03.07.2024
192
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ - 2024: қадриятлар, муаммолар ва кутилмалар ҳақида
30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар куни нишонланди. 14-30 ёш тоифаси вакилларининг сафи тобора ортиб бораётган бизнинг мамлакатимизда йигит-қизларнинг билим олиши, меҳнат қилиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш билан мамлакат раҳбарияти ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда ёшларнинг ролини янада мустаҳкамлашга интилишини белгилади. Шу муносабат билан жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган дастурий ҳужжатларни амалга ошириш доирасида ёшларда замонавий иқтисодиёт ва тадбиркорлик учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган янги таълим дастурларини жорий этиш, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун платформага айланадиган кичик саноат зоналарини ташкил этиш режалаштирилган.
Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига эришиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида, шунингдек, ёшларнинг долзарб масалаларига, жумладан, замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишга, йигит-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, уларнинг илмий фаолиятини рағбатлантиришга, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини пасайтиришга, ахборот технологиялари соҳасини оммалаштириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Стратегияда ёшларнинг шахсий салоҳиятини такомиллаштиришга қаратилган нафақат тадбиркорлик, балки ижтимоий ва маданий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳам ўз ифодасини топган ва ҳозирданоқ амалиётга жорий этилмоқда.
Шу билан бир вақтда, Ўзбекистон ҳукуматининг диққат марказида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оилавий ажралишлар муаммосини ҳал қилиш масалалари турибди. Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш доирасида оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган маслаҳат дастурлари жорий этилмоқда.
Халқаро ёшлар куни арафасида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ мониторинг тартибида “Ўзбекистон ёшлари – 2024: қадриятлар, муаммолар ва кутилмалар ҳақида” мавзусида жамоатчилик фикри сўровини ўтказди, унинг мақсади мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тўғрисида ёшларнинг фикрини аниқлаш, амалга оширилаётган ёшлар сиёсати натижаларидан ёшларнинг қониқиш даражасини ўрганиш, улғайиш жараёнида йигит-қизлар дуч келаётган долзарб муаммоларни аниқлашдан иборат эди. Сўров давомида 18дан 35 ёшгача бўлган респондентлар сўралди, уларнинг 57,6% - шаҳарларда, 42,4% - қишлоқ жойларда истиқомат қилишади.
Умуман олганда, сўров натижаларининг кўрсатишича, аксарият ёшлар мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий аҳволни ижобий баҳоладилар ва мамлакат раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли жамиятда иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда, давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилмоқда, мамлакатнинг инвестициявий салоҳияти ривожланмоқда, халқаро алоқалар мустаҳкамланмоқда, саноатнинг кўплаб соҳалари ва қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда, булар фуқаролар фаровонлигининг барқарор ўсишига ёрдам бермоқда, деб ишонч билдирдилар. Олинган маълумотларнинг тасдиқлашича, мамлакатимиз ёшлари Президентимиз томонидан "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинган 2024 йилда мамлакатда амалга оширилаётган ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ёшларнинг ролини мустаҳкамлашга, йигит-қизларнинг салоҳиятини ривожлантиришга, уларга муносиб таълим олишлари учун шароитлар яратишга, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ даражада қўллаб-қувватлайдилар.
Сўровнинг кўрсатишича, ёш респондентларнинг аксариятига мамлакатда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатига некбинлик билан баҳо бериш хосдир: 85,7% ёшларнинг ҳисоблашича, бу сиёсат мамлакатда ёшлар салоҳиятини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароитлар туфайли ёшларнинг янада кўпроқ имкониятларга эга бўлишига ёрдам бермоқда. Шу билан бирга таъкидлаш керакки, ёшлар мамлакатимизда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол ривожланган авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни кўпроқ танқидий руҳда баҳолай бошладилар.
Тадқиқот иштирокчилари мамлакатимиз ёшларига тадбиркорлик соҳасида мақбул шарт-шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар самарасини таъкидлаб, ўз жавобларини янада аниқлаштирдилар, ёшлар, шунингдек, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам ижобий баҳолашди, ислоҳотлар натижасида янги маҳаллий ОТМлар, шунингдек нуфузли хорижий университетларнинг филиалларини очиш ҳисобига олий таълим муассасалари сони ортганлиги таъкидланди.
Сўров иштирокчилари кам таъминланган оилалар ёшларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш борасида эришилган натижаларни алоҳида таъкидладилар, респондентлар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича давлатнинг саъй-ҳаракатларини қайд этишди.
Ўтказилган сўров ёшларнинг энг долзарб, респондентларнинг фикрича, диққат марказида бўлиши керак бўлган муаммоларини аниқлаш имконини берди. Ёшлар учун ишга жойлашиш масалаларида, муносиб иш ҳақи тўланадиган доимий иш излаш ва ишга қабул қилинишда мураккабликлар мавжуд. Шунингдек, сўралганларнинг фикрича, ёшларни, айниқса, оила қуриш истагида бўлган ёшларни хусусий уй-жой сотиб олишларида қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарур. Тадқиқот давомида унинг иштирокчилари талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш учун ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва субсидиялар ажратиш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, сўралган респондентлар ёш тадбиркорларга қўшимча молиявий ёрдам тақдим этиш, ёшларнинг стартаплари ва истиқболли бизнес лойиҳаларига кўпроқ маблағ ажратиш зарурлигининг тарафдорлари бўлишди.
