ва уни модернизация қилишдаги аҳамиятини ҳар томонлама тушуниш учун яна бир сабабдир.
Тадқиқот жараёнида ўзбекистонликларга қуйидаги саволга жавоб бериш таклиф қилинди: «Шахсан сиз учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нимани англатади?». Олинган натижалар сўралганлар ўртасидаги фикрларнинг рангбаранглиги ва хилма-хиллигидан далолат беради, жамоатчилик фикрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат мустақиллиги ва суверенитетининг рамзи, унинг қабул қилиниши мамлакатнинг демократик ижтимоий демократик сифатида конституциявий ривожланишида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди, унда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва уларни амалга ошириш кафолатлари энг олий қадрият, жамият ва давлатнинг мақсади ҳисобланади деган фикр устунлик қилади. Бу фикрга 89,9% сўралганлар қўшилади.
Мамлакат Конституцияси ўзлари учун тарихий ютуқ ва миллий ғурур рамзи ҳисобланувчи фуқароларнинг улуши 87,3 фоизни ташкил қилади. Сўров иштирокчиларининг фикрича, Конституция Ўзбекистон халқининг ютуғи, унинг ўзига хос ва муносиб мавқега эга бўлиш, мустақил ривожланиш ва ўз қадриятларини ҳурмат қилиш ҳуқуқини тасдиқлашдир.
Сўров жараёнида 78,9% фуқаролар Конституция улар учун биринчи навбатда давлатнинг Асосий Қонуни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш кафолати, жамиятимизнинг цивилизациялашган демократик тараққиёт йўлидаги ҳаракати учун қўлланма эканлигини таъкидладилар.
77,5% сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, улар учун Конституция мамлакатимизнинг ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир фуқароси кундалик ҳаётида амал қилиши керак бўлган қонунларни белгилаб берувчи энг муҳим ҳужжат ҳисобланади..
Умуман олганда, олинган сўров натижаларига амал қилиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, Конституция мамлакат фуқаролари учун чуқур маънога эгадир, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиёти эҳтиёжларига жавоб берадиган асосий қонундир, кўп миллатли Ўзбекистон халқи менталитетининг, унинг ривожланиш истиқболлари, фуқароларнинг умидлари ва интилишлари ҳақидаги тасаввурларнинг инъикосидир, барқарорлик ва давлат тараққиётининг рамзи, қонунийлик ва адолат тамойилларига асосланган жамиятимиз қурилаётган пойдевордир.
Сўров жараёнида 87,7% ўзбекистонликларнинг таъкидлашича, Конституция мамлакатимиз ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эгадир, чунки у барча қонунларнинг асоси, фуқароларнинг ўзаро ҳамда фуқаролар ва умуман давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликнинг пойдевори ҳисобланади. Конституция демократик асосларни яратади, асосий ҳуқуқлар ва ижтимоий адолатни кафолатлайди, дунёвий, демократик, мустақил давлат тизимига асос солади, мамлакатни бошқариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, демократик институтларнинг ишлашини таъминлаш учун қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Сўров жараёнида мамлакат фуқароларининг Конституцияни билиш даражаси аниқланди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, умуман олганда, респондентлар Асосий Қонун ҳақидаги ўз билимларини ижобий баҳолайдилар:
33,3% сўралганларнинг қайд этишшича, уларнинг билим даражаси "юқори" ҳисобланади, 30,7% сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, уларнинг Конституция ҳақидаги билимлари ўртача даражадан юқоридир, 26,6% респондентларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлар ҳақидаги билимлари ўртача даражага мос келади.
Умуман олганда, олинган натижаларнинг кўрсатишича, ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқлари ҳақида яхши хабардорликка эгадир, ҳуқуқий билим даражаси фуқароларга мамлакат ва жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, фуқаролик, ижтимоий ва маданий ҳаётида тўлиқ иштирок этиш имконини беради, уларнинг салоҳиятини ва ўзини ўзи рўёбга чиқишини ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистонда конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қонунчиликка инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўровда жараёнида фуқароларнинг мамлакатдаги ҳуқуқий ҳимоя даражаси, ўзбекистонликларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг мумкин бўлган бузилишларидан ўзларининг ҳимояланганлигини қай даражада ҳис қилишлари ҳақидаги фикрлари аниқланди. Олинган маълумотларга кўра, сўралганларнинг аксарияти ўзларининг ҳуқуқий ҳимояланганлигига ишонишади. Шундай қилиб, олинган маълумотларнинг кўрсатишича, жамоатчилик фикрида мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинади деган фикр устунлик қилади.
Умуман олганда, сўров жараёнида олинган натижалар жамоатчилик фикрида Конституция куни фуқаролар учун устувор аҳамиятга эга деган тасаввур устунлигини тасдиқлайди, чунки Асосий Қонун давлатимизнинг пойдевори ҳисобланади ҳамда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилайди.
Фуқароларнинг шунга ишонадиларки, Конституция давлатчиликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ривожлантиришни таъминлайди, конституциявий адолатни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқий тизимни модернизация қилиш учун шароит яратади.
Конституциявий нормалар жамиятнинг ҳуқуқий ривожланишининг қонуниятлари ва мантиғини акс эттирувчи таркибий ўзгаришлар учун қўлланма бўлиб хизмат қилади. Амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот нафақат мамлакат тараққиётига ҳисса қўшади, балки фуқароларга ижобий таъсир кўрсатади, қонун устуворлиги билан бошқариладиган, қонун олдида ҳамма тенг бўлган ва Конституция фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар очадиган давлатда яшаш имкониятини беради.