3

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 35 ЙИЛЛИГИ: ЎТМИШ, БУГУН ВА КЕЛАЖАККА ЖАМИЯТНИНГ НИГОҲИ

(жамоатчилик фикри сўрови натижалари асосида)

1991 йил 1 сентябрда дунё сиёсий харитасида янги мустақил давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди. Бу кун буюк тарихий ўзгаришларнинг бошланиши бўлиб, унинг давомида Ўзбекистон халқи ўзининг бой тарихий ва маданий меросига таяниб, замонавий, динамик равишда ривожланаётган давлатни барпо этиш йўлига дадил қадам қўйди.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилиб, давлатчилик асослари мустаҳкамланди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этиладиган суверен, демократик, ҳуқуқий, дунёвий давлат мақоми мустаҳкамланди.

Сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишда эришилган муваффақиятлар мамлакатимиз давлатчилиги ва унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш ва фуқароларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган энг муҳим вазифаларни ҳал этиш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.

Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакат босиб ўтган йўлни сарҳисоб қилиш, давлат ва жамиятнинг бугуни ва келажагига нисбатан фуқароларнинг баҳолари, қадриятлар ва кутилмаларига мурожаат қилиш имконини берувчи муҳим ижтимоий-сиёсий ва тарихий сана ҳисобланади.

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган сўровнинг долзарблиги мустақиллик тўғрисидаги жамоатчилик фикрини, унинг фуқаролар қадриятлари тизимидаги ўрнини ўрганиш, мамлакатни ривожлантиришнинг ўзбекистонликлар учун энг аҳамиятли бўлган натижаларини баҳолаш, шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистонни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақидаги тасаввурини аниқлаш зарурати билан белгиланади.

Ўттиз беш йил — бу мустақиллик тарихий воқеадан кундалик ижтимоий онгнинг бир қисмига айланган даврдир. Мустақил Ўзбекистонда туғилиб ўсган фуқаролар авлоди шаклланди. Айнан шунинг учун ҳам бугунги кунда жамият мустақиллик тушунчасига қандай маъноларни юкламоқда, нималар унинг энг асосий ютуғи сифатида идрок этилмоқда ва фуқаролар келажакда давлатни қандай қиёфада кўришни истайдилар, деган савол устувор аҳамият касб этмоқда.

Ушбу савол амалий ва илмий аҳамиятга эга. Жамоатчилик фикри мустақилликни нафақат сиёсий-ҳуқуқий категория ёки тарихий факт, балки ижтимоий онгда акс этган ижтимоий ва қадриятли воқелик сифатида кўриб чиқиш имконини беради.

Тадқиқотнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" 2026 йил 1 апрелдаги қарори ташкил этади.

Қарорда мустақилликнинг тадқиқот учун принципиал аҳамиятга эга бўлган қуйидагича тавсифи мавжуд: "Бизнинг миллий мустақиллигимиз мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимиз орзу-умидларининг рўёби бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир".

Қарор билан, шунингдек, давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашнинг "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" деган бош ғояси тасдиқланди, у қадриятларни ўрганиш, фуқаролик ўзлигини англаш, мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси ва унинг келажагини яратишда иштирок этишга тайёрлик ҳиссини тарбиялашнинг долзарблигини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 июндаги "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Фармонида мамлакатни янгиланган Конституция ва "Ўзбекистон - 2030" стратегияси асосида ривожлантириш натижалари: ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу муносабат билан ушбу маъноларнинг фуқаролар тасаввурида қай даражада акс этишини ўрганишнинг долзарблиги ортиб бормоқда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш фуқароларнинг мустақиллик тўғрисидаги фикри ва тасаввурини ҳар томонлама ўрганишга, ўзбекистонликларнинг мустақиллик йилларида мамлакат эришган ютуқларга берган баҳосини ва уларнинг Ўзбекистонни янада ривожлантириш билан боғлиқ умидларини аниқлашга қаратилган.

