12.02.2025
86
11 ФЕВРАЛЬ – ХАЛҚАРО ИЛМ-ФАН СОҲАСИДАГИ ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ
Ҳар йили 11 февраль санаси дунё миқёсида Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни сифатида кенг нишонланади. Мамлакатимизда ҳам шу кун муносабати билан Ўзбекистон олима аёлар форуми бўлиб ўтди. Бу сана хотин-қизларнинг илм-фан тараққиётидаги беқиёс ҳиссасини эътироф этиш, уларни рағбатлантириш ва янги илмий муваффақиятларга илҳомлантириш мақсадида белгиланган.
Замонавий жамият тараққиётида илм-фан ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб, унда хотин-қизларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Барқарор ривожланишни таъминлаш учун илм-фан ва гендер тенглик жуда муҳим ҳаётий аҳамиятга эга. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибининг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришдан тортиб, то иқлим ўзгаришига қарши курашишгача бўлган асосий муаммоларини ҳал қилиш ҳар бир инсоннинг истеъдодини ишга солишга таянади. Бу эса мазкур соҳалардаги фаолиятга хотин-қизларни янада кўпроқ жалб этишни англатади. Тадқиқотчилик фаолиятининг хилма-хиллиги янги истиқболлар, истеъдодлар ва ижодкорликни жорий этиш орқали иқтидорли тадқиқотчилар сафини кенгайтирмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат тузилмалари ва жамоатчилик фаолиятида кенг иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Хотин-қизлар барча фаолият соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаб, таълим, маданият ва илм-фан ривожига тобора салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра сўнгги беш йил ичида илм билан шуғулланувчи аёллар сони 18 фоизга ошган, ва бугунги кунда Ўзбекистонда олимларнинг 48 фоизи хотин-қизлардир. Шунингдек тадқиқотда қатнашган респондент аёлларнинг 72 фоизи илм-фанга қизиқиши борлигини ва ушбу йўналишда ўзини синаб кўриш истагини билдирган.
Кўпчилик респондентларнинг фикрича, мамлакатимизда давлат хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, қизларнинг таълим олиши учун шарт-шароит яратиша, айниқса олий таълим олиш масалаларида, қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолганларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга кўмаклашиш, қизлар ва аёллар ўртасида илмий салоҳиятни ривожлантиришга кўмаклашиш, аёллар спортини ривожлантириш ва хотин-қизларнинг имкониятларини ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган бошқа кўплаб ташаббуслар мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, хотин-қизлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Сўровда фуқароларнинг эркаклар ва аёллар томонидан олий таълим олишнинг устуворлиги ҳақидаги фикри ўрганилди. Шундай қилиб, аксарият сўров иштирокчилари (81,1%) жинсидан қатъи назар, олий маълумот олиш зарурлигига ишонадилар, чунки олий маълумотга эга бўлиш келажакни яхшироқ таъминлаш, обрўли иш топиш ва оила бюджетига янада салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.
Тадқиқотда аёл нафақат оилавий – маиший иш билан шуғулланиши, эрига ғамхўрлик қилиши, болаларни тарбиялаши балки уйдан ташқарида банд бўлиши ҳамда оилавий ва касбий фаолиятни бирлаштириши мумкинлиги тўғрисида кенг кўламли фикрлар аниқланди. Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларда аёл ҳам ишни, ҳам оилани муваффақиятли бирлаштира олади, деган фикр устунлик қилади – бу кўрсаткич 78,2% ни ташкил этди.
Шунингдек, тадқиқот натижаларига кўра, хотин-қизлар илм-фанга кириб келишда ижтимоий қийинчиликлар 65%, молиявий қийинчиликлар 48% ва оилавий мажбуриятлар 53% билан тўқнаш келмоқда. Мазкур муаммоларга қарамай Ўзбекистонда олима аёллар ўз фаолиятларини аъло даражада олиб бормоқдалар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, Рано Ахатовна Убайдуллаева мамлакатимизда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш соҳасида улкан ҳисса қўшган олимлардан бири ҳисобланади. Унинг илмий ва ташкилий фаолияти “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ташкил этилиши ва унинг жадал ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.
Убайдуллаева Рано Ахатовна ўз тадқиқотларида республика миқёсида долзарб аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий масалаларни илмий асосда ўрганишга алоҳида эътибор қаратган. Унинг фаолияти нафақат аҳоли кайфиятини ўрганиш, балки жамиятда кечаётган ижтимоий жараёнларни тўғри баҳолаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга таъсирини тадқиқ этишга қаратилган.
Шунингдек, олиманинг илмий ишланмалари ва амалий тадқиқотлари мамлакатда ижтимоий сиёсатни шакллантириш, давлат ва жамоат ташкилотларининг самарали қарорлар қабул қилишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилган. Унинг раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар натижалари жамиятнинг ижтимоий фикрини чуқур таҳлил қилиш, аҳолининг ижтимоий муаммоларга муносабатини ўрганиш ва уларни ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшган. Унинг илмий мероси ижтимоий фанлар ривожига қўшилган салмоқли ҳисса сифатида баҳоланади.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси ушбу сана муносабати билан барча илм-фанга дахлдор хотин-қизларни, тадқиқотчиларни, профессор-ўқитувчиларни ва ёш олимларни самимий муборакбод этади!
Сизларнинг изланишларингиз, интеллектуал фаолиятингиз ва инновацион ғояларингиз келажак авлодлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил.
Янги илмий кашфиётлар, изланишлар ва муваффақиятлар сизга ёр бўлсин!