04.09.2026
4
МИЛЛИЙ МЕРОС ВА МАЪРИФАТ МАСКАНИГА ТАШРИФ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Мазкур ташриф миллий ва маънавий меросни чуқур англаш, халқимизнинг кўп асрлик илмий-маърифий анъаналари, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда мамлакатимизда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф давомида Марказ ходимлари Ислом цивилизацияси марказида жамланган тарихий манбалар, нодир қўлёзмалар ва экспозициялар, шунингдек, аждодларимизнинг илм-фан, таълим, маданият ва маърифат тараққиётидаги ўрнини акс эттирувчи материаллар билан танишдилар.
Айниқса, Марказ фаолиятида жамоатчилик фикри, миллий қадриятлар, ижтимоий хотира, маънавий мерос ва жамиятдаги қадриятлар трансформациясини ўрганиш муҳим ўрин тутишини ҳисобга олганда, мазкур ташриф алоҳида аҳамият касб этди. Тарихий меросни замонавий талқинда ўрганиш жамиятда миллий ўзликни англаш, авлодлар ўртасидаги маънавий ворисийлик ва фуқароларнинг тарихий хотирага муносабатини социологик жиҳатдан таҳлил қилиш учун ҳам муҳим илмий-маърифий асос бўлиб хизмат қилади.
Ташрифнинг асосий мақсадларидан бири ходимларнинг тарихий-маданий билимларини бойитиш, миллий меросга дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, илмий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда социологик тадқиқотларда жамиятнинг маънавий ва қадриятларга оид жараёнларини янада чуқур англашга хизмат қилувчи янги ёндашувларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Шу нуқтаи назардан, Ислом цивилизацияси марказига ташриф оддий танишув тадбири доирасидан чиқиб, тарихий мерос, замонавий жамият ва жамоатчилик онги ўртасидаги боғлиқликни англашга қаратилган маърифий мулоқот майдони вазифасини бажарди.
Ташриф натижасида Марказ ходимлари халқимизнинг бой илмий ва маданий мероси, аждодларимиз яратган маърифий мактабларнинг тарихий аҳамияти ҳамда уларнинг бугунги жамият тараққиётидаги ўрни ҳақидаги билим ва тасаввурларини янада бойитдилар.
Бундай маърифий ташрифлар ходимларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган корпоратив муҳитни мустаҳкамлаш, шунингдек, жамоатчилик фикрини ўрганишда тарихий хотира, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларнинг ижтимоий аҳамиятини янада теран англашга хизмат қилади.

