14

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЯТ ВА САНЪАТНИНГ РИВОЖЛАНИШИ: ЖАМОАТЧИЛИК ТОМОНИДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ, ҚИЗИҚИШЛАР ВА КУТУВЛАР

(жамоатчилик фикри сўрови натижалари бўйича)

Маданият ва санъат соҳасидаги давлат сиёсати маданий ташаббуслар ва лойиҳаларнинг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади. Давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш нафақат молиялаштириш шаклида, балки қонунчилик ташаббусларини яратиш, маданият муассасалари учун инфратузилмани ривожлантириш, анъанавий санъатни асраб-авайлаш учун шароитлар яратиш ва инновацион ёндашувларни рағбатлантиришда ҳам намоён бўлмоқда.

Мамлакат Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида ижодий фаолият учун замонавий шароитлар яратиш, миллий маданий меросни асраш ва оммалаштириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, шунингдек, маданият ва санъат муассасаларини бошқариш ва молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат раҳбари мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёти ва санъати билан ҳам белгиланишини алоҳида таъкидлади: “Бой адабиётга, қалбга яқин мусиқага, мазмунли театрга, кучли ва илҳомлантирувчи киносанъатга ҳамда жозибадор санъатга эга халқнинг овози дунёда доимо ўз ўрнига эга бўлади”.

Ислоҳотларнинг янги босқичи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июнда маданият, санъат ва адабиёт вакиллари билан ўтказган учрашуви якунларига кўра белгиланди. Илгари сурилган ташаббусларни ривожлантириш мақсадида 2026 йил 2 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан яқин истиқболда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Маданият ва санъат соҳасида давом этаётган ўзгаришлар – амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича жамоатчилик фикрини ҳамда аҳолининг мамлакат маданий ҳаётига жалб этилганлик даражасини ўрганиш заруратини тақозо этади. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (РЖФЎМ) томонидан «Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг ривожланиши: жамоатчилик томонидан қабул қилиниши, қизиқишлар ва кутувлар» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Ушбу сўровнинг долзарблиги ва ўз вақтида ташкил этилганлиги маданият ва санъат соҳасини такомиллаштириш, мамлакат ҳудудларидаги маданият марказларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини маданий тадбирлар билан қамраб олиш даражасини ошириш ва миллий қадриятларни асрашга қаратилган келгуси чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқдир. Сўров маданият ва санъат соҳасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлик даражасини белгилаш ва уларнинг мамлакат маданий ҳаётидаги иштироки даражасини баҳолаш имконини беради. Тадқиқот натижалари маданият ва санъатнинг келгуси ривожланиш динамикасини ҳамда унинг келажакда жамиятга кўрсатадиган таъсирини тушунишга ёрдам беради.

Ўтказилган сўровнинг  кўрсатишича, жамоатчилик фикрида маданият ва санъат миллий ўзликни англаш, маънавий юксалиш ва тарихий-маданий меросни асрашнинг энг муҳим элементи сифатида қабул қилинади.

Маданият ва санъат соҳасидаги ривожланиш динамикасининг баҳоланиши амалга оширилаётган давлат маданий сиёсати самарадорлигининг муҳим индикатори (кўрсаткичи) ҳисобланади. Юз бераётган ўзгаришлар ҳақида фуқароларнинг фикр ва тасаввурлари амалга оширилаётган ислоҳотларни жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиш даражасини аниқлаш, шунингдек, ушбу соҳадаги янгиланишларга бўлган ишонч даражасини юзага чиқариш имконини беради. Фуқаролар баҳосининг таҳлили сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларининг қай даражада самарали эканини акс эттиради.

Олинган маълумотлар сўнгги ўн йилликда маданият ва санъат соҳасида юз берган ўзгаришлар бўйича ижобий баҳолар устувор эканини кўрсатди. Аксарият тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда маданият ва санъатнинг аҳволи «анча яхшиланган».

