18.03.2023
330
Наврўз байрами арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Ўзбекистон фуқаролари Наврўз байрами ҳақида» мавзусида социологик тадқиқот ўтказди, унинг асосий мақсади фуқароларнинг ушбу воқеага муносабатини, уларнинг орзу-умидлари ва ижтимоий кайфиятини аниқлашдан иборат бўлди.
Баҳор миллионлаб кишилар учун энг севимли фасллардан бири ҳисобланади, зеро, баҳорда табиат уйғонади, янгиланади, атроф-борлиқ бетакрор гўзал тусга киради. Наврўз (яъни «Янги кун») - астрономик баҳорнинг биринчи куни ва табиатнинг уйғонишини англатади. Байрамнинг руҳи ва фалсафаси ҳам турли авлодлар ўртасида, ҳам барча оилаларда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, инсоннинг табиат билан бирлашуви, шунингдек, муросасозлик ва яхши қўшничилик қадриятларини тарғиб қилади, бу эса маданий хилма-хилликни сақлаш ва одамлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. 2009 йилда Наврўз кўплаб халқларнинг маданий анъанаси сифатида ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Ўтказилган сўров Наврўз ўзбекистонликлар учун энг севимли ва ардоқли байрамлардан бири, уни интиқлик билан кутишади ва у билан қувончли орзу-умидлар боғланади, деб таъкидлаш имконини беради.
«Сиз учун Наврўз қандай байрам ҳисобланади?» деган саволга жавобларида респондентлар: Наврўз – бу ёши, яшаш жойи, маълумот даражаси ва касбидан қатъи назар, ўзбекистонликларни бирлаштирадиган умуммиллий байрам, дея таъкидлашди. Наврўзни мамлакатимиз аҳолиси ғоят хуш кўради ва шу маънода Наврўз – бу тинчлик ва тотувлик тимсолидир. Ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, Наврўз – бу баҳорги тенгкунлик куни, ундан - Янги йил, айни пайтда табиат ва жамият янгиланишининг янги босқичи бошланади.
Олинган маълумотларга кўра, сўров иштирокчилари Наврўзни, биринчи навбатда, яратувчилик ва тинчлик-хотиржамлик байрами деб ҳисоблашади. Респондентларнинг катта қисми учун Наврўз меҳр-оқибат ва инсонпарварлик, дўстлик ва ўзаро ёрдам ифодасидир.
Тадқиқот иштирокчиларининг таъкидлашларича, Наврўз Ўзбекистонда асрлар қаърида пайдо бўлиб, бугунги кунгача сақланиб келаётган ёрқин ва ўзига хос удумлар билан бойитилган асосий халқ анъаналаридан бири ҳисобланади.
Сўров давомида респондентлар Наврўз улар учун болаликдан орзиқиб кутиладиган севимли байрам эканлигини таъкидладилар. Байрамдаги ижобий ва кўтаринки кайфият, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан учрашувлар, фусункор шаҳар ва қишлоқлар, мусиқа ҳамоҳанглигидаги кўплаб тадбирлар – буларнинг барчаси мамлакат аҳолисининг ёши кичигидан то улуғигача Наврўзни кундалик муаммоларни бир дам унутиб, баҳорнинг келишини тантанали қаршилаш имконини берадиган қувончли кунга айлантиради.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, респондентларнинг аксарияти (75,3%) бу йил Наврўзни оила даврасида, энг яқин ва севимли кишилар билан ўзаро мулоқотда, совға-саломлар билан, гина-кудратларни унутиб нишонлашни режалаштирмоқда.
Ўзбекистонда Наврўзни нишонлашнинг муҳим жиҳати меҳмондорчилик ҳисобланади, бу кун ҳар бир хонадонда кўплаб миллий таомлар тайёрланади ва тўкин дастурхонлар ёзилади. Сўров иштирокчилари байрамга аллақачон фаол тайёргарлик кўраётганликларини таъкидладилар: улар қариндош-уруғлар ва яқинларига совғалар, шунингдек, байрам дастурхони учун ноз-неъматлар харид қилишмоқда, ҳашарда қатнашиб, хонадонлари ва ён-атрофни тартибга келтирадилар, буталар ва гул кўчатлари экишади.
Ўзбекистонда Наврўз ҳар йили кенг нишонланади. Анъанага кўра, шаҳар ва қишлоқларда мусиқа, рақс, спортнинг миллий турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, аскиячилар иштирокида халқ сайиллари уюштирилади, шунингдек, байрам ярмаркалари ташкил этилиб, сайил иштирокчиларига хилма-хил маҳсулотлар таклиф этилади.
Наврўз байрами доирасида Ўзбекистонда таниқли санъаткорлар, эстрада ижрочилари ва рақс гуруҳлари, спорт усталари, бадиий ҳаваскорлик ва фольклор жамоаларининг чиқишлари, ҳунармандлар кўргазмалари, шунингдек, кечки маданий-кўнгилочар дастурлар режалаштирилган.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг катта қисми оммавий тадбирларда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Наврўзни нишонлаш учун дам олиш кунлари назарда тутилганлиги сабабли, кўплаб сўров иштирокчилари учун - бу вақтни табиат қўйнида ўтказиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат қилиш, диққатга сазовор жойлар ва тарихий масканларга ташриф буюриш, ноёб меъморий обидалар, маданий ёдгорликлар ва тарихий артефактлар билан танишиш, она юрт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун қўшимча имконият ҳисобланади.
