170

Тадқиқотнинг мақсади:  Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 2020 йилда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ, фуқароларнинг одам савдоси муаммоси тўғрисидаги хабардорлик даражасини, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг сабаблари ва оқибатларини аниқлаш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича жойларда кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида жамоатчилик фикрини ўрганиш.

 Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 25 июнь - 1 июль кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 466 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 Жамоатчилик фикрининг телефон сўрови шуни кўрсатдики, 84,5% ўзбекистонликлар одам савдоси каби ижтимоий муаммо ҳақида хабардорлар ҳамда уни инсонни мажбурлаш, алдов ёки товламачилик йўли билан эксплуатация қилиш мақсадида инсон шахсига қарши қилинган жиноят, деб ҳисоблайдилар.                 64,9% респондентлар одам савдоси тўғрисида «тўла даражада» хабардорлигини айтган бўлишса, 19,6% сўралганлар одам савдоси ҳақида «умумий жиҳатларда» хабардордир. Сўров иштирокчилари одам савдосини инсон шахсига, энг аввало, унинг ҳаётига дахл қилувчи ва жамият учун жиддий таҳдид сифатида қабул қиладилар.

Респондентлар фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси пастлигини, ишга жойлашишдаги қийинчиликлар, моддий муаммолар ва хорижда қонуний ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида етарлича хабардор эмаслигини, тегишли рухсатномасиз ёки расмий меҳнат шартномасисиз бошқа давлатга ишга кетиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслигини одамфурушлар тўрига тушиб қолишнинг асосий сабабларидан деб ҳисоблашади. Телефон сўрови иштирокчиларининг фикрича, маълумот даражаси паст ва касб-ҳунарга эга бўлмаган фуқароларнинг меҳнат ёки жинсий қулликка тушиб қолиш хавфи юқоридир.