20.03.2024
200
Наврўз асрлар қаъридан бизгача етиб келган энг ёрқин ва сержило халқ байрамларидан бири ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йилнинг 23 февралида бўлиб ўтган 64-сессиясида 21 март Халқаро Наврўз куни сифатида эътироф этилган.
Ўзининг ноёб, бетакрор фазилатлари билан эзгулик ва тараққиётга хизмат қилаётган ушбу байрамнинг беқиёс аҳамиятини инобатга олиб, уни юксак ташкилий савияда ўтказиш мақсадида Президентимиз Ш.M.Мирзиёев мамлакат ҳукуматига “Олам нурга тўлсин, сен билан, Наврўз!” шиори остида умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий савияда ўтказиш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида[1] Наврўз билан боғлиқ халқ урф-одатлари ва анъаналарини қайта тиклаш ва асраб-авайлашга, бутун тирик мавжудотнинг баҳорги уйғониши, инсоннинг табиат билан уйғунлиги, жонажон диёримизга нисбатан меҳр ва ғамхўрлик намуналари билан боғлиқ байрамнинг бош ғояси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, онги ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилган.
Наврўз байрами арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан мамлакат аҳолиси ўртасида “ЎЗБEКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ НАВРЎЗ БАЙРАМИ ҲАҚИДА” мавзусида сўров ўтказилди. Тадқиқотда республикамизнинг барча минтақаларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги эркак ва аёллар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат вакиллари, ҳар хил соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган аҳолининг турли ижтимоий қатламлари вакиллари иштирок этишди. Сўровда ўзбекистонликларнинг Наврўз байрамига, Шарқ тақвими бўйича Янги йилни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарга муносабати аниқланди, шунингдек, мамлакатимиз фуқароларининг 21 март арафасидаги кайфияти ўрганилди.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида Наврўз қувонч, некбинлик, завқ ва умид манбаи эканлиги ҳақидаги тасаввурлар устунлик қилмоқда. Аксарият ўзбекистонликларнинг фикрича, ушбу қадимий ва ажойиб байрам бизнинг давримизда инсон ва табиат уйғунлиги байрами, янги ҳаётнинг бошланиши сифатида янада катта аҳамият касб этмоқда. Фуқароларнинг ишончи комилки, Наврўз Халқаро байрам мақомига эга бўлиб, халқлар ўртасидаги бирлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Респондентларнинг “Сиз учун Наврўз байрами нимани англатади?” деган саволга жавоблари кўпчилик респондентлар учун Наврўз баҳор фасли келишини, табиат ва ернинг уйғониши ва янгиланишини, инсоннинг табиат билан бирлигини ифодалашини кўрсатди. Бу баҳор ва ёшлик байрами, фаровонлик ва уйғониш даракчиси, табиатда ҳам, одамлар ҳаётида ҳам эзгуликка бўлган ёрқин орзу-умидлар ва ўзгаришлар рамзидир.
Сўралганларнинг фикрича, Наврўз мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча халқларнинг маънавий-маданий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, жамиятда, ҳар бир оилада тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, эзгулик ва инсонпарварлик, дўстлик ва ўзаро ёрдам ғояларини мужассам этади, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва маданиятларни ўзаро бойитишга кўмаклашади, мамлакатимизда интеграция ва маънавий юксалишнинг янада ривожланишига ҳисса қўшади.
Шунингдек, сўров иштирокчилари Наврўзни болаликдан энг севимли байрам сифатида билишади, улар учун Наврўз анъанавий байрам дастурхонлари, оилавий ва дўстона зиёфатлар, халқ сайиллари, шодлик ва ўйин-кулгилар билан боғлиқ бўлиб, уларда болалар, ёшлар, ўрта ва кекса ёшдаги кишилар бирдек завқ билан иштирок этадилар.
Наврўз байрами мамлакатимизнинг барча минтақаларида кенг нишонланади, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ён-атрофидаги кам таъминланганларга ёрдам бериш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш, кексаларга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш, болаларни совғалар ёки ширинликлар билан сийлашни ҳамда эзгу, беғараз ишлар қилишни ўзининг бурчи, деб билади. Лекин барча ўзбекистонликларни бирлаштирган асосий жиҳат – бу оиланинг илиқ ва самимий даврасида жам бўлиш, оила аъзолари ва яқинларига мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва барча ишларида муваффақиятлар тилаш имкониятидир. Сўров шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги байрамни уйда, оила даврасида, қариндошлари ва дўстлари билан байрам дастурхони атрофида ўтказишни режалаштирмоқдалар.
Шунингдек, тадқиқот шуни кўрсатдики, мамлакат аҳолиси Наврўз байрамини фаол нишонлаш ва халқ сайилларида қатнашишни режалаштирмоқдалар, болалар билан маданият ва истироҳат боғларига боришни, баҳор табиатидан баҳраманд бўлишни маъқул кўрадилар.
Фуқароларнинг фикрича, Наврўз байрамининг муҳим белгиси, анъанага кўра, миллий таомлар ва ширинликлардан иборат байрам дастурхони ҳисобланади. Йил давомида мўл-кўлчилик уларни тарк этмаслиги учун байрам дастурхони таомлар билан тўла бўлиши кераклигига сўров иштирокчиларининг ишончи комил.
