02.07.2026
9
ФАН ВА ЖАМИЯТ: ЗАМОНАВИЙ ДУНЁДА ТАДҚИҚОТЛАРНИНГ РОЛИ
Сўнгги йилларда илм-фан ривожига нафақат академик ҳамжамиятнинг вазифаси, балки давлат барқарор ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Жадал технологик ўзгаришлар, ижтимоий жараёнларнинг мураккаблашуви ва глобал рақобатнинг кучайиши шароитида мамлакатнинг янги билимларни яратиш қобилияти табиий бойликлар, ишлаб чиқариш қувватлари ёки молиявий капиталдан кам бўлмаган муҳим ресурсга айланмоқда.
Бугунги кунда узоқ муддатли ривожланиш ресурсларнинг мавжудлиги билан эмас, балки билим яратиш, технологияларни жорий этиш ва инсон капиталидан самарали фойдаланиш қобилияти билан белгиланиши тобора ойдинлашмоқда.
Замонавий шароитда фан фақатгина назарий билимлар соҳаси бўлмай қолди. Унинг ютуқлари жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалда қўлланилмоқда. Илмий ишланмалар туфайли ишлаб чиқариш жараёнлари такомиллашмоқда, қишлоқ хўжалигининг самарадорлиги ошмоқда, янги дори воситалари яратилмоқда, замонавий бошқарув ечимлари жорий этилмоқда, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда ва ҳ.к.
Жаҳон тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, барқарор иқтисодий ўсиш тобора кўпроқ даражада табиий ресурсларнинг мавжудлиги билан эмас, балки янги технологияларни яратиш, инновацияларни жорий этиш ва жамиятнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш қобилияти билан таъминланади. Табиий ресурсларининг чекланганлиги ривожланишнинг юқори кўрсаткичларига эришиши учун тўсиқ бўлмаган Япония, Корея Республикаси ва Сингапур тажрибаси ибратлидир. Бунда инсон капиталига инвестициялар, илмий тадқиқотлар, инновациялар ва замонавий технологиялар муҳим роль ўйнади.
Аслини олганда, билимлар мустақил стратегик ресурсга айланиб, унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Дунёнинг етакчи давлатлари илм-фанга сармоя киритишни ўз келажагига узоқ муддатли сармоя сифатида кўриши бежиз эмас. Тадқиқотларни давлат томонидан молиялаштириш, университетларни қўллаб-қувватлаш, илмий марказларни ривожлантириш ва тадқиқотчи кадрларни тайёрлаш харажатлар сифатида эмас, балки миллий ривожланишнинг энг муҳим шарти сифатида идрок этилмоқда.
Илм-фан кенг кўламли ижтимоий ўзгаришлар шароитида ҳам алоҳида роль ўйнайди, чунки ҳар қандай ислоҳот мавжуд муаммоларни тушуниш, қабул қилинаётган қарорларнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш ва эришилган натижаларни таҳлил қилиш зарурлигини назарда тутади. Агар илмий жиҳатдан кузатиб борилмаса, бундай иш анча мураккаблашади.
Худди шунинг учун ҳам замонавий халқаро амалиётда далиллар ва объектив маълумотлар асосида қарор қабул қилишга асосланган ёндашув тобора кенг оммалашмоқда. Гап шундаки, давлат сиёсати нафақат эксперт баҳолари ёки тўпланган тажрибага, балки содир бўлаётган жараёнлар ҳақида энг кўп ишончли маълумотлар олиш имконини берувчи илмий тадқиқотлар натижаларига ҳам таяниши лозим. «Data-Driven» (маълумотлар асосида бошқарув) деб номланувчи бундай ёндашув қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, истиқболни белгилаш сифатини яхшилаш, хатолар хавфини камайтириш ва ижтимоий жараёнларни янада чуқурроқ тушунишни таъминлаш имконини беради. Объектив маълумотлардан фойдаланиш туфайли давлат институтлари юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларини баҳолаш ва ривожланишнинг янада пухта ўйланган стратегияларини ишлаб чиқиш имкониятига эга бўладилар.
