498

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Ўзбекистон: сайлов – 2021» мавзусидаги жамоатчилик фикри телефон сўровларининг учинчи босқичини ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 октябрь куни бўладиган сайлови муносабати билан Ўзбекистон фуқароларининг электорал хулқ-атвори хусусиятлари аниқланди, ўзбекистонликларнинг электорал нуқтаи назарлари,  уларнинг овоз беришда иштирок этишга тайёрлиги ва мамлакат сиёсий ҳаётига жалб этилганлиги даражаси ўрганилди. Сўровда мамлакатнинг турли минтақаларида яшовчи фуқаролар, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар, эркаклар ва аёллар, турли миллат ва ижтимоий қатламлар вакиллари, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлганлар, ёшлар ва ўрта ҳамда катта ёшдаги кишилар иштирок этдилар.                                                             

Ўзбекистонда давлат фаолиятининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларидаги демократик ўзгаришлар ва фуқаролик жамиятининг ривожланиши аҳолининг сайлов жараёнлари самарадорлиги билан боғлиқ электорал маданиятида ўз аксини топмоқда.

Турли даражадаги сайловларда иштирок этиш мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига жалб этилганлик даражаси
билан муайян даражада боғлиқдир, бу электорал маданиятнинг ўзига хосликларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат ҳаётининг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги кундалик воқеаларни кузатиб бориш хоҳиш-истагида намоён бўлади.

Телефон сўровларининг мониторинги ўзбекистонликларнинг электорал маданияти фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига юқори қизиқиш даражасида намоён бўлишини кўрсатди. Чунончи, респондентлар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётини турли даражадаги мунтазамликда – доимо (45,5%) ва вақти-вақти билан (36,3%) кузатиб боришади.

Мамлакат фуқароларининг электорал фаоллиги жаҳон иқтисодиёти конъюнктураси ўзгараётган ва глобаллашув шароитларида мамлакатнинг барқарор ва илдам ривожланиши ҳақидаги конструктив жамоатчилик фикрига боғлиқ. Чунончи, кўпчилик респондентлар (77,6%) ҳозирги вақтда мамлакат танлаган тараққиёт йўли тўғри эканлигини қайд қилдилар. Айни пайтда ушбу кўрсаткич сўров ўтказилган бир неча ой давомида – 2021 йил майидан августигача барқарорлигича қолмоқда.

Ўзбекистонликларнинг электорал маданияти сайловчиларнинг аввалги тажрибага асосланиб, сайловдаги иштирокларини баҳолашга етарлича барқарор тайёрлигида ўз ифодасини топмоқда. Сўровнинг кўрсатишича, Ўзбекистон аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилдаги сайловида етарлича юқори даражадаги электорал фаоллиги фуқароларнинг 2021 йилдаги сайловда иштирок этишга интилишининг юқори ифодасини башорат қилишга имкон беради.

Тадқиқотнинг аниқлашича, сўров иштирокчиларининг асосий кўпчилиги  2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтиши ҳақида хабардордир.

Сайловолди кампаниясининг бориши ҳақидаги ахборотнинг энг талабгир манбаси Ўзбекистон давлат телевидениеси ҳисобланади (66,8%). Қарийб ҳар иккинчи (48,1%) респондент ахборот олиш учун (ижтимоий тармоқлар, ижтимоий тармоқ элементларига эга бўлган иловалар, кроссплатформали мессенжерлар, масалан, Telegramни инобатга олган ҳолда) Интернетдан фойдаланади.

Ўтказилган телефон сўрови Ўзбекистон Президентлигига бўлажак сайловда аҳолининг иштирок этишга тайёрлиги бўйича юқори даражани қайд қилди (88,2%). Бу аҳолининг фуқаролар томонидан сайловнинг ижтимоий-сиёсий муҳимлигини чуқур англашда (86,3%), ҳар бир сайловчининг иштирок этиши овоз бериш натижаларига таъсир қилиши мумкинлигига бўлган ишончда намоён бўлаётган етарлича ёрқин электорал маданияти ҳақида далолат беради. Деярли барча ёш тоифасидаги фуқаролар овоз беришда иштирок этишнинг заруриятини англайдилар ва унда иштирок этишни ўзлари учун “жуда муҳим” деб ҳисоблайдилар.

Умуман олганда, ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари шуни кўрсатдики,  жамоатчилик фикрида бўлажак Президент сайловлари давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим сиёсий воқеа эканлигини англаш ва ҳис қилиш устуворлик қилади. Кўпчилик ўзбекистонликлар мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнлар ва сайловолди кампаниясининг боришини катта қизиқиш билан кузатмоқдалар ҳамда бўлажак сайловлар очиқлик, ошкоралик, объективлик ва ҳаққонийлик каби демократик тамойиллар асосида юқори сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтишига ишонч билдирмоқдалар.