6

ФУҚАРОЛАР ОДАМ САВДОСИ ТЎҒРИСИДА:ХАБАРДОРЛИК, САБАБЛАР, ОҚИБАТЛАР ВА ҚАРШИ КУРАШИШ

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан замонамизнинг энг кескин ва ташвишли муаммоларидан бири — одам савдоси масалаларига бағишланган тизимли, ҳар томонлама ва илмий жиҳатдан асосланган мониторинг тадқиқотлари ўтказилмоқда. Ушбу муаммо нафақат фуқароларимиз ва жамиятимиз хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, балки адолатли равишда халқаро ҳамжамиятни ҳам ташвишлантирмоқда.

РЖФЎМ томонидан ўтказилаётган сўровлар ижтимоий кайфият динамикасини ва фуқароларимизнинг ҳам мамлакат ичида, ҳам унинг ташқарисида дуч келаётган ҳақиқий хавфларни идрок этишини акс эттириб, алоҳида долзарблиги ва ўз вақтидалиги билан ажралиб туради. Глобаллашув, миграция оқимининг ўсиши ва ижтимоий ўзгаришлар шароитида бундай тадқиқотлар ташхислаш  ва таҳлилнинг қудратли воситасига айланмоқда.

Сўровлар давомида олинган маълумотлар юқори даражада амалий аҳамиятга эга бўлиб, ваколатли органлар ва манфаатдор тузилмалар томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш бўйича янада самарали, мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда; унинг барча кўринишларини аниқлаш ва олдини олишда, ижтимоий-иқтисодий соҳалардан тортиб то маданий ва институционал соҳаларгача эксплуатацияни  келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этишда фойдаланилиши мумкин.

Тадқиқотнинг асосий мақсади ва вазифалари одам савдоси муаммоси тўғрисида фуқароларнинг хабардорлик даражасини; одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг сабаблари ва оқибатларини; одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисида фуқароларнинг фикрини мониторинг тартибида аниқлашдир

Сўровнинг мамлакат миқёсидаги репрезентативлиги кўп босқичли стратификацияланган танловдан фойдаланиш, шунингдек, туманлар, аҳоли манзиллари, маҳаллалар, уй хўжаликлари ва респондентларнинг тасодифий танлови орқали таъминланади. Маълумотларни тўплаш ягона стандартлаштирилган саволнома ёрдамида бевосита уйда, респондент билан юзма-юз сўров ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўровларининг мониторинги шуни кўрсатдики, аҳолининг одам савдоси ҳақидаги хабардорлиги сўнгги йилларда барқарор юқори даражада бўлиб қолмоқда.  Респондентларнинг аксарияти ушбу муаммо ҳақида яхши билишини таъкидлашган, бу эса муаммо ҳақида аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш бўйича мамлакатда кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигидан, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилаётган таълим дастурлари ўз мақсадларига эришаётганидан далолат беради.

Одам савдоси муаммоси билан таниш бўлмаганлар сонининг сезиларли даражада камайгани уни ёритиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг муваффақиятини тасдиқлайди. Бироқ ушбу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг узоқ муддатли самарадорлигини таъминлаш ва ёлғон тасаввурларни тарқатиш хавфини минималлаштириш учун нафақат миқдорий қамровга, балки узатилаётган ахборотнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ахборот иши стратегиясини такомиллаштиришни давом эттириш зарур. Фуқароларнинг одам савдоси ҳақидаги хабардорлиги умумий билимлар даражасида бўлибгина қолмасдан, балки унинг моҳияти, оқибатлари ва ушбу жиноятдан ҳимояланиш усуллари ҳақидаги аниқ тушунчаларни қамраб олиши муҳимдир.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, одам савдоси муаммоси бўйича асосий ахборот манбаси оммавий ахборотни етказиб бериш бўйича етакчи ва энг нуфузли канал сифатида телевидение (76,8%) ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлар оммабоплиги бўйича иккинчи ўринни эгаллади (54,1%), лекин уларнинг мазмуни кўпинча бузиб кўрсатишларга дучор бўлиши медиасаводхонликни оширишни талаб қилади. Босма нашрлар ва Интернетдаги янгиликлар сайтлари ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолганлиги намоён бўлди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, одам савдоси ҳақидаги ахборотлар асосан ёллаш ва алдов усулларига (48,3%) ва муаммо ҳақидаги умумий маълумотларга (41,2%) қаратилган. Жабрланганларнинг ҳаётий ҳикоялари ҳам фаол равишда тарқатилмоқда (34,8%). Айни пайтда жиноятчилар учун жазолар (25,7%) ва ёрдам учун мурожаат этишнинг фойдаланиш имкони мавжуд усуллари (21,5%) камроқ муҳокама қилинади. Асосий ахборот материаллари муаммо тўғрисидаги огоҳлантирувчи маълумотлар атрофида шаклланаётганини, таҳлилий маълумотлар ва ҳимояланиш усулларига кам эътибор қаратилаётганини инобатга олган ҳолда, одам савдосидан ҳимояланиш усуллари тўғрисидаги ахборотларни кенгайтириш, муаммони янада чуқурроқ англаш учун таҳлилий ва статистик маълумотларни фаолроқ тарқатиш, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жумладан, аҳолининг хабардорлиги ва профилактика ишларини кучайтириш мақсадида одам савдоси ҳодисаси ҳақидаги реал ҳаётий воқеалардан фойдаланиш зарур.