Олинган маълумотлар аҳолининг фикрига кўра, энг кўп ривожланган маданият ва санъат йўналишлари рейтингини тузиш имконини берди. Энг ривожланган йўналишлар рейтингида мусиқа биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринда – кино. ФЕстиваллар ва оммавий маданий тадбирлар, шунингдек, эстрада ва концертлар деярли бир хил позицияни банд этди. Шунингдек, респондентлар миллий ҳунармандчилик, музейлар ва кўргазмалар, адабиёт ва китоб ноширлиги ҳамда театр каби йўналишларнинг аҳамиятини таъкидладилар.

Сўров жараёнида айрим мавжуд муаммолар ҳам аниқланди. Минтақаларда  маданий тадбирларнинг етишмаслиги фуқаролар томонидан энг долзарб муаммолардан бири сифатида кўрсатилди. Сўровда қатнашганларнинг фикрича, замонавий театрлар, музейлар, студиялар ва концерт майдончаларининг танқислиги аҳамияти бўйича иккинчи муаммо ҳисобланади.  Учинчи ўринда мазмунан турлича, аммо фоиз улуши бўйича тенг бўлган иккита муаммо жой олди – чипталар нархининг қимматлиги ва ёш истеъдодларни етарлича қўллаб-қувватланмаслиги. Биринчиси фуқаролар учун маданий тадбирларнинг иқтисодий жиҳатдан ҳамёнбоп эмаслигини кўрсатса, иккинчиси – фуқароларнинг санъат арбоблари авлодлари ўртасидаги ворислик ва ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш масалаларидан хавотирда эканидан далолат беради. Шунингдек, фуқаролар аҳолининг бир қисмида маданият ва санъатга бўлган қизиқишнинг пастлигини ҳамда сифатли контент етишмаслигини муаммолар рўйхатига киритишди.

Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг аксарияти (57,6%) бугунги кунда Ўзбекистонда маданият ва санъат долзарб тенденцияларга йўналтирилган ва анъанавий шаклларни янгилаётган замонавий форматларга яқинроқ, деган фикрни қўллаб-қувватлайди.

Сўралганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (32,7%) маданият ва санъат тарихий меросни замонавий бадиий шакллар билан уйғунлаштирган ҳолда, анъанавий ва замонавий шаклларни ўзида мужассам этган, деб ҳисоблайди. 8,3% респондентларнинг  фикрига кўра, маданият ва санъат асосан анъанавий шаклларга яқинроқдир.

Жинс кесимида таҳлил қилинганда, маданиятни асосан замонавий деб ҳисоблайдиганлар улуши эркакларда (58,0%) ва аёлларда (57,2%) деярли бир хил экани аниқланди. Шу билан бирга, аёллар анъанавий ва замонавий шаклларнинг уйғунлиги ҳақидаги фикрни кўпроқ ёқлайдилар – 34,2%, эркакларда эса бу кўрсаткич 31,2% ни ташкил этади.

Сўров ёшга доир фарқларни ҳам юзага чиқарди. 25–34 ёшдаги (65,0%) ва 18–24 ёшдаги (63,5%) фуқаролар маданиятни замонавий деб ҳисоблашга кўпроқ мойилдир. Бу мазкур гуруҳларнинг долзарб маданий трендлар ва медиамаконга кўпроқ жалб қилингани билан қонуний равишда изоҳланади. Ёш улғайган сари бу фикрни қўллаб-қувватловчилар улуши камайиб боради ҳамда 55 ва ундан катта ёшдагилар гуруҳида энг паст кўрсаткичга (48,2%) етади.

Маданиятни анъанавий ва замонавий форматлар уйғунлиги сифатида қабул қилишда эса тескари динамика кузатилади: 18–24 ёшдаги фуқаролар орасида  бу нуқтаи назарни 25,7% фуқаролар қўллаб-қувватлаган бўлса, катта ёшдаги гуруҳда (55 ёш ва ундан катталар) унинг улуши 42,3% гача кўтарилади – бу барча ёш тоифалари ўртасидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Маданиятни асосан анъанавий деб қабул қилиш кўпроқ 45–54 ёшдаги (11,7%) ва 18–24 ёшдаги (10,8%) гуруҳлар учун хос бўлиб, ушбу позициянинг энг паст кўрсаткичлари 25–34 ёшдагилар гуруҳида (4,2%) қайд этилган.

