10

МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ УЧУН ЎҚУВ СЕМИНАРИ: ОНЛАЙН СОЦИОЛОГИК СЎРОВЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан маҳалла раислари учун навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди. Марказий аппарат ходимлари иштирокида ва ҳудудий студиялар онлайн тарзда уланган ҳолда ўтказилган тадбирда республиканинг барча ҳудудларидан 8 992 нафар маҳалла раиси қатнашди.

Семинарнинг алоҳида қисми аҳоли ўртасида онлайн социологик сўровларни ташкил этиш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг қўшма қарори билан тасдиқланган «Маҳаллаларда аҳоли ўртасида онлайн социологик сўровларни ташкил этиш тартиби» билан таништирилди.

Ушбу йўналиш доирасида «Ижтимоий фикр» маркази мутахассислари онлайн сўровларни ташкил этишнинг асосий тамойиллари, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш, фуқароларни тадқиқотларга жалб этиш ҳамда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалий тавсиялар бердилар.

Айниқса, маҳалла раисларининг аҳоли билан бевосита ишлаш жараёнидаги вазифалари, сўровларда иштирок этишни тўғри ташкил этиш, респондентларга зарур тушунтиришлар бериш ва тадқиқот жараёнида холисликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар якунида савол-жавоб ва фикр алмашиш сессияси ўтказилди. Иштирокчилар онлайн социологик сўровларни маҳалла даражасида ташкил этиш билан боғлиқ амалий масалаларни муҳокама қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва тегишли тушунтиришларга эга бўлиш имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур семинарда олинган билим ва амалий кўникмалар аҳоли билан мулоқотнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, маҳаллаларда жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш ҳамда фуқароларнинг эҳтиёж ва кутилмаларини янада самарали аниқлашга хизмат қилади.