Маълумки, сумалак байрамнинг бош рамзи бўлиб, у баҳорнинг бошланиши, мўл-кўллик, соғлик, эзгулик ва ҳамжиҳатликни ифодалайди. Ундирилган буғдойдан тайёрланадиган ноёб таом – сумалак кўп минг йиллардан буён байрам дастурхонининг асосий безаги ҳисобланади.
Сумалак пишириш жараёни ўзгача бир маросим бўлиб, у Наврўзни нишонлашда алоҳида ўрин тутади. Сумалак пишириш завқли яллалар, ўйин-кулгулар, ҳазил-мутойибалар жаранги билан ажралиб туради ва тадқиқот натижалари кўрсатганидек, 65,7% сўров иштирокчилари бу йил сумалак пиширишда шахсан иштирок этиш ниятида. Респондентларнинг таъкидлашича, сумалак пишириш улар учун ёру дўстлар, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан мулоқот қилиш, улар билан баҳор тароватини баҳам кўриш имкониятидир.
Олинган маълумотларга кўра, аксарият ўзбекистонликлар (74,3%) Наврўзни қувончли байрам ҳиссидан завқланиб, роҳатланиб кутиб олишади. Сўров давомида респондентлар байрам кунлари янги куч-ғайратга, шижоатга тўлиб-тошишларига эътибор қаратиб, жисму жонларида «уйғониш, янгиланиш ва маънавий кўтаринкилик ҳисси» устувор бўлишини баён қилдилар.
Сўров натижаларига кўра, аксарият ўзбекистонликлар Наврўзни ўзгача кун деб ҳисоблаб, уни ўзига хос ҳис-туйғулар уйғотадиган ўта муҳим байрам сифатида таърифладилар.
Сўровнинг мантиғида Наврўзнинг ўзбекистонликлар учун муҳимлиги сабабини аниқлаш назарда тутилган эди.
Аксарият сўров иштирокчилари учун Наврўзни нишонлаш энг қадимий миллий анъана ҳисобланади. Бугун, кўп асрлар илгари бўлгани каби, Наврўзни мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси авлоддан-авлодга ўтиб, сақланиб қолган ва ҳозиргача ўзгармасдан етиб келган байрам анъаналари ва урф-одатларига риоя қилган ҳолда кенг нишонлайди. Ўзбекистонликларнинг абадий маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу қадимий байрам халқимизнинг миллий ўзлиги ва маданий ифодасининг бир қисмига айланди.
Кўплаб иштирокчилар Наврўз байрамининг мамлакат аҳолиси учун ўта муҳимлигининг яна бир сабаби унинг болаликда идрок этилиши билан боғлиқлигини айтишди, дарҳақиқат, Наврўз доимо оилаларда қариндош-уруғлар ва дўсту биродарлар билан байрам дастурхони атрофида тантанали равишда нишонлаб келинган. Тадқиқот иштирокчилари айнан Наврўз жамиятда ҳеч бир байрамга ўхшамаган, ўзгача қувонч ва умид муҳитини яратишини таъкидладилар. Айнан шу кунларда одамлар маънавий кўтаринкиликни ҳис қилишади, уларнинг истиқболга, эртанги кунга ва орзу-мақсадлар рўёбига ишончи ортади.
Респондентларнинг таъкидлашича, Наврўз – бу инсон атроф-олам билан ўзининг бир тану бир жонлигини юракдан ҳис қиладиган, инсоннинг яратувчилик меҳнати ва табиатнинг уйғониш босқичлари ўзаро узвий боғлиқлигини дилдан англайдиган, айниқса, табиат ва унинг бойликларига нисбатан беадад меҳр-муҳаббат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини ўта чуқур ҳис қиладиган пайт.
Наврўз байрами арафасида одамлар эзгуликдан умид қилиб, янги режалар тузишади ва дилдаги орзуларнинг ижобатига ишонадилар. Байрам кунларида мамлакат аҳолиси нафақат табиатдаги, балки жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги янгиланишлардан завқланади.
Ўтказилган социологик сўров натижалари Наврўз ҳар бир ўзбекистонлик учун қалбан яқин ва азиз байрам, деган хулосага келишга имкон берди, зеро, у ўзбек халқининг ўзига хос табиатини, унутилмас анъаналари, донишмандлиги ва меҳр-муҳаббатини ўзида мужассам этган. Олинган маълумотлар шуни тасдиқлаб турибдики, мамлакат аҳолиси ушбу қадимий байрам удумларига риоя қилиш хонадонларига бахт-саодат, тўкин-сочинлик ва фаровонлик, оила аъзоларига тинчлик-саломатлик ва роҳат-фароғат келтиришига инонган ҳолда Наврўз байрами билан боғлиқ барча урф-одатлар ва анъаналарга мамнунлик билан амал қилади.
Сўров иштирокчилари учун ушбу ёрқин байрам серҳосил ўзбек заминида баҳор бошланишининг ифодаси бўлиб, оламнинг бетакрор гўзаллигини куйлаши, инсонга ўзининг табиат билан бевосита яқинлиги ва она юртига бўлган муҳаббатини англаш ва ҳис қилиш имконини бериши билан, айниқса, қадрлидир.
Ўзбекистонликлар учун тинчлик ва тотувлик рамзи бўлмиш Наврўзнинг ҳар бир оилада ва бутун жамиятда ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, умуминсоний қадриятларни юксалтиришга ҳисса қўшиши, айниқса, муҳим ҳисобланади.