Мамлакат фуқароларининг фикрича, одам савдосидан хабардорлик даражаси пастлигининг асосий сабаби мавзуга қизиқишнинг пастлиги, шунингдек, таълим дастурларининг етишмаслиги ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун мамлакатимизнинг таълим-тарбия муассасаларида маърифатни яхшилаш, ахборот кампаниялари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кучайтириш зарур. Одам савдоси муаммосини муҳокама қилишда фуқароларнинг иштирокини фаоллаштириш, ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва профилактика тадбирларига турли ижтимоий гуруҳларни жалб этиш лозим. Фуқароларда ўзгалар хавфсизлиги учун масъулиятни шакллантириш ва ушбу мавзуни очиқ муҳокама қилиш учун шарт-шароит яратиш муҳим жиҳат ҳисобланади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, респондентларнинг аксарияти (73,2%) одам савдоси ва эксплуатацияси ҳолатига тушиб қолган тақдирда, қаерга мурожаат қилиш кераклигидан яхши хабардор, 12,6% - умумий тасаввурга эга, 14,2% респондентлар қаерга мурожаат қилишни билишмайди.

Ўтказилган тадқиқот натижалари мамлакат фуқароларининг одам савдоси муаммосидан юқори даражада хабардор эканлигини кўрсатди. Аксарият респондентларнинг (87,1%) уни ўта жиддий муаммо, деб таърифлаганлиги одам савдоси ва эксплуатацияси билан боғлиқ таҳдидларнинг жиддий эътироф этилишини, шунингдек, унинг кескинлиги ва умуман мамлакат хавфсизлиги учун долзарблиги эътироф этилишини тасдиқлайди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, меҳнат эксплуатацияси - одамлардан арзон меҳнатда фойдаланиш одам савдосининг энг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Тарқалганлиги бўйича иккинчи ўринни шаҳвоний эксплуатация эгаллади. Сўров иштирокчилари, шунингдек, ноқонуний трансплантация ва инсон аъзолари билан савдо, мажбурий тиланчилик ва ноқонуний фарзандликка олиш учун болалар савдоси каби шаклларнинг мавжудлиги ҳақида фикр билдиришди. Респондентлар мажбурий никоҳлар мавжудлигини қайд этганлиги эса мажбурий никоҳ масаласининг долзарблигини таъкидлайди. Оиладаги эксплуатация ҳам асосий муаммолигича қолмоқда, оиладаги зўравонлик ва меҳнат эксплуатацияси билан боғланган муҳим муаммодир.

Одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг тўрига тушиб қолишга кўмаклашувчи асосий омиллар тезроқ пул топиш истаги, ҳуқуқий саводхонликнинг етарли эмаслиги, танқидий тафаккурнинг мавжуд эмаслиги, ишонувчанлик, жиноятнинг ушбу туридан хабардорлик даражасининг пастлиги ва чет элга кетиш истаги бўлиши мумкин.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, одам савдосининг энг катта хавфи ишсизлар, ёш аёллар, етим болалар, меҳнат муҳожирлари, ёш йигитлар орасида, айниқса, хориждан иш излаш жараёнида бўлиши мумкин. Таълим даражаси паст ва молиявий аҳволи оғир бўлган одамлар яна қўшимча заиф тоифани ташкил қилади.

