90

ЗАМОНАВИЙ МАКТАБ: БАҲОЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Мамлакат тараққиётининг янги босқичи шароитларида таълим тизимини такомиллаштириш давлат ҳокимияти органлари, таълим тизими ходимлари нуқтаи назаридан ҳам, оммавий жамоатчилик онгида ҳам устувор аҳамиятга эга бўлмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги мактаблар қурилмоқда ва мавжудлари реконструкция қилинмоқда, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда, энг замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилмоқда. Замонавий ижодий фикрловчи кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарвар ва юксак маънавиятли шахслар этиб тарбиялаш, шунингдек, таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу соҳани изчил ривожлантириш мақсадида маъмурий ислоҳотлар доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилди. Тизимни таркибий мақбуллаштириш, замонавий дастурларни жорий этиш, таълим соҳаси ходимларини рағбатлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

"Ўзбекистон – 2030" стратегиясида таълим тизимини ислоҳ қилиш мамлакатни модернизация қилишнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. У таълим соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим ташкилотларида янги тамойиллар асосида хизматлар кўрсатиш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш ва ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган.

Мамлакатимизда умумий ўрта таълимни тизимли ислоҳ қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, таълим беришнинг инновацион шакл ва усулларини ўқув жараёнига жорий этишнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилишдаги нутқида мамлакат Президенти  Ш.М. Мирзиёев таъкидлаганидек, «Бугун биз мамлакатимизда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз қобилияти ва истеъдодини, билим ва тажрибасини рўёбга чиқара оладиган ижтимоий давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этмоқдамиз».

Мамлакатимизда миллий таълим сифати ва даражасини ошириш, мактабларда ўқув-тарбиявий жараённи такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш, энг долзарб масалалар бўйича фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ўрганиш назарда тутилган.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ ўз фаолиятида таълим мавзусига доимий равишда эътибор қаратади. Марказ мутахассислари томонидан мамлакатимиздаги таълим сифати ва умумтаълим мактабларида яратилган шарт-шароитлардан фуқароларнинг қониқиш даражасини аниқлаш, ўзбекистонликларнинг ўрта таълимда амалга оширилаётган ислоҳотларга, мактаб тизимида рўй бераётган ўзгаришларга муносабатини ўрганишга қаратилган мониторинг тадқиқотлари амалга оширилмоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ мутахассислари томонидан «Замонавий мактаб: баҳолар ва истиқболлар» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди, унда фарзандлари ҳозирги пайтда мактабларда таълим олаётган ўзбекистонликлар иштирок этдилар. Респондентлар орасида мамлакатнинг барча минтақалари аҳолиси, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар, турли ёшдаги эркаклар ва аёллар, турли ижтимоий қатламлар ва миллатлар вакиллари бўлишди.

Ўтказилган тадқиқотнинг тасдиқлашича, бозор муносабатларига ўтиш билан жамоатчилик фикрида таълим фуқароларнинг ўзини муваффақиятли рўёбга чиқариши, ижтимоий ҳаракатчанлиги ва моддий фаровонлигини таъминловчи муҳим иқтисодий манба сифатида қабул қилина бошланди. Жамиятда таълим нуфузининг ўсиши билан бир қаторда таълим хизматлари сифатига қўйиладиган талаблар ҳам ортиб бормоқда.

Бугунги кунда мамлакат фуқароларида ўз фарзанди учун мактаб танлаш имконияти мавжуд, мамлакатимизда ҳар хил тур ва йўналишлардаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда, улар орасида давлат мактаблари ва хусусий мактабларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Мамлакатимизда иқтидорли ва истеъдодли болаларнинг қобилиятини ривожлантириш мақсадида Президент мактаблари, ижодий ва бошқа ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган.

Ҳозирги вақтда мактаб ва оила ўсиб келаётган ёш авлодни ижтимоийлаштиришнинг энг муҳим институтларини ифодалайди. Мактаб таълимининг турли жиҳатлари ва замонавий ўқув дастурлари, дарсликларнинг сифати, болалар ва ўсмирларнинг баркамол шахсини тарбиялаш ва шакллантириш жараёнлари, мактаб ва оила, ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг самарадорлиги, болаларнинг мактабдаги ҳаётига ота-оналарнинг жалб этилиши, уларнинг мактабда таълим қандай амалга оширилаётганлигидан хабардорлиги билан боғлиқ  масалалар муҳим  аҳамиятга эгадир. Ўқувчиларнинг ота-оналари ўқув жараёнининг тўла ҳуқуқли иштирокчилари бўлиб, уларнинг мактаб фаолиятининг турли жиҳатлари бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифлари унинг самарадорлиги индикаторларидан бирига айланиши керак. Жамоатчилик фикри сўрови давомида иштирокчиларга: «Сиз мактаб тўғрисида ва бола ёки болаларнинг мактабдаги таълим жараёни ҳақида батафсил маълумотга эгамисиз?» деган савол берилди, олинган маълумотларга мувофиқ 71,5% фуқаролар ўз фарзандлари ўқиётган мактабда таълим жараёни қандай олиб борилаётганидан тўлиқ хабардор. 26,2% респондентлар ўз фарзандларининг мактаб таълими ҳақида қисман хабардор эканликларини айтишди.

