614

 Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Замонавий жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, мақсади ва устуворликлар» мавзусида телефон сўровини ўтказди.
 Тадқиқот давомида хотин-қизларнинг замонавий Ўзбекистон жамиятидаги роли, хотин-қизларнинг қадриятга оид асосий устуворликлари, ҳаётий мақсадлари ва нуқтаи назарлари ўрганилди.
 Республиканинг барча вилоятлари ва минтақаларида ўтказилган сўровда 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат, ижтимоий гуруҳ вакиллари, ишлаб чиқаришнинг турли соҳа ва тармоқларида банд бўлганлар иштирок этдилар.

Ўтказилган сўров 8 Март байрамининг мамлакат аҳолиси, айниқса, Ўзбекистон жамиятининг хотин-қиз вакиллари ўртасида катта меҳр-муҳаббат ва оммавийликка сазоворлигини кўрсатди. Баҳорий 8 Март куни хотин-қизлар анъанага кўра чин юракдан билдирилган энг илиқ истакларни қабул қиладилар, эркаклар томонидан ғамхўрлик намоён қилиниши уларнинг ҳаётини шоду хуррамлик, гўзаллик ва мазмун билан бойитади.

Тадқиқот натижаларининг  кўрсатишича, сўровда қатнашган кўпчилик хотин-қизлар (85,3%) байрамни кўтаринки, шоду-хуррамлик кайфиятида кутиб олмоқдалар. Телефон сўрови иштирокчилари жавобларида ўзларидаги ижобий кайфият, энг аввало, баҳор фасли, табиатнинг янгиланиши билан, ҳаётнинг яхшиланишига, ҳаётий мақсадларнинг амалга ошишига ижобий умидлар ҳамда яқинлар ва қариндошлар, ҳамкасблар ва дўстлар томонидан кўрсатиладиган алоҳида эътибор билан боғлиқлигини қайд этдилар.

Телефон сўрови жараёнида хотин-қизлар ўзларининг 8 Март арафасидаги фикрлари, орзу-умидлари ва ҳиссиётлари билан ўртоқлашдилар:

 

8 Март – бу баҳорнинг бош байрами, гуллар ва яхши кайфият байрами! Ушбу кун истисносиз барча хотин-қизлар гўзал ва мафтункор бўлади.

Тадбиркор, Фарғона вилояти

 

***

8 Март – бу баҳор, севги-муҳаббат, гўзаллик ва нафосат байрами. Баҳор биз хотин-қизларга бағишланган байрам билан бошланиши ғоят ёқимлидир.

Ҳамшира, Самарқанд вилояти

 

***

Хотин-қизлар байрами бувижонларимизни, онажонларимизни, опа-сингилларимиз ва ўзимизга яқин бошқа хотин-қизларни табриклаш, улар билан учрашиш ва табриклаш учун учун ажойиб баҳонаи сабабдир.

Талаба қиз,  Бухоро шаҳри

 

***

Мен учун 8 Март - анъанавий оилавий байрам,  унда  бизнинг катта ва аҳил оиламизнинг барча эркаклари  хотин-қизларга кутилмаган совғалар ва яхши кайфият улашишади.

Ходимлар бўйича директор, Тошкент шаҳри

 

***

Мен Халқаро хотин-қизлар кунига алоҳида илиқ муносабатдаман. Бу байрам шуниси билан яхшики, у бизнинг қадрли эркакларимизга  ўзларининг яхши сифатларини намоён қилиш ҳамда севимли оналари, гўзал рафиқалари, қадрли опа-сингиллари ва қизларига қувонч бағишлаш  учун ажойиб имконият беради.

Фармацевт, Қўқон шаҳри

 

Телефон сўрови респондент хотин-қизларнинг Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлашдан кутаётган  асосий орзу-умидлари рейтингини тузишга имкон берди.