Сўров давомида ўзбекистонликларга "Мустақилликнинг 35 йиллиги яқинлашаётгани Сизда қандай ҳис-туйғуларни уйғотмоқда?" деган савол берилди. Респондентлар орасида “Фахр-ифтихор туйғуси” деган жавобнинг энг кенг тарқалгани аниқланди. Бу туйғуда ўз мамлакатига нисбатан ҳурмат-эҳтиром, унинг ютуқларини эътироф этиш ва келгуси ривожланишига бўлган ишонч ҳисси мужассамлашган. Фуқароларнинг фикрича, ўтган ўн йилликларда мустақиллик нафақат тарихий танлов, балки давлатчиликнинг мустаҳкамланиши, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ривожланиши, ёшларнинг муваффақиятлари, илм-фан, маданият ва спортдаги ютуқлар, мамлакатнинг халқаро нуфузи юксалиши каби аниқ натижалар билан тўлдирилаётган воқеликка айланди. Ўз юртидан фахрланиш туйғуси аксарият ўзбекистонликларга хос бўлиб, у фуқароларнинг Ўзбекистон тарихи ва замонавий тараққиёти билан ҳиссий боғлиқлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.

"Байрамона, кўтаринки ва шодиёна кайфият" деган жавоб тури тарқалганлик бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Мустақиллик куни арафасида фуқаролар алоҳида шодиёналик ва байрамни орзиқиб кутиш туйғусига тўлиб-тошган. Бу кайфият умумий ҳиссий кўтаринкилик сифатида сезилади, бинобарин, муҳим сананинг яқинлашаётгани ёрқин ҳис-туйғулар, яхши кайфият ва байрам муҳитини яқинлар ҳамда атрофдагилар билан баҳам кўриш хоҳиш-истагини уйғотади.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ушбу байрам арафасидаги кунларда мамлакат фуқаролари учун "миллий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғуси" хосдир. Ўзбекистонликлар учун мустақиллик юбилейи ўзаро яқинликни юракдан ҳис қилиш, умумий тарих ва бир мамлакатга мансублик ҳисси алоҳида аҳамият касб этадиган даврга айланмоқда.

Фуқаролар учун мустақиллик келажакка бўлган умид ва ишонч билан чамбарчас боғлиқлиги муҳим кўрсаткичдир. Мустақиллик фуқаролар томонидан орзу-умидлар ва ҳаётий истиқболлар учун пойдевор сифатида баҳоланмоқда.

Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимиз фуқаролари бошдан кечираётган кенг тарқалган туйғу - "мамлакат тақдири учун шахсий жавобгарлик ҳисси"дир. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг ҳис-туйғулари фақат байрамона лаҳзаларни ҳис этиш билан чекланмайди, бу уларнинг мамлакат ривожига ўз куч-ғайратини сарфлашга, унинг бугуни ва келажагига дахлдор бўлишга тайёрлиги билан ҳам боғлиқдир.

Сўров иштирокчиларини муҳим сана арафасида ҳаяжонлантираётган "кекса авлоддан миннатдорлик" ҳисси ҳам ижтимоий онгдаги тарихий ворисийлик алоҳида аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Мамлакатнинг бугунги ҳолати олдинги авлодларнинг бебаҳо туҳфаси сифатида идрок этилмоқда. Фуқаролар ҳис қилаётган миннатдорлик туйғуси бугунги кун ютуқларини мамлакатни шакллантиришнинг аввалги даврларида ўз меҳнати билан иштирок этганлар шахси билан боғлайдиган тарихий хотиранинг алоҳида шаклидир.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови мустақиллик йилларида мамлакатнинг энг муҳим ютуқлари ҳақида ўзбекистонликларнинг тасаввурини аниқлади.

Иқтисодий ривожланиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иш ўринларини яратиш сўров иштирокчилари мамлакатни ривожлантириш натижалари билан боғлайдиган йўналишлар қаторига киради. Жамоатчилик фикрида иқтисодий соҳадаги ютуқлар иқтисодиётнинг ўсиши, ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолликнинг кенгайиши, тадбиркорлик, меҳнат билан бандлик ва фуқаролар фаровонлигининг ошиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан бевосита боғлиқдир. Сўров натижалари шуни тасдиқладики, иқтисодий ўзгаришлар ўзбекистонликлар ҳаётини ижобий томонга ўзгартирмоқда, янги даромад манбаларининг пайдо бўлишига ёрдам бермоқда, бизнес юритиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда оилаларнинг турмуш даражасини ошириш учун янги имкониятлар очмоқда.