Ижтимоий соҳа сифатий тадқиқотларга эҳтиёж ўта юқори бўлган йўналишлар сирасига киради. Аҳолини иш билан таъминлаш, оилани қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш, ёшлар сиёсати, камбағалликни қисқартириш ва турмуш сифатини ошириш, миграция жараёнлари, аҳолининг турли гуруҳларини ижтимоий интеграциялаш, шунингдек, радикаллашув ва экстремистик ҳолатларнинг олдини олиш масалалари доимий ўрганиш ва таҳлилни талаб этади.
Бундай вазифаларни самарали ҳал қилиш учун мавжуд муаммоларнинг кўламини нафақат тушуниш, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини кўриш, ўзгаришлар динамикасини баҳолаш ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг эҳтимолий оқибатларини олдиндан англай билиш зарур.
Шу нарса аёнки, давлат ва жамият тараққиёти жараёнларига илмий ёндашувни жорий этиш самарадорлиги бевосита илмий соҳанинг кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Молиялаштириш, тадқиқотларни ташкил этиш ва фанни бошқариш механизмлари қанчалик мукаммал бўлмасин, уларнинг натижадорлиги пировардида илмий билимларни яратувчилар томонидан белгиланади.
Илмий кадрлар – тадқиқотчилар, таҳлилчилар, экспертлар, ўқитувчилар илм-фаннинг асосий ресурси бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда, илмий билимларнинг сифати, таҳлилларнинг чуқурлиги ва амалий тавсияларнинг асосланганлиги уларга боғлиқ.
Шу боисдан илмий кадрларни тайёрлаш масалалари аҳамияти жиҳатидан биринчи ўринга чиқиши табиий ҳол. Шубҳасиз, замонавий Ўзбекистон жамиятига нафақат тўпланган билимларга таянадиган, балки юзага келаётган муаммоларнинг янги, ностандарт ечимларини топа оладиган мутахассислар зарур. Шу сабабли бугунги кунда мамлакатда тез ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган, маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий усуллари билан ишлашга қодир, халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этадиган ва илмий тадқиқотларнинг юқори даражасини таъминлай оладиган тадқиқотчиларга талаб катта.
Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш ва илмий кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2026 йил 26 майдаги Фармони бу борадаги ишларнинг янги босқичини белгилаб берди. Ҳужжат илмий ҳамжамиятда кенг қизиқиш уйғотди, чунки у ёш олимларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва уларнинг натижаларини баҳолашга нисбатан ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқишни назарда тутади.
Фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар тадқиқотчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий ишларнинг сифатини ошириш, илмий кадрларни аттестациядан ўтказишга замонавий ёндашувларни жорий этиш, лойиҳа фаолиятини ривожлантириш ва илм-фаннинг амалиёт билан алоқасини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ўзгаришларнинг аҳамияти бир қарашда туюлганига қараганда сезиларли даражада каттадир.
Гап фақат илмий кадрлар тайёрлаш ва аттестация тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳақида бормаяпти. Аслида, айнан илмий ишланмалар, инновациялар ва инсон капитали барқарор ўсишнинг энг муҳим ресурсларига айланадиган «билимлар иқтисодиёти»ни янада ривожлантириш асослари яратилмоқда. Шунинг учун бугунги кунда тадқиқотчиларни тайёрлаш сифати кўп жиҳатдан мамлакатнинг истиқболдаги имкониятларини белгилаб беради.
Илмий кадрлар тайёрлашнинг Президент Фармони билан белгилаб берилган йўналишлари орасида технологик ривожланиш, энергетика, тиббиёт, агроинновация ва бошқа стратегик муҳим йўналишлар билан боғлиқ соҳалар алоҳида ўрин тутади. Иқтисодий ўсиш ва мамлакатни модернизация қилишда уларнинг аҳамияти шубҳасиздир. Бироқ ислоҳотларнинг самарадорлиги фақат замонавий технологиялар, молиявий ресурслар ёки инвестициялар кўламигагина боғлиқ эмас. Содир бўлаётган ўзгаришлар аҳолининг кутилмалари ва эҳтиёжларига қанчалик жавоб бериши ҳамда ижтимоий ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки уларнинг самарадорлиги ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши кўп жиҳатдан шунга боғлиқ.