Наврўзда меҳмонга ташриф буюриш ёки меҳмон кутиш анъанаси кўпчилик респондентларга хосдир, шунингдек, респондентларнинг фикрича, Наврўз ишдан дам олиш ҳамда қизиқарли телекўрсатувлар ва байрам концертларини томоша қилиш, оила билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига, музей ва кўргазмаларга ташриф буюриш учун яхши имкониятдир.
Наврўз байрамининг асосий, бош таоми сумалак ҳисобланади. У эзгулик, ҳамжиҳатлик ва бирликнинг ҳақиқий рамзидир. Ушбу мазали ва кони фойда таомни тайёрлашда бутун маҳалла аҳли иштирок этади, чунки у таомилга кўра бу тадбирнинг барча иштирокчиларига омад ва фаровонлик, соғлиқ ва бахт келтиради. Респондентларнинг ярмидан кўпи – 57,6% сумалак тайёрлашда албатта иштирок этишларини, бу улар учун аждодлар анъаналарига ҳурмат бажо келтириш ва яхши, дўстона даврада вақт ўтказиш имконияти эканлигини таъкидлашди.
Ўтказилган сўров натижаларининг кўрсатишича, 86,1% ўзбекистонликлар учун Наврўз болаликдан энг яхши хотиралар билан боғланган, одамларда энг эзгу ва самимий туйғуларни уйғотадиган, асрлар давомида дўстлик ва биродарлик анъаналарини шакллантираётган, ўзаро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш анъаналари сингдирилган севимли ва муҳим байрам саналади.
Ўзбекистонликлар Шарқ тақвимига кўра баҳор, табиатнинг уйғониши ва янгиланиши рамзи, Янги йил бошланиши билан боғланган Наврўз байрамини катта иштиёқ ва шодлик билан кенг нишонлашмоқда. Айни пайтда байрам ҳар бир инсон учун алоҳида аҳамият ва мазмунга эга. “Сизга Наврўз байрами нима учун муҳим ва аҳамиятли саналади?” деган саволга жавобларида ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу чуқур рамзий маънога эга бўлган, илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган, энг қадимий ва чинакам халқ байрами, унинг нишонланиши замонлар ва авлодларнинг ўзаро боғлиқлигини ифодалайди, деб таъкидлашди. Наврўзга бўлган бундай эҳтиромли муносабат фуқароларимизнинг Ўзбекистон тарихига, ўз аждодларининг бой маданияти ва меросига бўлган чуқур ҳурматидан, Наврўз билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, фарзандлари ва невара-эвараларига етказиш истагидан далолат беради.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, Наврўз байрамининг муҳим таркибий қисми инсон ва табиатнинг бирлиги, айниқса, бу ажойиб кунларда биз ўзимизни атроф-олам билан чамбарчас боғлиқликда ва у билан ҳамнафас яшаш истагида ҳис қилишимиз ҳисобланади.
Наврўз кириб келиши билан ўзбекистонликлар қувончли орзу-умидларга тўлиб, эртанги кунга некбинлик билан қарашади, барча қийинчиликлар ва мусибатлар ортда қолишига ишонадилар.
Баҳор фасли ва барча учун севимли байрамнинг кириб келиши ўзбекистонликлар қалбини оилавий тафт билан илитади, оила аъзолари ва дўстлари билан мулоқот қилиш қувончини бағишлайди, фуқароларда ижобий кайфиятни шакллантиришга хизмат қилади. Фуқаролар Наврўз ўз хонадонларига бахт ва омад, фаровонлик ва тараққиёт, тинчлик ва тотувлик олиб келишига, режалаштирилган барча режалар ҳамда энг дадил ташаббусларнинг амалга ошишига умид билдирмоқдалар.
Умуман олганда, сўров натижалари шуни кўрсатдики, Наврўз мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун улкан мужассамлаштирувчи кучга эга, бу қадимий, эзгу байрам яшаш минтақаси, ёши, жинси, миллати ва касб-коридан қатъи назар, барча ўзбекистонликларга маънан яқин ва ҳамоҳанг бўлиб, уларнинг қалбида акс-садо беради.
Наврўз кунларида юртимиз аҳолиси анъанага кўра тўкин-сочин дастурхон атрофида жам бўлиб, оила аъзолари, дўстлари, яқинларига шодлик ва кўтаринки кайфият улашади.
Сўров фуқаролар томонидан баҳор ва ёшлик, ёрқин орзу-умидлар ва янгиланиш рамзи сифатида қабул қилинган Наврўз байрами мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилиши, катта маънавий-ахлоқий аҳамият касб этиши, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик ва бунёдкорона меҳнатга интилиш каби сифатларни тарбиялаши, аҳолига кўтаринки кайфият бағишлаб, ёрқин келажакка ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беришини тасдиқлади. Байрам арафасида ўзбекистонликларнинг қалби қувончли орзу-умидлар билан тўлиб-тошган, улар буни доимгидек мамлакат, жамият ва ҳар бир ўзбекистонлик ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар билан боғламоқдалар.