Ўзбекистонликлар тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлашни мамлакатнинг мустақиллик йилларидаги энг муҳим ютуқлари қаторига киритдилар. Фуқаролар учун тинчлик ва хавфсизлик олий қадрият бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим асосидир.

Сўров давомида ўзбекистонликлар сўнгги йилларда мамлакатимиз давлат суверенитети ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда катта натижаларга эришганини таъкидлашди. Тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, юз берган ўзгаришлар давлатнинг миллий хавфсизликни мустақил таъминлаш ва замонавий таҳдидларга қарши туриш қобилиятининг изчил мустаҳкамланиб бораётганини акс эттиради.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида мамлакатимиз аҳолининг турмуш даражаси ва ижтимоий ҳимоясини ошириш масалаларида ютуқларга эришди, деган тасаввур кенг тарқалган. Фуқаролар ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, камбағаллик даражасини пасайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, фаровонликни ошириш ва турмуш сифатини яхшилаш учун имкониятлар яратишдаги ижобий ўзгаришларни қайд этмоқда.

Таълим, илм-фан ва ёшлар учун имкониятларни ривожлантириш борасидаги ютуқ ва муваффақиятлар ҳам сўров давомида мамлакат фуқаролари томонидан юқори баҳоланди. Ушбу йўналишнинг юқори баҳоланиши фуқароларнинг тасаввурида мустақиллик ютуқлари нафақат эришилган натижалар, балки келгуси авлодлар учун қандай имкониятлар очилаётгани билан ҳам ўлчанишидан далолат беради. Айнан инсон капитали Ўзбекистонни янада ривожлантиришнинг энг муҳим ресурсларидан бирига айланмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланиши энг муҳим ютуқлар қаторига киритилди. Фуқаролар тиббий инфратузилманинг янгиланиши, хизматларнинг қулайлиги ва сифатини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти ривожланаётганини таъкидламоқда. Ўзбекистонликлар учун бу ўзгаришларнинг аҳамияти, айниқса, катта, чунки инсон саломатлиги ва оила фаровонлиги ҳаёт сифатининг бевосита кўрсаткичи ҳисобланади. Шунинг учун тиббиётнинг ривожланиши мустақилликнинг умумий ижтимоий натижасининг муҳим қисми сифатида идрок этилади.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг фикрича, инфратузилмани ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш мамлакатнинг сўнгги йиллардаги муҳим ютуғи ҳисобланади. Янги йўллар, янгиланган кўчалар, замонавий турар- жойлар, ободонлаштирилган ҳудудлар ва жамоат жойлари шаҳар ва қишлоқларнинг одатий қиёфасини аста-секин ўзгартириб бормоқда. Айнан шу манзара инфратузилмавий ўзгаришларни мамлакатнинг сўнгги йиллардаги энг сезиларли ютуқларидан бирига айлантирмоқда.

Рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Тадқиқот иштирокчилари бунга мустақилликнинг ютуқларидан бири сифатида қарамоқдалар. Рақамли технологиялар аста-секин фуқароларнинг кундалик ҳаётига — давлат хизматлари ва электрон тўловлардан тортиб, то таълим, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларгача кириб бормоқда.

Сўров натижалари миллий маданият, тил ва анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилганини кўрсатди. Сўров иштирокчилари миллий ўзликни англаш, она тилини асраб-авайлаш, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, анъаналарни ва тарихий хотирани асраб-авайлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этишди. Мустақиллик йилларида миллий маданият нафақат авлодлар томонидан тўпланган бойликларни асраб-авайлаш, балки замонавий ҳаётда ўз ўрнини топиб ривожланиш имкониятига ҳам эга бўлди.