Олинган маълумотларга асосланиб, шундай хулосага келиш мумкинки, гарчи респондентларнинг аксарияти одам савдоси муаммосига бевосита дуч келмаган бўлса-да, унинг мавжудлиги долзарб таҳдид бўлиб қолмоқда, бу ҳақда аҳолининг салмоқли қисми, айниқса, яқин-атрофидаги мисоллар орқали билади. Бу муаммонинг яширин, аммо реал ҳодисалигича қолаётганидан далолат беради ва профилактика чораларини кучайтириш, хабардорликни ошириш ва  соҳадаги институционал ишларни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди. Одам савдоси нафақат маърифий ишларни, балки фуқароларнинг заифлашувига сабаб бўлаётган ижтимоий-психологик омилларни янада чуқурроқ тадқиқ этишни қамраб оладиган комплекс ёндашувни  тақозо этади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, эксплуатация домига тушиб қолишнинг асосий усули хорижда ишлаш таклифи бўлиб қолаётганлиги миграция оқимини назорат қилишни ва ишга жойлаштириш тўғрисидаги ёлғон ваъдалар орқали ишга ёллашнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлайди. Ишга ёллашда танишлар ва қариндошлар ҳам муҳим роль ўйнайди, бу эса эксплуатацияга тушиб қолиш жараёнида шахсий алоқалар мавжудлигини тасдиқлайди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, жабрланганлар аксарият ҳолларда одам савдоси ва эксплуатацияси шароитларидан озод қилинган. Бу барча қийинчилик ва хавф-хатарларга қарамай, одамлар ва уларнинг яқинлари бефарқ қолмагани, ёрдам бериш йўлларини топишга ҳаракат қилганини кўрсатади. Аксарият ҳолларда озод қилиш қариндошлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки жабрланганларнинг ўз хатти-ҳаракатлари туфайли содир бўлган. Бироқ бундай саъй-ҳаракатларга қарамасдан, одам савдоси муаммоси реал ҳодиса бўлиб қолмоқда ва айрим ҳолларда жабрланганлар ҳанузгача эксплуатация шароитида яшашда давом этмоқдалар.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, жабрланганлар озод бўлганидан сўнг уларнинг кўпчилиги асосан ўз ҳуқуқларини тиклаш ва нормал ҳаётга қайтиш учун ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдам сўраб мурожаат этишган. Бироқ барча жабрланганлар ҳам ушбу қадамни қўйишга журъат этмайдилар, бу кўпинча қўрқув, стигматизация ва ёрдам олишнинг мавжуд имкониятларини билмаслик билан боғлиқ. Бу эса одам савдоси комплекс ёндашувни талаб этадиган энг жиддий ва шафқатсиз ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади. Шу боисдан нафақат хабардорликни ошириш ва профилактика дастурларини ривожлантириш, балки жабрланганларни барча даражаларда қўллаб-қувватлаш керак. Миграция даражаси юқори бўлган ва аҳолининг заиф қатламлари жамланган ҳамда самарали ёрдам ва профилактика ишлари шунчаки сув билан ҳаводек зарур бўлган минтақаларга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Олинган маълумотлар Ўзбекистонда давлат тузилмаларининг одам савдосига қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларига фуқароларнинг юқори даражадаги ишончини намойиш этмоқда – аксарият респондентлар мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича етарлича чора-тадбирлар кўрилаётганини, соҳадаги жиноятларга чек қўйилиши ва мавжуд профилактика механизмларининг самарадорлигини эътироф этишини таъкидлашди.

Жамоатчилик фикри одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга нисбатан комплекс талабни шакллантирмоқда, бунда қўллаб-қувватлашнинг номоддий шакллари - психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий шаклларига биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Бу тенденция одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишлари қайд этилган сўров натижаларида яққол намоён бўлди. Респондентларнинг фикрига кўра, жабрланганлар бошдан кечирган чуқур жароҳатга жавобан психологик қўллаб-қувватлаш энг катта аҳамиятга эга (62,7%). Кейинги ўринларда молиявий барқарорлик ва ҳуқуқий ҳимоянинг муҳимлиги таъкидланди: молиявий ёрдам (52,7%) ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш (44,8%). Тикланишнинг муҳим қисми сифатида иш билан таъминлашда кўмаклашиш (41,7%) ва тиббий ёрдам (36,2%) ҳам эътироф этилди, шунингдек, вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш (11,5%) муҳим чора ҳисобланиши қайд этилди.