Айнан шунинг учун ҳам табиий, техник ва амалий фанлар билан бир қаторда жамиятни, одамлар ўртасидаги муносабатларни ва унинг ривожланиш жараёнларини чуқурроқ тушуниш имконини берувчи ижтимоий фанларнинг роли ортиб бормоқда. Бу борада узоқ вақт давомида оммавий тасаввурда, асосан, жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиш билан шуғулланадиган социология алоҳида роль ўйнайди.
Социологик тадқиқотларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам уларни ўтказишга бўлган жамоатчилик талаби билан тасдиқланмоқда. Чунончи, «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ ўтказган сўров маълумотларига кўра, 75,1% фуқаролар социологик тадқиқотлар ўтказилишини ижобий идрок этади, ушбу тадқиқотлар амалий жиҳатдан фойда келтиришига эса 82,8% аҳолининг ишончи комил. Бундан ташқари, 76,4% респондентлар бундай тадқиқотлар натижаларига қизиқиш билдиришди, бу эса ижтимоий жараёнларни ўрганишнинг мазкур воситасига бўлган ишончнинг юқори даражасидан далолат беради.
Бироқ социологик тадқиқотлар фақат фуқароларнинг фикри ва улар берган баҳоларни қайд этишдан иборат эмас. Социология аҳолининг қарашлари ва кайфиятлари ҳақидаги эмпирик маълумотларни тўплайди; уларнинг ижтимоий ривожланиш қонуниятлари ва тенденцияларини аниқлаш имконини берадиган илмий таҳлилини таъминлайди; ижтимоий жараёнларни ўзаро боғлиқликда ўрганади; келгуси ўзгаришларнинг асосли прогнозларини шакллантиради.
Кенг кўламли ислоҳотлар шароитида бундай маълумотлар алоҳида қийматга эга бўлади, чунки иқтисодиёт, таълим тизими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва давлат бошқарувидаги ўзгаришлар миллионлаб кишиларнинг манфаатларига дахлдордир. Шунинг учун нафақат ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, балки улар аҳоли томонидан қандай идрок этилаётганини, қайси муаммолар фуқароларни энг кўп ташвишга солаётганини ва одамлар қандай натижаларни энг аҳамиятли деб ҳисоблашини тушуниш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Кундалик ҳаётда жамиятда юз бераётган жараёнлар ҳақидаги тасаввурлар кўпинча шахсий тажриба, яқин-атрофдагилар билан мулоқот ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар таъсири остида шаклланади. Бироқ бундай манбалар содир бўлаётган воқеаларни ҳар доим ҳам объектив баҳолашга имкон бермайди. Айни бир ижтимоий жараёнлар турли минтақаларда, аҳолининг турли ёш, касб бўйича ва бошқа ижтимоий гуруҳларида турлича намоён бўлиши мумкин.
Социологиянинг вазифаси алоҳида кузатишлар доирасидан чиқиб, социумда содир бўлаётган жараёнлар ҳақида имкон қадар тўлиқ тасаввур олишдан иборат. Айнан шунинг учун ҳам социологик тадқиқотлар барқарор қонуниятлар ва тенденцияларни аниқлаш имконини берадиган, ахборотни тўплаш ва таҳлил қилишнинг илмий асосланган усулларига асосланади.
Бугунги кунда социологик тадқиқотлар натижаларидан дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва баҳолашда кенг фойдаланилмоқда. Улар аҳолининг энг долзарб муаммоларини ва ижтимоий кескинлик омилларини аниқлашга, амалга оширилаётган дастурлар самарадорлигини баҳолашга ва қабул қилинаётган қарорларнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаштиришга ёрдам беради. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатларида кўп йиллардан бери фуқароларнинг асосий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга муносабатини кузатиш имконини берадиган кенг кўламли Eurobarometer тадқиқоти ўтказиб келинмоқда. Тадқиқотлар маълумотлари вақт кесимида ва мамлакатлар ўртасида таққосланади, бу эса жамоатчилик кайфиятидаги ўзгаришларни динамикада аниқлаш ҳамда уларни давлат сиёсатини шакллантириш ва тартибга солишда ҳисобга олиш имконини беради. Олинган маълумотлар миллий ҳукуматлар ва Европа институтлари томонидан турли дастур ва ташаббусларни ишлаб чиқишда қўлланилмоқда. АҚШда Pew Research Center ва Gallup каби таҳлилий марказлар томонидан ўтказиладиган мунтазам тадқиқотлар муҳим роль ўйнайди. Уларнинг маълумотларидан ҳам академик муҳитда, ҳам бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнида фойдаланилади. Осиёнинг бир қатор мамлакатларида ҳам жамоатчилик кайфиятини мониторинг қилиш амалиёти фаол ривожланмоқда. Масалан, «Asian Barometer Study» халқаро лойиҳаси доирасида Осиё мамлакатларида давлат ҳокимияти институтларига ишонч, ижтимоий адолат ва сиёсий иштирок масалаларига бағишланган жамоатчилик фикрини ўрганиш мунтазам равишда ўтказилади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганиш самарали давлат бошқарувининг ажралмас қисми ҳисобланади, чунки у нафақат алоҳида ижтимоий муаммоларни аниқлаш, балки жамиятнинг ривожланишини белгилаб берувчи чуқур жараёнлар, тенденциялар ва кайфиятларни таҳлил қилиш имконини ҳам беради.
Динамик ўзгарувчан жамият шароитида социология алоҳида аҳамият касб этади. Рақамлаштириш, янги технологияларнинг ривожланиши, коммуникация моделларининг ўзгариши, оилавий муносабатлар трансформацияси, миграция жараёнлари, турли авлодлар қадрият йўналишларининг ўзгариши – ушбу барча жараёнларнинг доимий илмий тадқиқини талаб қилади.
Масалан, ёшларнинг ҳаётий қарашлари, касбий кутилмалари, таълимга бўлган эҳтиёжлари ва келажак ҳақидаги тасаввурларини англамасдан туриб, муваффақиятли ёшлар сиёсатини амалга ошириш имконсиз. Оила сиёсатини ривожлантириш оила ва никоҳ институтида юз бераётган ўзгаришларни ўрганишни назарда тутади. Бандлик соҳасидаги чора-тадбирларнинг самарадорлиги аҳоли турли тоифаларининг меҳнатга оид хулқ-атворига таъсир этувчи омилларни тушунишга бевосита боғлиқдир.
Ушбу вазиятларнинг барчасида социология тахминлардан фактлар ва объектив маълумотларга асосланган билимларга ўтиш имконини беради.
Социологиянинг истиқболни белгилаш функциясининг ҳам аҳамияти кам эмас. Тадқиқотлар ижтимоий жараёнларнинг нафақат жорий ҳолатини қайд этибгина қолмай, балки келажакда жамият ривожига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, шаклланаётган тенденцияларни ҳам аниқлаш имконини беради. Бунинг шарофати билан юзага келиш эҳтимоли бўлган хавф-хатарларни ўз вақтида ҳисобга олиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш мумкин бўлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимида социологиянинг роли изчил равишда ошиб бормоқда, зеро, бу бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва уларни таҳрирлаш мақсадида ижтимоий жараёнлар, аҳолининг кайфияти ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги тўғрисида объектив ахборотга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бораётгани билан боғлиқдир.
Социология фанининг давлат даражасидаги аҳамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 22 февралдаги Фармонида институционал жиҳатдан мустаҳкамланди. Ушбу ҳужжат демографик ва ижтимоий жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилишга кўмаклашиш, социология соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши социологик тадқиқотларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва давлат бошқаруви тизимида уларни амалий қўллаш кўламини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
Ушбу ёндашувнинг янада ривожланиши мамлакат олий сиёсий раҳбариятининг фаолиятида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, 2026 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва жамоатчилик фикрини янада чуқурроқ ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу масалаларнинг муҳокама қилиниши самарали давлат бошқарувини аҳолининг ижтимоий кайфияти, кутилмалари ва эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилмасдан туриб амалга ошириб бўлмаслиги ҳақидаги тушунчанинг тобора ўсиб бораётганидан далолат беради. Янада кенгроқ мазмунда гап мамлакатда давлат ва жамият ўртасидаги қайтар алоқанинг комплекс тизимини шакллантириш ҳақида бормоқда. Мазкур тизим доирасида фуқароларнинг мурожаатлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолияти ва социологик тадқиқотлар натижалари бир-бирини тўлдирувчи ахборот манбалари сифатида қаралади.
Бундай ёндашув мавжуд ижтимоий муаммоларни нафақат ўз вақтида аниқлаш, балки фуқароларнинг аниқ талабларига йўналтирилган янада асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Социологик тадқиқотларнинг аҳамияти фақатгина уларга бўлган талаб, эҳтиёж билан белгиланмайди. Олинадиган маълумотларнинг сифати ҳам худди шундай муҳим шарт ҳисобланади. Ҳар қандай хулоса ва тавсиялар фақатгина улар тадқиқотнинг ишончли маълумотларига ҳамда илмий асосланган усулларига таянган тақдирдагина фойдали бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, малакали тадқиқотчи-социологларни тайёрлаш масалалари алоҳида долзарблик касб этмоқда. Зеро, замонавий социолог нафақат чуқур назарий билимларга эга бўлиши, балки илмий тадқиқот методологиясини, маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий усулларини, статистик воситалар ва ахборотга ишлов беришнинг рақамли технологияларини ҳам мукаммал эгаллаши лозим. Ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, социология, психология, иқтисодиёт, демография ва статистика ютуқларини бирлаштирувчи фанлараро ёндашувларни ўзлаштиришни ҳам назарда тутади. Бу эса ижтимоий жараёнлар кўплаб ўзаро боғланган омиллар таъсири остида шаклланиши ва комплекс илмий таҳлилни талаб қилиши билан боғлиқдир.
Айнан шу сабабли бугунги кунда янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, айниқса, муҳимдир. Тадқиқотчилик тайёргарлиги сифатини ошириш, илмий компетенцияларни ривожлантириш ва халқаро стандартларга йўналтирилганлик мамлакатимиз социология фанини янада ривожлантириш ва жамият тараққиётининг долзарб вазифаларини ҳал этишга унинг қўшадиган ҳиссасини ошириш учун шароит яратишга қодир.
Бундай тайёргарликка бўлган эҳтиёж нафақат тадқиқот усулларининг мураккаблашиб бораётгани, балки тобора мураккаб ва динамик тус олаётган ижтимоий воқеликнинг ўзи тубдан ўзгараётгани билан ҳам белгиланади.
Рақамли коммуникациялар шиддат билан ривожланаётган ҳозирги шароитда тадқиқотларнинг сифати масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда. Ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва интернет-платформалар фикр билдириш ва жамоатчилик муҳокамалари учун имкониятларни сезиларли даражада кенгайтирди. Бугунги кунда деярли ҳар қандай масала бўйича фойдаланувчиларнинг минглаб шарҳлари, нашрлари ва баҳоларини кўриш мумкин. Бироқ нуқтаи назарларнинг кўплиги ҳали жамоатчилик фикри ҳақида объектив тасаввур шаклланганини англатмайди.
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллик, қоида тариқасида, фойдаланувчиларнинг энг кўп жалб қилинган қисми позициясини акс эттиради ва ҳар доим ҳам умуман аҳолининг кайфияти ҳақида хулоса чиқариш имконини бермайди. Бундан ташқари, турли ижтимоий гуруҳлар рақамли маконда тенг даражада ифодаланмаган. Баъзилар онлайн-мунозараларда фаол иштирок этса, бошқалар ўз нуқтаи назарини очиқ равишда деярли билдирмайди. Шунинг учун фақатгина шарҳлар ёки алоҳида нашрлар таҳлилига асосланган хулосалар ижтимоий кайфиятнинг ҳақиқий манзарасидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
Айнан шу туфайли профессионал социологияда тадқиқотнинг илмий асосланган усулларидан фойдаланган ҳолда олинган маълумотлар алоҳида аҳамият касб этади. Социология учун бу принципиал аҳамиятга эга, чунки хулосаларнинг ишончлилиги тадқиқот барча босқичларининг методологик жиҳатдан таъминланганлиги сифатига бевосита боғлиқдир.
Жамоатчилик фикрининг ҳолати тўғрисида объектив ахборот олиш танлов жамланмасининг репрезентативлик талабларига риоя қилишни назарда тутади, негаки, бу аҳолининг асосий ижтимоий-демографик параметрларига танлов тузилмасининг мувофиқлигини таъминлаш имконини беради. Шу муносабат билан танловни шакллантиришда респондентларнинг яшаш минтақаси, яшаш жойининг тури, жинси, ёши, маълумот даражаси, ижтимоий-касбий мақоми ва бошқа кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Танловнинг мақбул шакллантирилиши олинган натижаларни янада кенгроқ ижтимоий гуруҳларга ва умуман аҳолига татбиқ этиш учун асос яратади.
Тадқиқот воситасининг сифати ҳам худди шундай муҳим аҳамиятга эга. Амалиёт шуни кўрсатадики, саволларни шакллантиришдаги арзимас ноаниқликлар ҳам олинадиган жавобларнинг хусусиятига ва оқибат-натижада тадқиқотнинг якуний хулосаларига таъсир кўрсатишга қодир. Шу сабабли саволноманинг ишланмаси ҳар бир саволнинг синчиклаб пухта тайёрланиши, унинг тушунарлилиги текширилиши ва респондентлар томонидан икки хил маънода талқин қилинишининг истисносини талаб этади.
Тадқиқот дала босқичининг ташкил этилиши ҳам натижаларнинг ишончлилигига сезиларли таъсир кўрсатади. Респондентларни саралаб олиш тартиб-таомилларига риоя қилиш, интервьюерлар ишининг сифати, саволномаларнинг тўлиқ ва тўғри тўлдирилишини назорат қилиш ишончли эмпирик базани олишнинг зарур шартлари ҳисобланади.
Шу билан бирга социологик тадқиқот дала босқичининг якунланиши билан тугамайди. Олинган маълумотлар кейинги таҳлилий ишлар учун фақат асос яратади, холос. Айнан мана шу босқичда натижалар билан илк бор танишишда яққол кўзга ташланмайдиган тенденцияларни кўриш, алоҳида ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ҳамда ижтимоий кайфият ва баҳоларнинг шаклланишига таъсир этувчи омилларни белгилаш имкони пайдо бўлади. Айнан шу боис, алоҳида фактларни тавсифлашдан жамият ривожланишининг янада чуқур қонуниятларини аниқлашга ўтишга имкон берувчи таҳлил методларини танлаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий социология турли ижтимоий воқеликлар ўртасидаги боғлиқликларни аниқлаш, барқарор тенденцияларни белгилаш ва турли омилларнинг ижтимоий жараёнларга таъсирини баҳолаш имконини берувчи таҳлилнинг статистик методларидан фаол фойдаланади. Ташқаридан оддий туюлган жадваллар ва диаграммалар ортида кўпинча тадқиқотчидан юқори касбий тайёргарликни талаб қиладиган таҳлилий ишларнинг улкан ҳажми ётади. Таҳлил босқичида йирик маълумотлар ҳажмига ишлов бериш, статистик жиҳатдан аҳамиятли ўзаро боғлиқликларни аниқлаш ва тадқиқот гипотезаларини текшириш имконини берувчи ихтисослаштирилган дастурий таъминотлар, жумладан, SPSS ва бошқа замонавий таҳлилий тизимлардан фойдаланиш муҳим рол ўйнайди.