Олинган маълумотлар фуқароларнинг ўз фарзандларининг мактаб ҳаёти тўғрисидаги хабардорлик даражаси жуда юқори эканлигини кўрсатди, айни пайтда қисман хабардорлигини кўрсатган респондентларнинг фоизи мактабларда ўқув-тарбиявий жараён тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини ва улардан фойдаланиш имконини оширишга қаратилган ишларни давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда. Ўз фарзандларининг мактаби ҳаётига ота-оналарнинг жалб қилинганлик жараёнларини рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш, ота-оналар билан ўзаро муносабатларнинг янги шакллари ва усулларини излашда, ўқув жараёнини мақбуллаштириш ва ўқувчиларнинг  янада юқори натижаларга эришишлари учун оила ва мактаб ўртасида ҳамкорлик ва интеграция ўрнатишда ўқитувчиларни янада фаоллаштириш керак.

Мактабдаги таъмирлаш сифати ва ҳолати, зарур мактаб ускуналари билан жиҳозланганлик, керакли дидактик материаллар ва мактаб дарсликлари ва қўлланмаларининг мавжудлиги, шубҳасиз, ўзлаштиришга ва таълим даражасига, шунингдек, ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигига таъсир қилади.

Сўров ўқув жараёнини ташкил этиш шартлари билан боғлиқ кўрсаткичларни фуқароларнинг умуман ижобий баҳолаганликларини аниқлади.  36,9% фуқароларнинг фикрича, уларнинг фарзандлари ўқиётган мактаблардаги таъмирлаш сифати "аъло" деб баҳоланиши мумкин, 33,7% респондентлар ўзларининг болалари қатнайдиган мактабдаги таъмирлаш ишларини "яхши" деб ҳисобладилар. Мактабни таъмирлаш сифатини "ўртача" деб баҳолаган респондентларнинг улуши 22,7%ни ташкил қилди.   

Қулай жойлаштирилган мебеллар, мактаб ўқувчиларининг ёши ва анатомик-физиологик ҳолатига мос парталар ва ўриндиқлар, замонавий доска, зарур техник жиҳозлар ўқувчиларнинг ёши, тиббий, интеллектуал ва бошқа хусусиятларига қараб ўқув жараёнини ташкил этиш имконини беради. 43,2% сўралганлар ўз фарзандлари таҳсил олаётган мактаблардаги синфлар аъло даражада жиҳозланганлигини қайд этишди, 31% респондентлар уни "яхши" деб баҳолашди. 18,4% респондентларнинг фикрича, ўқув хоналари "ўртача" жиҳозланган.

Сўров иштирокчилари ўқув жараёнини ташкил этиш шартлари билан боғлиқ бошқа кўрсаткичларга нисбатан замонавий дарсликлар билан таъминланганликни юқорироқ баҳоладилар. Ҳозирги кунда болалари мактабда ўқиётган сўралганларнинг ярмидан кўпи (57%) болаларнинг замонавий дарсликлар билан таъминланганлик даражасини "аъло" деб баҳолашди.  Дарсликлар билан таъминланганлик даражасини "яхши" деб баҳолаган респондентларнинг улуши 27,9%ни ташкил қилди. Замонавий дарсликлар билан таъминланганлик даражасини салбий баҳолаган фуқароларнинг фоизи камчиликни ташкил қилди, респондентлар асосан баъзи фанлар бўйича дарсликларнинг етишмаслигини таъкидладилар, бу эса ўқитилаётган фаннинг сифатига ва улар бўйича ўқувчиларнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мактабда ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитларга ижобий баҳо беришнинг устунлиги мамлакатимизда 2022-2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур доирасида ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва умумий ўрта таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини  тасдиқлайди.

Мамлакатдаги мактаб таълими сифати ва ўқитувчиларнинг касбий даражаси бўйича ўзбекистонликларнинг баҳолари шуни кўрсатдики, ислоҳотлар шароитида маълум натижаларга эришилди, улар бугунги куннинг ўзида жамият томонидан ижобий баҳоланмоқда, фуқаролар  мактабларнинг ресурс базаси яхшиланганини, бир қатор фанлар бўйича янги ўқув дастурлари, ўқув жараёнида рақамлаштириш ва ўқувчиларнинг ўзлаштиришини назорат қилиш жорий қилинганини қайд қилдилар. Ўтказилган тадқиқот иштирокчилари мактаб таълимининг мавжуд тизими ва малакали ўқитувчилар таркиби болалар ва ўсмирлар шахсининг баркамол ривожланишига ёрдам беришини, уларнинг қобилиятини ўстириб, ўқувчиларга билим олиш, келажакда, жумладан, мамлакат олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш учун тайёргарликни таъминлаш  имкониятини беришини тасдиқладилар.