8

Ўзбекистон ёшлари қандай қадриятларни танлашмоқда?

Ёшларнинг қадриятлари ва ҳаётий қарашлари кўп жиҳатдан уларнинг хулқ-атвори, касб танлаши, оилага, таълимга, меҳнатга ва келажакка бўлган муносабатини белгилаб беради. Таълим ва оила, касб танлаш ва карьера, меҳнатсеварлик ҳамда шахсий масъулият замонавий Ўзбекистон ёшларининг устувор интилишлари қаторидан ўрин олган. Ёшлар ўзининг асосий ҳаётий мақсадлари сифатида олий маълумот олиш, фарзандларни соғлом ва билимли қилиб тарбиялаш, шунингдек, яхши иш ҳақи тўланадиган иш топиш ва унга жойлашишни кўпроқ тилга олишди.

Умуман олганда, ёшлар Ўзбекистонда ҳаётий мақсадларга эришиш учун етарли имкониятлар мавжудлигига ишонадилар, сўралганларнинг кўпчилиги  уларни юқори баҳолайди, бу эса ёшларнинг мамлакатда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун реал истиқболларни кўраётганидан далолат беради.

Оила ёшлар учун энг муҳим қадриятлардан бири бўлиб қолмоқда. Тадқиқотнинг 75,5%  иштирокчилари ҳаётда аҳил ва мустаҳкам оилага эга бўлишни энг муҳим қадрият деб аташди. Бу, респондентларнинг фикрига кўра, ҳаётий муҳим қарорларни қабул қилишда ота-оналарнинг таъсири жуда кучли эканлиги (79,3%) билан ҳам ўз тасдиғини топади. Шунингдек, 35,9% сўралганлар муҳим қарорларни мустақил равишда қабул қилишини билдиришди.

Ёшлар ўз келажагини кўпинча шахсий бизнес, давлат хизмати, илмий ёки таълим фаолияти билан боғламоқдалар.

Ёшларнинг муваффақиятга эришишига нималар ёрдам беради? Сўров давомида ёшлар жавоб берганидек, булар — яхши таълим, касбий кўникмалар, оиланинг молиявий имкониятлари ва, айниқса, муҳими - давлат ҳамда ёшлар ташкилотларининг қўллаб-қувватлашидир.

Ёшлар муваффақиятли инсоннинг шахсий фазилатларига алоҳида эътибор қаратишди. Сўров иштирокчилари меҳнатсеварлик, қатъий интизомга риоя қилиш ва ўзини бошқариш, жамоада ишлай олиш маҳорати, креативлик/ижодкорлик, ҳалоллик ва поклик, доимий равишда ўз-ўзини ривожлантиришга интилишни муҳим фазилатлар деб ҳисоблайдилар.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, замонавий Ўзбекистон ёшларининг қадриятлар портрети оила, таълим, меҳнат, касбий ўсиш ва ўз салоҳиятини намоён этиш интилиш атрофида шаклланади. Бу эса ёшларнинг бунёдкорлик салоҳияти ва мамлакат тараққиётида фаол иштирок этишга тайёрлигидан далолат беради.

Ёшлар тадбиркорликка қандай муносабатдалар?

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва ўз ишини очишга интилаётган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ёшлар меҳнат фаоллигига, касбий ўсишга, тадбиркорлик ва турли соҳаларда ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилган.

Ёшларнинг тадбиркорликка бўлган юқори қизиқиши тадқиқотнинг алоҳида аҳамиятга молик натижаси ҳисобланади. Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи (66%) шахсий бизнес ташкил этиш ғоясини ижобий баҳолади ва ўз ишини очишни режалаштирмоқда. Яқин орада бизнес бошлашни режалаштирмаётган тадқиқот иштирокчилари ҳам, умуман олганда бу ғояни ижобий идрок этишини билдиришди. Ушбу маълумотлар ёшларда тадбиркорликка оид қарашлар яққол шаклланганини ва уларнинг иқтисодий мустақилликка интилаётганини кўрсатади.

Шунингдек, ёшлар ўзининг карьера истиқболларини ҳам етарлича ишонч билан баҳоладилар. 61% респондентлар касбий пиллапоялардан кўтарилиш имкониятларига тўлиқ ишонч билдиришди, яна 33,7% сўралганлар, гарчи муайян шартлар билан бўлса-да, бундай имкониятларни мавжуд, деб ҳисоблайди. Бу сўровда қатнашганларнинг аксарияти ўз келажагини касбий ўсиш ва ривожланиш билан боғлашидан далолат беради.

Респондентлар бугунги кунда Ўзбекистонда, энг аввало, энг замонавий технологиялар, жумладан, дастурлаш, АT ва сунъий интеллект, тадбиркорлик ва стартаплар, жисмоний тарбия ва спорт, блогерлик ва интернет-контент яратиш ҳамда давлат хизматини замонавий ёшлар учун энг истиқболли касбий йўналишлар, деб ҳисоблайди.

Ёшлар сунъий интеллект ва янги технологияларни қандай идрок этмоқда?

Инновацион технологиялар, нейротармоқлар ва сунъий интеллект замонавий ҳаётнинг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Улар ахборот олиш, таълим, меҳнат, мулоқот ва касбий ривожланиш усулларини ўзгартирмоқда. Ёшлар учун бу жараёнлар алоҳида аҳамиятга эга, чунки айнан янги авлод рақамли воситаларни тезроқ ўзлаштиради ва улардан ўқишда, ишда ҳамда кундалик ҳаётда фаолроқ фойдаланади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ёшлари умуман олганда сунъий интеллектнинг жорий этилишига ижобий муносабатда. 66,2% респондентлар буни тараққиёт сари ташланган қадам, деб ҳисоблаб, жуда ижобий баҳолашди, бироқ шу билан бирга, назорат ва масъулиятли фойдаланиш муҳимлигини таъкидлашди.

Сўралганларнинг ярмидан кўпи ўқишда, ишда ёки кундалик ҳаётда сунъий интеллект технологияларидан аллақачон фойдаланмоқда ва сунъий интеллектни турли соҳаларда — таълим, фан, технологиялар, тиббиёт, маркетинг ва SMM, саноат ва ишлаб чиқариш, маданият ҳамда санъатда қўллашнинг кенг имкониятларини кўрмоқда.

Шундай қилиб, тадқиқот натижалари Ўзбекистон ёшлари умуман олганда инновацион технологиялар, нейротармоқлар ва сунъий интеллект учун очиқ эканлигини кўрсатди. Йигит-қизлар сунъий интеллектда таълим, фан, тиббиёт, ишлаб чиқариш, бизнес ва ижодий соҳаларни ривожлантириш учун муҳим ресурсни кўрмоқдалар. Шу билан бирга, улар янги технологияларни жорий этиш масъулиятли ёндашув, назорат ҳамда рақамли давр имкониятларидан самарали фойдаланишга қодир мутахассисларни тайёрлаш билан бирга олиб борилиши кераклигини англайдилар.