Олинган натижалар жамоатчилик онгида Ўзбекистон маданияти ва санъати образи асосан замонавий ҳодиса сифатида устуворлик қилишини кўрсатади, шу билан бирга, маданий соҳани анъана ва замонавийликнинг уйғун бирлашув майдони сифатида қабул қилувчи фуқаролар улуши ҳам сақланиб қолмоқда.

Тадқиқот жараёнида респондентларга: «Сизнинг фикрингизча, миллий маданиятнинг қайси таркибий қисмларини аҳоли ўртасида фаолроқ тарғиб қилиш зарур?» деган савол берилди. Фуқароларнинг жавоблари жамоатчилик эътибори кўпроқ миллий маданиятнинг анъанавий элементларини асраш ва оммалаштиришга қаратилганидан далолат беради. Тадқиқот иштирокчилари миллий кийим ва дизайн (33,3%), миллий мусиқа (32,2%) ва тарихий-маданий меросни (31,9%) энг кўп кўрсатдилар. Ушбу вариантларнинг танланиш даражаси деярли бир хил экани мазкур йўналишларнинг жамоатчилик онгида юқори аҳамиятга эга эканлиги  ҳақида сўз юритиш имконини беради. Шунингдек, респондентлар ўзбек адабиёти, миллий мавзудаги театр ва киноларни, халқ ҳунармандчилигини, анъанавий байрам ва фестивалларни ҳамда миллий рақсларни янада фаолроқ тарғиб қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Миллий маданиятни асраш ва оммалаштиришнинг муҳим шарти фуқароларнинг уни ўрганиш ва қабул қилишга бўлган қизиқишини ошириши мумкин бўлган омилларни тушуниш ҳисобланади. Шу муносабат билан, респондентларга миллий маданият ва анъаналарга бўлган қизиқишни оширишга қайси чоралар ёрдам бериши мумкинлигини белгилаш таклиф этилди.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, фуқаролар фикрига кўра, тарихий-маданий мавзудаги фильм ва сериаллар миллий маданиятга қизиқишни оширишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. Аҳамияти бўйича болалар учун тўгараклар ва дастурлар иккинчи ўринни эгаллади, сўров иштирокчиларининг фикрича, миллий анъаналарга тарбия ва қизиқишни шакллантириш эрта ёшдан бошланиши керак. Фестиваллар ва оммавий тадбирлар учинчи ўринни эгаллади, улар ҳам сўралганлар миллий маданиятни оммалаштиришнинг самарали усули сифатида қаралади.

Шунингдек, сўров давомида фуқаролар миллий маданиятни ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилиш, уни замонавий усулда тақдим этиш, халқаро маданий тадбирларни ўтказиш, туристик ва маданий йўналишларни ривожлантириш ҳамда халқ амалий санъати усталарини қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этдилар.

Тадқиқот давомида ўзбекистонликлар учун маданият ва санъатни ривожлантириш соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватланишнинг энг муҳим йўналишлари аниқланди.

Олинган натижалар шуни кўрсатадики, ёш истеъдодларни рағбатлантиришга қаратилган ташаббуслар энг катта қўллаб-қувватлашга сазовор бўлган. Аҳамияти бўйича иккинчи чора сифатида фуқаролар ёшларни хорижга ўқишга юборишни аташган. Учинчи позицияни мактабларда «Art» дастури ва ижодий тўгаракларни жорий этиш эгаллаган бўлса, театрлар, кинотеатрлар ва концертларга бориш учун бепул ваучерлар тақдим этишга қаратилган ташаббус тўртинчи ўриндан жой олди.

