04.03.2024
200
ТУРИЗМ ВА ТУРИСТИК ИНДУСТРИЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: ИЖТИМОИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИНГ ЯНГИ ЙЎНАЛИШИ
“2027 йил – Халқаро барқарор ва умри боқий туризм йили” резолюцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан маъқулланди. Ушбу таклифнинг ташаббускори - Ўзбекистон ва БМТга аъзо 80дан ортиқ мамлакатлар эса резолюцияга ҳаммуаллиф бўлдилар. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюция жаҳон миқёсида туристик индустрияни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради.
Қабул қилинган ҳужжатга мамлакатимиз Президенти Ш.M.Мирзиёевнинг 2023 йил октябрь ойида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг Самарқандда бўлиб ўтган сессиясида туризм соҳасининг барқарорлиги ва замонамизнинг янги муаммолари ҳамда даъватларига нисбатан мослашувчанлиги тўғрисидаги маърузаси тезислари асос қилиб олинган.
Резолюцияда маданий меросни асраб-авайлаш, тинчлик ва бағрикенгликни, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда туризмнинг ролига устувор аҳамият берилган.
Экология ва биохилма-хилликни сақлаш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш мақсадида «яшил» туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Резолюцияда БРМга эришиш, иқтисодий ўсиш, аҳолининг тўлиқ бандлигини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ жойларни ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга ёрдам қилиши мумкин бўлган барқарор туризмни, жумладан, экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.
БМТ резолюциясини амалга ошириш доирасида камбағалликка барҳам беришнинг муҳим воситаси сифатида барқарор ва умри боқий туризмни ривожлантиришни илгари суриш, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар иштирокини рағбатлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва муносиб иш ўринлари ҳамда даромад манбаларини яратиш режалаштирилмоқда.
Мамлакатимизда туризм муҳим фаолият соҳасига айланиб, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда, минтақалар ривожи ва фуқаролар фаровонлиги даражасини оширишга ёрдам бермоқда. Туризм соҳасининг роли ва аҳамияти муттасил ортиб бормоқда.
Туризмни ривожлантиришнинг истиқболлилиги, бутун дунё мамлакатлари сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги туфайли Ўзбекистон жамиятининг ҳолатига туризмнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари таъсирини ўрганиш, туристик индустрияни ривожлантириш истиқболлари, ички ва ташқи туризмни тараққий эттириш масалаларига ўзбекистонликларнинг муносабатини аниқлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакат ва минтақаларда туризм ва умуман туристик индустриянинг ривожланиш даражаси тўғрисида мамлакат фуқароларининг фикрини мониторинг қилиш, мамлакат фуқаролари ва хорижий сайёҳларнинг туризмни ривожлантириш соҳаси, шу жумладан, трансчегаравий туризмнинг энг истиқболли йўналишлари ҳақидаги тасаввурини ўрганиш зарур.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган сўровлар натижалари шуни кўрсатадики, ўзбекистонликлар ўз мамлакати билан фахрланадилар, фуқаролар ёши ва машғулот тури, яшаш жойи ва ижтимоий даражасидан қатъи назар, ўзлари яшаётган ўлкани, унинг тарихи, маданияти, табиати ва халқининг анъаналарини севишади ва қадрлашади, ўз Ватани, унинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни ҳис этадилар. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фуқаролар сўнгги йилларда туризм индустриясида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, соҳани янада ривожлантириш ўлкамизнинг табиий бойликларини асраб-авайлаш ва кўпайтиришга ижобий таъсир кўрсатишига, мамлакатимизга салмоқли иқтисодий фойда келтиришига, давлатимизнинг хориждаги нуфузини ошириши ҳамда минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдиришмоқда.