28.11.2023
465
25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни
Ҳар йили дунё бўйича қатор давлатларда 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан бошлаб 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари кунигача бўлган даврда “Зўравонликка қарши 16 кун” халқаро тарғибот кампанияси ўтказилади.
Халқаро ва алоҳида давлатлар даражасида олиб борилаётган аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва унинг олдини олиш глобал миқёсда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши бир қанча маърифий тадбирлар ўтказилиб, кенг жамоатчиликка гендер тенглигининг мазмуни, мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар тўғрисида маълумотлар бериб борилмоқда.
Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан, ёшларнинг зўравонлик муаммолари ҳақидаги хабардорлик даражаси, фуқароларнинг хотин-қизларга нисбатан, оиладаги зўравонлик муаммосига муносабатини ўрганиш, шунингдек, давлатнинг хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича фаолиятига аҳолининг баҳосини аниқлаш мақсадида “Ёшлар зўравонлик тўғрисида: фикрлар, қарашлар, хабардорлик» мавзусида телефон сўрови ўтказилди.
Тадқиқотнинг аниқлашича, ёш ўзбекистонликларнинг ярми (49,5%) зўравонликни жамиятда қабул қилиб бўлмайдиган жиддий муаммо деб билади, уларнинг 53,3%и шаҳарда, 42,9%и қишлоқ жойларда яшайди. Шу билан бирга, тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг яна бир қисми зўравонлик муаммосининг жиддийлигини етарлича баҳоламадилар: сўров иштирокчиларининг 26,8%и зўравонлик муаммоси ҳақиқий, аммо жуда бўрттирилган деб қайд қилди; респондентларнинг 19,8%и бу муаммонинг мавжудлигини инкор этади.
Сўров натижаларига кўра, барча аҳоли гуруҳлари вакиллари турли даражада зўравонликка дучор бўладилар: аёллар, Эркаклар, болалар, қариялар, ногиронлар. Шу билан бирга, аёллар зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлинадиган фуқароларнинг энг заиф тоифалари ҳисобланади, бу нуқтаи назарга респондентларнинг 67,4%и қўшилади. 30,2% респондентларнинг фикрича, болалар ва ўсмирлар ҳам шафқатсиз муносабат қурбонига айланишмоқда.
Teлефон сўровининг кўрсатишича, ёш респондентларнинг 43,5%и оилада аёлларга нисбатан шафқатсиз муносабат ва зўравонлик муаммоси борлигига ишонадилар. Сўров иштирокчиларининг фикрича, жиддий жисмоний зарар етказган ҳолда (16,6%) ва зиён етказмаган ҳолда калтаклаш (шапалоқ, тарсаки, чимчилаш) (14,8%), доимий камситишлар, танқид (14,2%), уриш-жанжаллар, қичқириқлар (11,3%), оғзаки таҳдидлар (10,8%) каби аёлларга нисбатан зўравонлик турлари кенг тарқалган.
Сўровнинг аниқлашича, жамоатчилик фикрига кўра, аёл ҳатто эри томонидан зўравонликка дуч келса ҳам, оила маскани посбони вазифасини бажариши ва оиланинг бузилишига йўл қўймаслиги керак. Бундай вазиятда, кўпчилик сўров иштирокчиларининг фикрича, аёл муаммонинг олдини олиш учун кескин чоралар кўрмаслиги керак. Бунинг ўрнига, у сабр-тоқатли бўлиши ва ҳеч кимдан ҳимоя изламаслиги(16,6%), маҳалла қўмитасига ёрдам сўраб мурожаат қилиши (30,8%), эрининг (5,0%) ёки ўзининг (13,3%) қариндошларидан ҳимоя излаши керак. Сўров давомида аниқланган бундай қарашлар оилада зўравонлик мавжуд бўлишининг яна бир омили ҳисобланади ва ушбу ҳодисани йўқ қилиш йўлидаги жиддий тўсиқдир.
Teлефон сўровининг кўрсатишича, респондентлар давлатнинг зўравонликка қарши курашиш бўйича фаолиятини ижобий ва уни яхшилаш зарурлигини тушунган ҳолда ижобий баҳолайдилар.
Сўров иштирокчилари томонидан фуқароларга, айниқса зўравонликка дуч келган аёллар ва қизларга ёрдам бериш бўйича таклиф қилинган чора-тадбирлар орасида таълим, зўравонлик учун жазо ва қариндошларни жалб қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар мавжуд. Шунга қарамай, аҳоли ўртасида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича ишонч телефонлари тўғрисида кейинги маърифий ишларни олиб бориш муҳим ҳисобланади.
Сўровнинг кўрсатишича, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида зўравонликнинг ҳар қандай шаклларига нисбатан муросасизликни шакллантириш аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ёшлар билан ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича иш олиб бориш, жинсидан қатъи назар, барча фуқаролар учун яшаш ҳуқуқи ва дахлсизлик ҳуқуқини таъминлашнинг устуворлигини тушунтириш зарур. Ана шундан тушунтириш ишларини олиб боришда, дунёқараши шаклланиш жараёнида бўлган ва кўп даражада бузғунчилик моҳиятига эга, демократик қадриятларга, миллий менталитетга зид ғояларни ўз ичига олган ва ёшларга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турли оммавий ахборот воситалари, интернет ресурслари, ижтимоий тармоқлар таъсири доирасидаги ўсмирлар бундай иш учун асосий мақсадли гуруҳ бўлиши керак.