Сўров давомида маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эҳтимолий натижалари ҳақида фуқароларнинг фикри аниқланди. Олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, респондентларнинг фикрича, ёшларнинг ижодга бўлган қизиқишининг ўсиши ислоҳотлардан энг кўп кутилаётган натижа ҳисобланади. Жамият маънавиятини юксалтириш ва миллий ўзликни мустаҳкамлаш кейинги ўринларда турибди.

Фуқаролар, айниқса, амалга оширилаётган ислоҳотларни Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ошириш, туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва истеъдодли ёшлар сонини кўпайтириш билан боғлайдилар.

Ўзбекистонликларнинг маданият ва санъат роли ҳақидаги тасаввурлари уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятига нисбатан ижтимоий истакларини акс эттиради. Сўров натижаларига кўра, маданият ва санъат биринчи навбатда жамият маънавиятини мустаҳкамлаш функциясини бажариши лозим (72,3%). Фуқаролар маданият ва санъатнинг вазифаси сифатида миллий қадриятларни асрашни ҳам ундан кам бўлмаган даражада муҳим деб ҳисоблайдилар (56,9%) ва уларнинг ёшлар ҳамда ўсиб келаётган авлод тарбиясидаги аҳамиятини таъкидлайдилар (53,6%). Шунингдек, фуқаролар маданият ва санъатни аҳолининг умумий маданиятини ошириш (52,9%) ва дунёқарашини кенгайтириш (52,1%) билан боғлайдилар.

Сўров натижалари маданий тадбирлар ҳақида ахборот олишнинг энг талаб юқори бўлган манбаларини аниқлади. Фуқаролар учун Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари (43,7%), телевидение (42,4%) ва Telegram-каналлар  (38,7%) энг кенг тарқалган ахборот каналлари ҳисобланади. Шундай қилиб, ўзбекистонликларнинг асосий қисми маълумотларни асосан рақамли платформалар ва анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали оладилар. Қолган манбалардан камроқ фойдаланилади.

Жинс бўйича маданий тадбирлар ҳақида маълумот олиш каналларидаги фарқлар умуман олганда сезиларли эмас. Аёллар (45,1%) эркакларга (39,8%) қараганда маълумотни кўпроқ телевидение орқали оладилар. Эркаклар (39,8%) Telegram-каналлардан аёлларга (37,5%) нисбатан бироз кўпроқ фойдаланадилар. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам Instagram ва Facebook'дан фаол фойдаланадилар (мос равишда 45,5% ва 41,8%).

Ёш кесимидаги таҳлилнинг аниқлашича, 18–24 ёшдаги фуқаролар учун Instagram ва Facebook маданий тадбирлар ҳақида асосий ахборот манбаи ҳисобланади – 71,6%. Шунингдек, Telegram ҳам муҳим роль ўйнайди (45,9%), телевидениедан эса сезиларли даражада кам фойдаланилади – 14,9%. 25–34 ёшдагилар гуруҳида Instagram асосий манба бўлиб қолмоқда (56,7%), Telegram юқори аҳамиятини сақлаб турибди (37,5%), телевидение эса аста-секин 25,8% гача кучаймоқда. Бу рақамли ва анъанавий медиа ўртасидаги ўтиш гуруҳидир. 35–44 ёшли респондентлар ўртасида кўпроқ мутаносиб тузилма кузатилади: Telegram – 47,7%, Instagram – 51,7%, телевидение – 33,0%. Бу гуруҳда энг кенг каналлар тўпламидан фойдаланилади. 45–54 ёшда телевидение асосий ахборот манбаига айланади – 58,6%, Instagram эса 30,6% гача камаяди, Telegram эса 36,0% даражасида қолади. 55 ва ундан катта ёшдагилар гуруҳида телевидение устувор ахборот канали ҳисобланади – 70,8%, Telegram 26,3% ни, Instagram эса 17,5% ни ташкил этади, бу катта ёшли аудиториянинг анъанавий медиага барқарор йўналтирилганини кўрсатади.

