15.11.2024
54
«ФУҚАРОЛАР МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР ТЎҒРИСИДА»
Жамиятда фуқаролик ҳамжиҳатлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, миллий белги бўйича конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг камситилиши ва бузилишига йўл қўймаслик, республикада яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш, миллатчилик ва шовинизмнинг эҳтимолий намоён бўлишига қарши курашиш Ўзбекистон сиёсатининг ҳозирги босқичдаги устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Аҳолисининг таркиби этник ва диний жиҳатдан ранг-баранг бўлган Янги Ўзбекистон фуқаролик бирдамлиги ва умумдавлат идентиклигини таъминлайди. Бунга мақбул давлат тузилиши ва самарали бошқарув орқали эришилади.
Мамлакатимизда фуқароларнинг жамиятдаги кўп миллатли катта оила ҳиссини, республикада истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Конституциянинг Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этишини эълон қилган ва кафолатлайдиган (8-модда), барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги (19-модда), ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги (35-модда) ҳақидаги қоидалари ҳаётга фаол жорий этилмоқда.
Ўзбекистонда ўз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат қонунчилик даражасида таъминланмоқда. Мамлакатда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши (2019 йил 15 ноябрь) муҳим босқич бўлди. У инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, унинг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаб қолишга, миллатлараро бағрикенглик, жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепциясининг ҳаётга татбиқ этилиши унинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш самарадорлиги масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш талабини кучайтирди. Фуқаролик тотувлигини мустаҳкамлашдаги муваффақият мамлакатимизда яшаётган барча халқларнинг ижобий салоҳиятини аниқлаш ва улардан фойдаланиш, миллий-дунёқараш даражасида мавжуд беқарорлаштирувчи тасаввурларни бартараф этиш билан бевосита боғлиқдир.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган асосий мақсад ва тамойилларни ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари асосида мамлакатдаги миллатлараро муносабатларга баҳо берилаётган кенг кўламли тадқиқотларни доимий асосда ўтказиб келмоқда.
Жамоатчилик фикри сўрови натижалари асосида миллатлараро муносабатлар умуман аҳоли, минтақалар ва Ўзбекистондаги турли аҳоли пунктлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Таҳлил турли ёш тоифалари ва ижтимоий гуруҳлардаги эркаклар ва аёлларнинг бошқа миллат вакилларига муносабати, миллатлараро муносабатларни белгиловчи омиллар, мамлакат фуқароларининг бошқа миллат вакиллари билан ўзаро муносабатда бўлишга тайёрлиги, шунингдек, этник келиб чиқишига қараб камситишнинг мавжуд ёки йўқлиги масалаларини қамраб олган.
Жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг аксарияти (85,9%) мамлакатимиздаги турли миллат вакиллари ўртасидаги муносабатларни ижобий тавсифлайди, улар барқарорлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ҳисси билан ажралиб туради, деб ҳисоблайди. Олинган натижалар кўп миллатли мамлакатда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, жамиятда барқарорликни сақлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат самарадорлигини тасдиқлайди.
Минтақавий кесимдаги таҳлил миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини ижобий баҳолайдиган фуқароларнинг улуши мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган минтақаларни аниқлади. Олинган натижаларга мувофиқ, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Навоий, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 90%дан ортиқ респондентлар миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини ижобий баҳоладилар.
Сўров шаҳар ва қишлоқ аҳолиси мамлакатдаги миллатлараро муносабатлар ҳолатини тенг даражада ижобий баҳолашини (мос равишда 87% ва 84,6%) кўрсатди.
Тадқиқот жараёнида турли миллатлар вакилларининг миллатлараро муносабатлар ҳолатини қандай баҳолашлари ҳақидаги фикри аниқланди. Олинган маълумотларга мувофиқ, 85,6% туб миллат вакиллари мамлакатимизда турли миллат вакиллари ўртасидаги муносабатларни барқарор, бағрикенг, дўстона ва яхши қўшничилик муносабатлари, деб ҳисоблайди. Марказий Осиё халқлари вакили бўлган 91,7% сўров иштирокчилари бу фикрга қўшилишди, славян гуруҳи вакиллари орасида бу кўрсаткич 81,8%ни ташкил қилди. Бошқа миллатлар вакиллари орасида турли миллатлар вакиллари ўртасидаги муносабатларни хайрихоҳ ва дўстона деб ҳисоблайдиганларнинг улуши 77,8%ни ташкил этди.
Умуман олганда, тадқиқот натижалари турли миллатлар вакилларининг ҳамжиҳатлиги ва бағрикенглигини кўрсатди – турли миллатлар вакилларининг аксарияти буни тасдиқлашди.
Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти мамлакатдаги миллатлараро муносабатларнинг ҳолати ва истиқболларини ижобий баҳоламоқда. «Сизнинг фикрингизча, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар қандай ўзгарди?» деган саволга жами фуқароларнинг аксарияти - 94,2% ижобий баҳолар беришди, шундан 68,3% ўзбекистонликлар миллатлараро муносабатлар яхшиланганини қайд этди, 25,9% респондентлар миллатлараро муносабатларни аввалгидек яхшилигича қолди, деб ҳисоблайди. Миллатлараро муносабатларда рўй бераётган ўзгаришларга ижобий баҳоларнинг устунлиги мамлакатнинг этник-маданий ривожланишидан, турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги тенглик, адолат, яхши қўшничилик ҳамда этник, ирқий ва диний белги бўйича инсон ҳуқуқларининг камситилишига йўл қўймаслик тамойилларига риоя қилишга асосланган муносабатлар характеридан фуқароларнинг қониқишини кўрсатади.