Ўзбекистонда одам савдосининг профилактикасини ижтимоий идрок этиш ахборот, ҳуқуқий, иқтисодий ва халқаро ёндашувларнинг мужассамлигига асосланади. 58,3% респондентларнинг хабардорликни ошириш зарурлигини қайд этганлиги узоқ муддатли таъсир чораси сифатида маърифатнинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлайди. Қонунчиликни қатъийлаштиришни қўллаб-қувватлаш (43,5%) адолат ва ҳуқуқий ҳимояга бўлган ижтимоий талабни акс эттиради. Шу билан бирга, 32,6% респондентлар халқаро ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини, 28,3% - ижтимоий-иқтисодий шароит яхшиланишининг аҳамиятини таъкидлашди.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича жавобгарликни тақсимлаш бўйича жамоатчилик тасаввурининг таҳлили давлат органларига ишончнинг юқори даражада эканлигини кўрсатди: 68,9% респондентлар бу борада асосий ролни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, 48,3% - Ташқи ишлар вазирлигига, 44,6% эса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юклашди. Шу билан бирга, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларига камроқ эътибор қаратилгани профилактика ишлари ва маърифий вазифаларни амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтириш, секторлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигидан далолат беради.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти (79,5%) одам савдосининг хавф-хатарлари тўғрисидаги маърифий ишларни ўсмирлик ёшигача – мактабгача таълим, бошланғич ёки ўрта мактабда бошлаш зарур, деб ҳисоблайди, бу эса болаларда хавфсизлик бўйича асосий кўникмаларни барвақт шакллантириш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни билиш ва ўз вақтида ёрдам сўраш қобилиятининг аҳамияти тўғрисида жамоатчилик тушунчаси ўсиб бораётганидан далолат беради.

Одам савдосига қарши курашиш масалаларида фуқаролик фаоллигининг вектори маърифий, кўнгиллилик ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти томон сурилмоқда, деган хулосага келиш мумкин. Респондентларнинг деярли ярми (48,4%) - таълим ташаббусларида, учдан биридан кўпроғи - кўнгиллилик фаолиятида (33,8%) ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлашда (32,7%) иштирок этишга тайёр эканлиги нафақат ижтимоий етукликнинг юқори даражасини, балки кенг аудитория учун очиқ бўлган шахсий иштирокнинг амалий шаклларига бўлган эҳтиёжни ҳам акс эттиради. Ушбу йўналишларга барқарор қизиқиш аҳолини профилактик саъй-ҳаракатларга жалб этишнинг инклюзив ва оммавий шаклларини ривожлантириш учун асос бўлиши мумкин.

Олинган маълумотлар аҳоли ўртасида хабардорлик ва профилактик хулқ-атворнинг шаклланаётган маданиятидан далолат беради. Аксарият респондентлар давлат институтларига юқори даражадаги ишончи ва ўз билимига таянишини билдириб, ўзлари ва яқинларини одам савдоси билан боғлиқ хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш этишди. Шу билан бирга, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ва ёрдам сўраб мурожаат этиш каналларини кучайтириш зарурати сақланиб қолмоқда.

Умуман олганда, ўтказилган тадқиқот натижаларининг тасдиқлашича, одам савдоси кўп қиррали фавқулодда ижтимоий ҳодиса бўлиб, унинг асосида аҳолининг айрим гуруҳлари заифлигини оширувчи турли ижтимоий-иқтисодий, шахсий ва маданий омиллар ётади. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар тўрига тушиб қолишнинг энг катта хавфи фуқароларнинг ўзлари билан боғлиқ, чунки улар учун ҳаётий қийинчиликлар, иқтисодий беқарорлик ва етарли даражада хабардор бўлмаслик эксплуатация домига тушиб қолишнинг катализаторлари ҳисобланади. Биринчи навбатда, иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган ишсизлар, меҳнат муҳожирлари, ёш хотин-қизлар ва эркаклар ҳамда нотинч оилалар фарзандларининг жиноий тўрларга тушиб қолиш хавфи жуда юқори, бинобарин, ижтимоий шароит ва етарлича қўллаб-қувватланмаслик уларни эксплуатация қилиш учун қулай замин яратади. Ишонувчанлик, соддалик, ўзига ишонмаслик ва ўзига паст баҳо бериш каби руҳий-ҳиссий жиҳатлар ҳам одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар томонидан бўладиган манипуляцияларга мойилликни ошириб, инсон заифлигини сезиларли даражада кўпайтиради. Одам савдосига қарши самарали курашиш учун турли хил хавф-хатар ва ожизлик омилларини, шу жумладан, ҳам ижтимоий-иқтисодий ва руҳий-ҳиссий, ҳам тизимли омилларни ҳисобга олиш зарур. Тадқиқот натижалари билан ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқаролар ўртасида таълим ва хабардорлик даражасини ошириш, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий инфратузилма ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олган комплекс ёндашув зарурлиги таъкидланади.