Умуман олганда, жинсдан кўра ёш омили ахборот каналларини танлашга анча кучли таъсир кўрсатишини таъкидлаш мумкин. Ёшлардаги ижтимоий тармоқлардан катта ёшли гуруҳлардаги телевидениега ўтиш аниқ кўринади, бунда Telegram улар ўртасида оралиқ мавқени эгаллайди.

Маданий тадбирларга бориш мотивларини ўрганиш шуни кўрсатдики, сўров иштирокчиларининг аксарияти учун, биринчи навбатда, ҳордиқ чиқариш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш имконияти  (55,4%) маданий тадбирлар ёки объектларга боришнинг асосий сабаби ҳисобланади. Санъатга бўлган қизиқиш (31,4%) ва оила билан вақт ўтказиш имконияти (31,0%) билан боғлиқ мотивлар деярли бир хил аҳамиятга эга. Шунингдек, маданий тадбирларга бориш янги нарсаларни билиш ва маданий савияни ошириш истаги (20,7%) билан ҳам боғлиқдир.

Фуқароларнинг қайд этишича,  маданий тадбирларга боришни ўзлари учун болаларни ривожлантириш ва тарбиялаш, уларни маданият ва санъатга ошно қилишнинг қўшимча имконияти деб ҳисобланади, респондентлар учун одамлар билан мулоқот қилиш ва миллий маданиятни қўллаб-қувватлаш сабаби ҳам муҳимдир.

Сўров давомида маданий тадбирларга бориш сабабларини ўрганиш билан бир қаторда, фуқароларнинг маданий ҳаётдаги иштирокини чекловчи омиллар ҳам аниқланди. Энг кенг тарқалган сабаблар – бўш вақтнинг етишмаслиги, маданият ва санъат объектларининг ҳудудий жиҳатдан узоқлиги ҳамда оилавий ёки рўзғор мажбуриятлари бўлиб чиқди.

Аҳолининг маданий инфратузилмани ривожлантиришга бўлган эҳтиёжини баҳолаш учун сўров иштирокчиларига уларнинг яшаш жойларида қайси маданий объектлар энг зарурлигини белгилаш таклиф этилди. Фуқароларнинг фикричаянги шаклдаги кутубхоналар, замонавий кинотеатрлар, концерт майдончалари ҳамда музейлар ёки кўргазма заллари  энг кўп талаб қилинадиган объектлар ҳисобланади.

Умуман олганда, ўтказилган жамоатчилик фикри тадқиқоти натижалари шуни тасдиқлайдики, жамоатчилик онгида маданият ва санъат нафақат миллий меросни асраш соҳаси, балки жамиятнинг маънавий ривожланиши, ёшлар тарбияси, фуқаролик ўзлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг бунёдкорлик салоҳиятини шакллантиришнинг энг муҳим ресурси сифатида қабул қилинади. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жамоатчилик томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланиши Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор омилларидан бири сифатида маданият, санъат ва адабиётни янада ривожлантиришга нисбатан барқарор ижтимоий сўров мавжудлигини тасдиқлайди.

Тадқиқот натижалари жамоатчилик фикрида маданият ва санъат давлат ва жамиятни келгусида ривожлантиришнинг стратегик омилларидан бири сифатида қабул қилинишини исботлайди. Сўнгги йилларда маданият ва санъат соҳасида юз берган ижобий ўзгаришларнинг эътироф этилиши, давлат ташаббусларининг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда фуқароларнинг маданий инфратузилмани янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва миллий меросни асраш борасидаги кутишлари маданият ва санъат соҳасида миллатнинг маънавий салоҳиятини мустаҳкамлаш, аҳолининг маданий неъматлардан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтириш, фуқароларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва барқарор ижтимоий-маданий тараққиётни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш учун мустаҳкам ижтимоий асос мавжудлигини тасдиқлайди.