Минтақавий кесимда сўров натижалари таҳлилининг аниқлашича, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Жиззах вилоятлари аҳолиси бошқа минтақалардаги респондентларга қараганда миллатлараро муносабатлардаги ўзгаришларнинг ижобий тенденцияларини кўпроқ қайд этдилар.
Сўровнинг кўрсатишича, 71,2% фуқаролар миллатлараро муносабатлар барқарорлигини Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда қулай геосиёсий мавқега эга эканлиги ва тинч-тотув яшашнинг бой тарихий тажрибаси, кўп асрлик яхши қўшничилик ва савдо, маданият, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик қилиш анъаналарига эга аҳолининг кўп миллатли таркиби билан боғлайди. Сўров иштирокчиларининг фикрича, айнан шу омиллар Ўзбекистон жамиятида бағрикенг кўп миллатли ва кўп конфессияли муҳит ва юксак мулоқот маданиятининг шаклланишига таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро сиёсат, 64,1% фуқароларнинг фикрича, жамиятда тинчлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллатлараро бағрикенглик, ишонч ва ҳурматни сақлашга ёрдам берувчи қудратли омил бўлмоқда. Сўров иштирокчилари шунга ишонадиларки, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қулай турмуш шароитини яратиш, миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, ҳар бир ўзбекистонликни ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жамиятида турли миллат ва эътиқод вакиллари ўртасида самарали мулоқот амалга оширилмоқда.
51,1% фуқароларнинг фикрича, жамиятдаги миллатлараро ва динлараро тинчлик ва тотувлик, миллий ёки диний асосларда ихтилофларнинг йўқлиги мамлакат аҳолисининг этник кўпчилигини ташкил этувчи ўзбек халқининг хизмати ҳисобланади. Респондентлар ўзбеклар доимо меҳр-оқибатлилик, меҳмондўстлик, инсонпарварлик ва қалбан сахийлик билан ажралиб туришларини, бошқа этник гуруҳлар вакиллари билан фаол ҳамкорлик ва прагматик ҳамжиҳатликка очиқ эканликларини таъкидладилар.
Сўров давомида 46,2% респондентлар Ўзбекистонда яшаётган барча халқларнинг маънавий яқинлигини мамлакатимиздаги миллатлараро муносабатлар барқарорлигининг гарови, деган фикрни билдиришди. Респондентларнинг ҳисоблашича, Ўзбекистонда яшаётган халқларни қарашлар ва маънавий қадриятларнинг муштараклиги, мамлакатимиз халқларининг ўзаро бойишига, маънавий-ахлоқий ва маданий ривожланишига ёрдам берувчи ўзига хос менталитет бирлаштиради.
Ўтказилган сўров натижаларининг кўрсатишича, 97,1% ўзбекистонликлар мамлакатда миллий, диний, маданий-тил муҳити нуқтаи назаридан ўзларини тамоман қулай ва эркин ҳис қилишади. Олинган маълумотларнинг тасдиқлашича, миллий сиёсатнинг амалдаги модели ўз самарадорлигини исботламоқда, у кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ва фуқаролик ўзига хослигини шакллантиришга, миллий асосда камситиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ёрдам бермоқда.
Тадқиқотнинг тасдиқлашича, Ўзбекистон жамиятини Ватанга муҳаббат, мамлакат тарихи, кекса авлод анъаналарига ҳурмат, янги Ўзбекистоннинг муваффақиятларидан фахр-ифтихор ҳисси ва Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган, кучли ва гуллаб-яшнаган давлатга айланиши учун ҳисса қўшиш истаги бирлаштиради.
Олинган тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, фуқароларнинг аксарияти Ватанга муҳаббат, туғилган юрти, ўз давлатининг ўтмиши ва ҳозирги тарихига нисбатан фахр-ифтихор туйғусини ҳис қилади. Ўзбекистонликлар учун ўз Ватани ғояларига садоқат, унинг буюклиги ва улуғворлигини англаш, Ўзбекистон билан мустаҳкам маънавий алоқа ва Ватан, халқ тақдири учун маънавий масъулият ҳисси хосдир.
Сўров давомида миллатлар кесимида олинган натижалар миллий мансублик ўзбекистонликларнинг ўз мамлакатига нисбатан ҳис-туйғуларига жиддий таъсирга эга эмаслигини кўрсатди. Туб миллат вакиллари ва Ўзбекистонда туғилиб ўсган турли миллат ва элатларга мансуб фуқаролар Ватанни, ўз халқини севадиган, унинг табиати, тарихи, маданияти ва урф-одатлари билан фахрланадиган, мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини, кучли, ривожланган, замонавий давлат бўлишини чин дилдан истайдиган ҳақиқий ватанпарвар ўзбекистонликлар ҳисобланадилар.
Умуман олганда, тадқиқот натижаларининг таҳлили фуқароларнинг мамлакатда олиб борилаётган миллатлараро сиёсатдан, мамлакатнинг этник-маданий ривожланишидан, турли миллат вакиллари ўртасидаги тенглик, адолат, яхши қўшничилик ва инсон ҳуқуқларининг этник, ирқий ва диний мансублик бўйича бузилишига йўл қўймаслик тамойилларига риоя қилишга асосланган муносабатлар характеридан қониқишини кўрсатади. Сўров давомида олинган маълумотларнинг тасдиқлашича, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси ўз самарадорлигини исботламоқда, у кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ва фуқаролик идентиклигини шакллантиришга, миллий асослардаги камситишларнинг намоён бўлишига йўл қўймасликка ҳамда турли этник гуруҳлар вакилларининг кўп миллатли Ўзбекистон жамиятига интеграциялашувига ёрдам бермоқда.