Бу тадқиқотчи учун маълумотлар массивининг шунчаки техник ишлови эмас. Аниқланган тенденцияларнинг барқарорлиги айнан таҳлил босқичида текширилади, тасодифий ўхшашликлар қонуниятлардан ажратилади ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун асос бўлиши мумкин бўлган хулосалар шакллантирилади. Шу маънода объективлик ва илмийлик узвий боғлиқликда бўлади: тадқиқот қанчалик кўпроқ даражада объектив маълумотларга ва текшириладиган усулларга таянса, унинг илмий қиймати шунчалик юқори бўлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар шароитида сифатий ижтимоий тадқиқотларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Айнан шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги Фармонида назарда тутилган илмий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масаласи социология фанининг ривожи учун ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.
Замонавий воқелик тадқиқотчига бундан бир неча ўн йилликлар олдингига қараганда сезиларли даражада кенгроқ доирадаги талабларни қўймоқда. Бугунги кунда социолог тадқиқотнинг барча асосий босқичларида — дастур ишланмаси ва дала ишларини ташкил этишдан тортиб, маълумотларга статистик ишлов бериш, уларни таҳлил қилиш ва натижаларни талқин этишгача бўлган компетенцияларга эга бўлиши керак. Социологиянинг амалий вазифалари такомиллашиб бориши баробарида олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълим тизимини касбий ва илмий-тадқиқот фаолиятининг янги талабларига мослаштириш зарурати кучаймоқда.
Бунда гап илмий тадқиқотлар ўтказишга ва ижтимоий жараёнларни танқидий таҳлил қилишга қодир ҳамда уларни ўрганишнинг замонавий усулларини пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш ҳақида бормоқда, бу эса жамиятнинг ҳолати ва ривожланиши тўғрисида ишончли билимлар олишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шундай қилиб, янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш тизимининг такомиллаштирилишига нафақат фанни ривожлантиришнинг вазифаси, балки жамият ва давлатни содир бўлаётган ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли билимлар билан таъминлашга қодир бўлган сифатли тадқиқот муҳитини шакллантиришнинг зарур шарти сифатида ҳам қараш лозим.
Нигина Рахимова
Адабиётлар
- Гайченя М.И., Технологические инновации и экономическое развитие: анализ взаимосвязи/М.И. Гайченя, Ц.Ван, Ю.Джан// Форум молодых ученых 2019 № 3 (31), С. 232-234 – EDN KONZRO
- Синогейкин А. Долго, дорого и перспективно: почему вам нужно инвестировать в науку? 2018. https://rb.ru/columns/dorogo-i-perspektivno/
- Data Driven - решения на основе данных в маркетинге, дизайне и бизнесе. 2025. https://www.in-aim.ru/blog/data-driven-resheniya-na-osnove-dannykh-v-marketinge-dizayne-i-biznese/
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2026 йил 26 майдаги Фармони. https://lex.uz/ru/docs/8236688
- Нурыев Х., Чарыйарова М. Экономика знаний: роль образования и инноваций. Ж-л Символ науки 2024. https://cyberleninka.ru/article/n/ekonomika-znaniy-rol-obrazovaniya-i-innovatsiy
- «Ижтимоий фикр» РЖФЎМнинг «Фуқароларнинг жамоатчилик фикри сўровларига муносабати» мавзусидаги ахборот-таҳлилий маълумотномаси. 2025.
- Евробарометр Оригинальный текст: "GESIS - Leibniz Institute for the Social Sciences". www.gesis.https://brainly.com/question/2034226
- Обзор Азиатского барометра. asianbarometer.org.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 22 февралдаги Фармони. https://nrm.uz/contentf?doc=579947_&products=1_vse_zakonodatelstvo_uzbekistana
- Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими янги босқичга олиб чиқилади. 13.03.2026. https://president.uz/uz/lists/view/9010
- SPSS дастурида маълумотларнинг статистик таҳлили. https://spravochnick.ru/sociologiya/statisticheskiy_analiz_dannyh_v_spss/