Ёшларнинг фикрига кўра, бандлик муаммоларини ҳал қилиш учун ёшларга ўз стартапларини амалга оширишда кўпроқ ёрдам кўрсатиш, шахсий бизнесини бошлашда ҳам молиявий, ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарур. Бандлик соҳасида ёшларнинг камситилиши муаммоси долзарбдир, чунки иш берувчилар ёшларнинг салоҳиятини эътиборсиз қолдирадилар, иш тажрибасига эга тажрибали ходимларни улардан кўра афзалроқ кўришади. Респондентлар ёшлар учун кўпроқ иш ўринлари яратиш, иш берувчиларга ёшларни ишга қабул қилиш фойдали бўлишига ёрдам берувчи шароитларни яратиш ўта зарурлигини таъкидлашмоқда. Сўров иштирокчилари ёшлар ва иш берувчилар танлаш имкониятига эга бўлишлари учун ишга қабул қилиш бўйича очиқ платформани, бўш иш ўринлари бюросини яратиш ва касблар ярмаркаларини ўтказиш бўйича таклифлар билдирдилар.
Таълим соҳасида эришилган ютуқлар ва бугунги кунда ёшларнинг замонавий талабларга жавоб берадиган юқори сифатли таълим олиш имкониятларига эга бўлишига қарамасдан, сўров иштирокчилари олий ва касб-ҳунар таълимини тақдим этишда кўпроқ муқобиллик зарурлигини таъкидладилар, шунингдек, таълим сифатини янада яхшилаш ва профессор-ўқитувчилар таркибини тайёрлаш даражасини ошириш тарафдори бўлишди, бу, айниқса, чет элда ўқиш тажрибасига эга бўлган ёшлар учун жуда долзарбдир.
Ўтказилган тадқиқотнинг вазифаларидан бири мамлакатнинг бугуни ва келажаги билан боғлиқ масалаларни долзарблаштириш бўлди, бу эса ёшларнинг дунёқараши, қадриятлари, хулқ-атвори ва ҳаётий устуворликлари билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини инобатга олишни назарда тутади.
Сўров маълумотлари шуни таъкидлашга имкон берадики, ёшлар танлаган энг муҳим қадриятлар орасида биринчи ўринда оила, бахтли оилавий ҳаёт туради, иккинчи ўринда - ота-оналар, уларнинг саломатлиги ва фаровонлиги, ўзбекистонлик ёшлар учун учинчи ўриндаги қадрият жисмоний ва руҳий саломатлик бўлиб ҳисобланади.
Ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, кўпчилик ёш ўзбекистонликлар ўзининг мақсадлари, орзулари, ҳаётий режаларига эга. Сўров аксарият ёшлар учун ҳаётдаги асосий мақсад ўзини касбий жиҳатдан рўёбга чиқариш, мартаба чўққиларига эришиш ҳисобланишини кўрсатди.
Мамлакат ёшларининг ҳаётий мақсадлари орасида, шунингдек, оилавий қадриятлар, оилавий муносабатларда тотувликка эришиш, фарзандлар кўриш ва уларни жамиятнинг муносиб аъзолари этиб тарбиялаш хоҳиш-истаклари ҳам устуворлик қилади.
Шунингдек, сўров иштирокчилари ўз ҳаётий мақсадлари орасида дунёни кўриш; ҳаётдан имкон қадар кўпроқ ёрқин ҳис-туйғулар ва таассуротлар олиш; ўзини жамият ва Ватанга хизмат қилишга бағишлаш; касбий соҳада юқори ижтимоий мақом ва чўққиларни забт этиш, моддий жиҳатдан таъминланган бўлиш истакларини ҳам баён қилдилар.
Ўтказилган сўров натижалари ўзбекистонлик ёшларда давлат ва жамиятга нисбатан ошириб юборилган талаблар мавжуд эмас, балки уларнинг келажаги ўзларига боғлиқлигини тушуниш мавжуд, деб хулоса қилишга имкон беради. Аксарият ёшлар мустақил равишда билим олиш, мартабада ва молиявий жиҳатдан муваффақиятларга эришиш, мустаҳкам ва бахтли оила қуриш ниятидалар.
Мамлакат раҳбарияти томонидан ёшларга оид сиёсатни юритиш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қўйилаётган қадамларни аксарият ёшларнинг ижобий баҳолаётганлиги ҳисобга олинса, бу ёшларнинг давлатга бўлган ишончининг тасдиғи ҳисобланади, мустақилликка интилиш эса тўғридан-тўғри ёшларнинг ватанпарварлиги ва мамлакатнинг олға қараб ривожланишига уларнинг муносиб ҳисса қўшиш истаги билан боғлиқдир.