Чунончи, сўров иштирокчилари бўлган хотин-қизларнинг билдиришича, улар
8 Март байрамида биринчи навбатда ўз қариндошлари ва яқин кишиларидан алоҳида эътибор, ўзгача меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик кутишади, буни яқинларнинг ҳар бири ўзича намоён қилади, аммо у алоҳида эътиборли ва ноодатий бўлиши керак.

Қариндошлар ва яқинлардан олинадиган совғалар Хотин-қизлар байрами билан боғлиқ орзу-умидлар рейтингида иккинчи ўринда қайд этилди. Айни пайтда хотин-қизларнинг қайд этишларича, улар учун совғалар олиш яқинлар ва қариндошлар томонидан эътибор, ҳурмат ва ғамхўрликнинг дастлабки муҳим аломатларидан бири ҳисобланади.

Хотин-қизлар гулларни 8 Март байрамидан кутилаётган орзу-умидларнинг учинчи ўрнида айтишди, гулларни улар ҳар йили ўз яқинларидан алоҳида сабрсизлик билан кутишади. Хотин-қизлар ўз жавобларида гуллар улар учун яқинларининг меҳр-муҳаббати, аёллик нафосати ва гўзаллик рамзини ифодалашини, ижобий кайфиятни ошириши,  қувонч ва кўтаринкилик кайфиятига сабаб бўлишини қайд этдилар.

 

 

 

Анъанага кўра 8 Март куни эрталабдан эрим ва болаларимдан табрикларни қабул қиламан. Катталар гуллар билан совғалар инъом этишади, кичиклар мактабдаги ижод намуналарини тақдим этишади, энг кичигимиз эса откритка беради. Биз оила даврасида байрам қиламиз, шу сабабли байрам таомларини тайёрлаш бўйича барча ташвишларни оиламиздаги эркаклар жамоаси ўз зиммасига олади.

Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, Тошкент вилояти

 

***

Ушбу кун биз албатта онажон ва бувижонларимизни табриклаймиз, ота-онамникига ва қайнотам-қайнонамникига борамиз, Совғалар берамиз, севимли оналаримиз самимият ва ғамхўрлик оғушида бўлишади. 

Тадбиркор аёл, Қорақалпоғистон  Республикаси

 

***

Бу йил менга 8 Мартни ишда нишонлашга тўғри келмоқда, бинобарин, мен табрикларни асосан эркак ҳамкасбларим ва йўловчилардан қабул қиламан, гуллар совға қилишади, ширинликлар беришади ва ёқимли сўзларга кўмиб ташлашади. Байрам  –
бу ҳамиша ёқимлидир!

Метрополитен ходимаси, Тошкент шаҳри

 

***

Одатда менга яқин кишиларим севимли баҳорий гулларим – лолалар,  фрезия, гулсафсарларни ҳадя этишади. Улар нозик, хушбўй, ёрқин – хонадонни баҳор ифорларига тўлдиради. Ишдаги хотиржамлик, ҳамманинг соғ-саломат ва бахтли бўлиши энг яхши совғадир!

Тез ёрдам врачи, Навоий вилояти

 

***

Ушбу кун эркаклар алоҳида кайфиятда бўлишади, улар яйрашади ва катта мамнуният билан  илиқ сўзлар, яхши кайфият ва табассум ҳадя этишади, мен ҳар бир аёл ушбу кунда айнан ўзи хоҳлаган совғани олади, деб ўйлайман!

Талаба қиз, Тошкент шаҳри

 

Телефон сўрови мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик қоидаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Замонавий аёллар уй хўжалигини юритиш ҳамда рафиқа ва она роли билан чекланиб қолмасдан, жамият ва давлат ишларида фаол қатнашмоқдалар. Ўзбекистон хотин-қизлари ишлаб чиқаришнинг, таълим ва тиббиёт соҳаларининг ривожланишига, илм-фаннинг, маданият, санъат ва спортнинг равнақига муносиб улуш қўшмоқдалар. Улар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларини эгалламоқдалар, эркаклар билан тенгма-тенг бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланмоқдар, давлатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этмоқдалар.