Давлат бошқаруви ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида эришилган натижаларни ҳам сўров иштирокчилари мамлакатнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари қаторига қўшди. Фуқароларнинг фикрича, ижтимоий ҳаётнинг тузилишида ўзгаришлар юз бермоқда, давлат бошқаруви самарадорлиги ошмоқда, давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда, жамоатчилик иштироки ва фуқароларнинг давлат институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтириш механизмлари ривожланмоқда.

Фуқаролар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ўсишини мустақилликнинг энг муҳим ютуқларидан бири деб кўрсатишди. Сўров иштирокчиларининг тасаввурича, мустақил ривожланиш йилларида мамлакат халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлади, ҳамкорлар доирасини кенгайтирди ҳамда минтақавий ва глобал жараёнларда фаолроқ иштирок этмоқда.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиши тадқиқот иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Ўзбекистонликларнинг фикрича, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши мустақил тараққиётнинг муҳим натижаларидан бири бўлди, чунки бу Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва истиқболига бевосита таъсир кўрсатади. Фуқаролар савдо, транспорт, таълим, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, ўзаро ишонч мустаҳкамланиб, қўшма лойиҳалар учун янги имкониятлар пайдо бўлаётганини таъкидлашди. Шу нуқтаи назардан, яхши қўшничилик мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим ютуғи сифатида идрок этилади, бинобарин, унинг натижалари нафақат давлатлар даражасида, балки оддий одамлар ҳаётида ҳам сезилади.

Спортнинг ривожланиши ва ўзбек спортчиларининг халқаро майдондаги юксак ютуқларини ҳам фуқаролар мустақил Ўзбекистоннинг муваффақиятлари билан боғлашди. Сўров иштирокчилари спортчиларнинг йирик халқаро мусобақалардаги ғалабаларини миллий муваффақиятнинг энг кучли даражада ҳиссий идрок этиладиган рамзларидан бири сифатида қайд этишди. Жамоатчилик фикрида бундай ютуқлар спортнинг ўзидан анча кенгроқ доирада ҳам аҳамиятга эгалиги таъкидланди: улар мамлакатнинг имкониятларини намойиш этади, фахр-ифтихор туйғусини шакллантиради ва ёшлар учун намуна бўлади. Ҳар бир халқаро ғалабанинг ортида фуқаролар меҳнат, интизом, профессионал тайёргарлик ва Ўзбекистонни жаҳон майдонида муносиб намоён этиш хоҳиш-истагини кўради.

Умуман олганда, сўров натижалари ўзбекистонликлар мустақилликни мамлакатда ўн йиллар давомида содир бўлган ўзгаришлар мажмуи орқали идрок этишини кўрсатди. Ўзбекистонликлар учун мустақилликнинг ютуғи — бу Янги Ўзбекистон, бу давлат суверенитети мустаҳкамланган, иқтисодиёти ривожланаётган, янги ижтимоий ва таълим имкониятлари, замонавий инфратузилмаси, халқаро нуфузи ўсиб бораётган, шу билан бирга миллий ўзига хослигини сақлаб қолган мамлакатдир.

Ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, сўнгги йилларда Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган вазмин ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон халқаро майдонда ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади, стратегик ҳамкорлар доирасини кенгайтирди, минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда иштирокини фаоллаштирди ҳамда халқаро мулоқотнинг кўзга кўринган марказига айланди, деган тасаввур жамоатчилик фикрида устунлик қилмоқда. Мамлакатимиз яқин ва узоқдаги хориж давлатлари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантирмоқда, Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамламоқда, шунингдек, замонамизнинг тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдан тортиб иқлим ва экологик даъватларни енгиб ўтишгача бўлган глобал муаммоларини ҳал этишга реал ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистоннинг БМТ майдонида таълимни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва Оролбўйи экотизимини тиклашга қаратилган ташаббусларни илгари суриши мамлакатнинг халқаро жараёнларнинг фаол иштирокчиси ролидан ўз ташаббусларини шакллантирадиган ва дунёга аниқ ечимларни таклиф қиладиган давлат ролига ўтганидан далолат беради.        