Респондент хотин-қизларнинг қайд этишларича, мамлакатда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган сиёсат туфайли ҳар бир хотин-қиз ҳаётнинг кўп соҳаларида ўз қобилиятларини,  ижодий ва касбий салоҳиятини  рўёбга чиқариш учун имкониятларга эга бўлди.

Сўров жараёнида тадқиқот иштирокчилари бўлган хотин-қизлардан: «Аёл оила бюджетига моддий ҳисса қўшиши керакми?», деб сўралди.

Сўров натижаларининг кўрсатишича,  кўпчилик хотин-қиз респондентларнинг (82,6%) фикрича, аёл оила бюджетига моддий ҳисса қўшиши керак. Сўров иштирокчиларининг бундай нуқтаи назари кўпинча  эркакнинг бир ўзига  оиланинг  тўла молиявий таъминотини олиб боришнинг мураккаблиги билан изоҳланади. Кунлик озиқ-овқат ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш харажатларидан ташқари боланинг (болаларнинг) муносиб ва махсус таълим олиши, уй-жой шароитларини яхшилаш,  оиланинг моддий аҳволини ошириш, оилавий тадбирларни ўтказишга маблағ жамлаш ва  ҳ.к.ларга молиявий маблағлар керак. Аёлларнинг ўз жавобларида таъкидлашларича,  оиланинг эҳтиёжларини айнан биргаликда (эр, ўғил ва оиланинг бошқа аъзолари билан биргаликда) моддий таъминлаш оиланинг даромадлари ва харажатларини  янада оқилона тақсимлашга ёрдам беради ва ушбу масалада эрнинг зўриқишини бартараф этади.

 

Телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, кўпчилик (74,1%) респондент хотин-қизлар моддий мустақил бўлган ва ўзини мустақил таъминлайдиган  хотин-қизларнинг нуқтаи назарига ижобий муносабатда бўлдилар. Сўралганларнинг фикрича, бундай нуқтаи назар оила бюджетининг оқилона тақсимланишига ҳам яхши таъсир кўрсатади. Оилага (кўп даражада)  эркак келтирадиган асосий молиявий маблағлар  оиланинг харажатларини қоплайди, аёл эса ўзини мустақил таъминлаш орқали  эркакнинг молиявий ташвишларини енгиллаштиради.

Тадқиқот иштирокчиларининг кўпчилиги аёл ҳозирги замонда меҳнат ва касбий фаолиятнинг кўплаб соҳаларида ўзини намоён қилиши, молиявий эркин бўлиши мумкинлигига ижобий муносабатда бўлишига қарамай, аёлнинг моддий даромади эркакнинг даромадидан юқори бўлиши мумкинлигига "салбий" қарайди: 55,7% респондентлар шундай жавоб бердилар.

Сўров иштирокчиларининг деярли шунча қисми аёл эркакдан кўпроқ пул ишлаб топишини “ёмон эмас, ахир барча даромадлар барибир оиланинг умумий бюджетига келади-ку", деб ҳисоблайди ва ушбу ҳолатга "ижобий" муносабат билдиради.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти (79,4%) аёл хоҳ бу мансабда ўсиш, ижодиёт ёки хоҳ тадбиркорлик бўлсин, оилани ҳам, фаолиятнинг ҳар қандай соҳасида ўзини намоён қилишни ҳам биргаликда уддалаши мумкин, деб ҳисоблайди.

Сўров давомида иштирокчилардан, уларнинг фикрича, аёлларда эркаклар билан солиштирилганда мансабда ўсиш қандай амалга ошиши ҳақида сўралди.

45,8% тадқиқот иштирокчиларининг фикрига кўра, аёлларда мансабда ўсиш эркаклардагига қараганда, ҳеч қандай сабабсиз, қийинроқ кечади, "эркакларга хизмат ва мансаб пиллапояси бўйича кўтарилиш шунчаки осонроқ, чунки у эркак".

Шу билан бирга, ҳар тўртинчи респондент, умуман олганда, хотин-қизлар учун мансаб пиллапояси бўйича кўтарилиш фаолият соҳаси ва бандликнинг турига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Телефон орқали ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (93,8%) давлат бошқаруви тизимида ёки тадбиркорлик ва бизнесда юқори лавозимларни эгаллаб турган аёлларга нисбатан ижобий муносабатда. Сўров иштирокчилари бундай фаол, мақсадга интилувчан ва уддабурон аёлларни қўллаб-қувватлашларини билдириб, уларни мамлакатнинг ўзини меҳнат ва касбий фаолиятда ёки бизнесда намоён қилишга интилаётган бошқа аёллари учун намуна, деб ҳисоблайдилар.

Телефон  орқали ўтказилган сўровда аёлларнинг асосий ҳаётий мақсади нима эканлиги, ҳаётнинг асосий мазмунини улар нимада кўриши ҳақидаги фикри аниқланди. Ҳаётнинг мазмунини англаш ҳар қандай инсон, аёл ва эркак учун ҳам мураккаб жараёндир. Лекин айнан аёллар учун ва айнан ҳозирги босқичда у ўта кескин аҳамият касб этмоқда. Олинган натижаларга кўра, сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги аёл ҳаётининг мазмуни фарзандларни дунёга келтириш ва тарбиялашда, деб ҳисоблайди. 87,9% Ўзбекистон аёлларининг фикрига кўра, оналик шарафи ва инсон наслини давом эттириш вазифасини аҳамияти бўйича ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.

Анъанага кўра, аёлнинг ҳақиқий вазифаси оила, никоҳ, қариндошлари ҳақида қайғуришдан иборат, деб ҳисобланади, лекин замонавий аёллар эркаклар билан тенг позицияга эга бўлиб, ўз олдига яхши маълумот олиш ва касбда ўзини намоён қилиш, мансабда юксакликка ва моддий фаровонликка эришиш бўйича улкан мақсадларни қўядилар ва жамиятда ўз ижтимоий мақомини оширишга интилишади ҳамда фуқаролик фаоллигини намоён этиш ва жамиятга фойда келтириш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайдилар.

Тадқиқот давомида сўров иштирокчилари ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги саволга жавобларида қуйидагиларни таъкидлашди:

 

***

Аёлнинг вазифаси – фарзандларни дунёга келтириш ва тарбиялаш, уйда қулайликни таъминлаш.

Пенсионер, Сирдарё вилояти

***

Ўзини оиласига, эрига бағишлаш, унга, агар бу ҳатто ўзининг мансаби зарарига бўлса ҳам, ўзини намоён қилишда ёрдам бериш.

Уй бекаси, Сурхондарё вилояти

 

***

Оила қуриш, ишда муваффақиятга эришиш, ҳурматли инсон бўлиш, оиласига, ўз қариндошларига ва жамиятга керакли бўлиш.

Бошланғич синф ўқитувчиси, Андижон вилояти

 

***

Ишончим комилки, аёл ҳаётининг асосий мазмуни ва унинг вазифаси – аёл бўлиш, унинг меҳнати, қувончи ва бахти ана шунда. У ўзининг ҳаёт йўлида қандай танловни амалга ошириши – бу унинг шахсий иши, энг асосийси, аёлда ҳар доим танлов бўлиши керак.

Менежер, Тошкент

 

Умуман олганда, телефон  сўрови натижалари аёлларнинг жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигидан далолат бериб турибди. Иштирокчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар туфайли хотин-қизларнинг жамиятдаги мақоми ошди, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ўсиб бормоқда. Ўзбекистоннинг замонавий аёли ўзининг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилашда фаол иштирок этмоқда.