Олинган маълумотлар ўзбекистонликлар мамлакатнинг халқаро мавқеида юз берган ўзгаришларни юқори даражада ижобий баҳолашини тасдиқлади: респондентларнинг аксарияти мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш масалаларидаги ижобий динамикани таъкидлади. Мамлакат фуқаролари учун мамлакатнинг ташқи сиёсий ҳолатидаги ўзгаришлар Ўзбекистоннинг дунёга очиқ, ўз манфаатларини ишонч билан ҳимоя қиладиган ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликка тайёр бўлган замонавий қиёфасининг сезиларли қисмига айланди. Мамлакатнинг халқаро ютуқлари ўзбекистонликлар томонидан ўз мавқеини мустаҳкамлаётган ва минтақа ҳамда дунё учун умумий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшишга интилаётган мустақил давлат ютуқларининг муҳим таркибий қисми сифатида идрок этилмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузидаги юксалиш фуқаролар учун нафақат ташқи сиёсий муваффақият кўрсаткичи, балки миллий ғурур ва ифтихорга, мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини ишончли эгаллаётганидан далолат берувчи далиллардан бирига айланмоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари ўзбекистонликларнинг миллий ҳамжиҳатлик пойдевори бўлган қадриятларга содиқлигини тасдиқламоқда. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, фуқароларни бирлаштирувчи қадриятлар орасида оила биринчи ўринда туради. У фуқарони тарбиялашнинг бирламчи институти ҳисобланади, миллий ўзликни англашнинг таянчи бўлиб хизмат қилади, маданият, анъаналар ва ахлоқий қадриятларни сақлаш ҳамда келгуси авлодларга етказишга ёрдам беради.

Ўзбекистон фуқароларини бирлаштирувчи иккинчи қадрият - тинчлик ва барқарорликка интилишдир. Ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар шароитида тинчлик ва барқарорлик жамиятнинг прогрессив ривожланиши учун таянч ва фуқароларнинг асосий қадрияти ҳисобланади.

Ўзбекистон халқини бирлаштирувчи қадрият умумий ягона Ватан ва фуқаролик туйғуси ҳисобланади. Фуқаролар фуқароликка муҳим аҳамият берадилар, чунки у фуқаролик ўзлигини шакллантиришга ёрдам беради, фуқароларни, халқни ягона миллатга бирлаштиради.

Сўров давомида фуқаролар ўзбекистонликларни она юртга бўлган муҳаббат бирлаштиришини таъкидладилар. Кўпчилик учун бу туйғу болалиги ва ёшлиги ўтган жой, она шаҳри ёки қишлоғи, яқин кишилари, туғилган юрт табиати ва одатий турмуш тарзи билан боғлиқ. Ватан билан бундай ҳиссий боғлиқлик уни фаровон ва гуллаб-яшнаган ҳолда кўриш, унинг меросини асраб-авайлаш ва келажакка ишонч билан қараш хоҳиш-истагини шакллантиради ва бу, сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатнинг аксарият фуқароларига хосдир.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, тарихий хотира, маданият ва анъаналар ҳам ўзбекистонликларга хос бўлган қадриятдир. Респондентларнинг фикрича, маданий мерос авлодларни узвий боғлайди, ворисийликни сақлайди ва умумий тарихий тажрибани англашга ёрдам беради. Олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, маданият, анъаналар ва маънавий мерос фуқаролар томонидан ижтимоий ҳамжиҳатликнинг муҳим шарти сифатида идрок этилади.

Ўзаро ёрдам ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, турли миллат ва динлар вакилларига ҳурмат ҳам, сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимиз аҳолисини бирлаштирувчи қадриятлар сирасига киради.

Умуман олганда, тадқиқот мустақиллик ва унинг ижтимоий онгдаги аҳамияти ҳақидаги ижобий тасаввурларнинг юқори даражасини аниқлади. Ўттиз беш йил — бу мамлакатнинг бугуни, унинг ижтимоий қадриятлари ва келажак ҳақидаги тасаввурлар шаклланган бутун бир даврдир. Бугун мустақиллик ўтмиш ҳақидаги хотиралар, бугунги кун ютуқлари ва Ўзбекистоннинг янада ривожланиши ҳамда янги имкониятлар сари олдинга интилиши мужассамлашган жонли воқелик сифатида идрок этилмоқда.