16.02.2021
1110
Тадқиқотнинг мақсади: ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақида фикрини, кийим танлашда нимани афзал кўришини, корпоратив дресс-кодга риоя қилишга бўлган муносабатини аниқлаш.
Умумий маълумотлар. Жамоатчилик фикри сўрови 01-18 декабрь кунлари ўтказилди:
- интернет-сўров:1-18 декабрь кунлари ўтказилди. Унда профессионал телеграмм гуруҳлар орасидан танлаб олинган 128 нафар респондентлар иштирок этдилар. Маълумотларни тўплаш Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган миқдорий саволнома асосида CAWI-муҳаррири воситасида интернет-сўров ўтказиш усули билан амалга оширилди.
- телефон сўрови: 1-18 декабрь кунлари тасодифий стратификацияланган танлов усули билан, мамлакат стационар ва уяли телефон алоқасининг барча абонентлари орасидан танлаб олинган 174 нафар респондент сўралди. Маълумотларни тўплаш Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ягона стандартлаштирилган миқдорий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали амалга оширилди.
- юзма-юз интервью: 1-4 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида
(24 нафар респондент), 10-12 декабрь кунлари – Наманган шаҳрида (88 нафар респондент) ўтказилди. Маълумотларни тўплаш Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ягона стандартлаштирилган миқдорий саволнома бўйича юзма-юз сўров ўтказиш орқали амалга оширилди.
Танлов жамланмасида 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган респондентлар сўралди, улар орасида эркаклар - 52,7% ва хотин-қизлар 47,3%ни ташкил этди.
Умумий маълумотлар. Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йилнинг 1-4 декабрь кунларида ўтказилди. 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган респондентлар сўралди, улардан 52,7% – эркаклар ва 47,3% – хотин-қизлар.
Респондентларнинг ёш таркиби: 18-20 ёшдагилар – 15,0%, 21-25 ёшдагилар - 24,6%, 26-30 ёшдагилар – 29,5%, 31-35 ёшдагилар – 30,9%.
Респондентларнинг оилавий аҳволи: уйланган/турмушга чиққан – 69,6%, уйланмаган/турмушга чиқмаган – 29,5%, ажрашган – 1,0%.
Респондентларнинг машғулот тури: ўқийди – 20,8%, доимий ишга
эга – 40,6%, мустақил ишловчилар – 1,9%, бола парвариши бўйича таътилдагилар – 1,9%, уй бекалари – 21,3%, вақтинча ишга жойлашмаганлар – 13,5%.
Сўровнинг 5% хатолик ва 95% ишончлилик даражасидаги умуммиллий репрезентативлиги танлаб олинган 414 нафар респондент миқдоридаги тасодифий стратификацияланган танлаш усулини қўллаш орқали таъминланди.
АСОСИЙ НАТИЖАЛАР
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг ташаббусига кўра 2020 йил 1 декабрдан 18 декабргача бўлган даврда ўтказилган «Нафосат-2020» фестивали доирасида Ўзбекистон ёшларининг кийиниш маданияти ҳақидаги фикрларини ўрганишга бағишлаб, "Еxpress-modus" блоки доирасида телефон сўровини ўтказди.
Инсоннинг ижтимоий моҳияти унинг ҳаёти фаолиятининг деярли барча жабҳаларида намоён бўлади, улардан бири кийинишдир. Юксак мақомли иш, манфаатли шерик учун юқори даражадаги рақобат кураши шароитида нафақат санъат соҳасида, балки бизнес ва сиёсатда ҳам шахс ва профессионал сифатида ўзига эътиборни тортиш мақсадида турли хил воситалардан, жумладан, кийинишдан ҳам фойдаланилади. Кийиниш муайян шахс, ҳамжамият имижининг ҳам, умуман давлат имижининг ҳам бир қисми ҳисобланади. Ташқи муҳитдан ҳимояланишга бўлган амалий эҳтиёждан пайдо бўлиб, кийиниш дарҳол нафақат эстетик, балки ахлоқий функцияларга ҳам эга бўлди. Кийиниш инсоннинг гўзалликка интилишини, шунингдек, ўзига ва атрофидагиларга бўлган муносабатини намоён этади. Инсоннинг кийими унинг атрофидагилар томонидан қабул қилинишига таъсир кўрсатади, унинг маданий даражаси (жумладан, услуби, диди), ижтимоий мақоми ва моддий даражасидан далолат беради. Кийиниш маданияти инсоннинг умумий маданияти, унинг ижтимоий моҳияти намоён бўлишининг таркибий қисмларидан бири, ўз индивидуаллигини ифодалаш усули ҳисобланади.
Тадқиқот давомида ёшларнинг кийиниш маданиятига амал қилиш, кийинишнинг жамиятда қабул қилинган ахлоқий ва эстетик қоидаларига риоя қилиш зарурлигига бўлган муносабатларини ўрганиш вазифаси қўйилган эди.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, замонавий ёшлар кийиниш маданиятига катта аҳамият берадилар. "Сизнингча, замонавий ёшлар – йигитлар ва қизлар учун кийиниш маданиятига риоя қилиш муҳимми?", деган саволга ёшларнинг кўпчилиги (76,8%) "Ҳа, бу жуда муҳим", деб жавоб беришди.
1-расм. Сизнингча, замонавий ёшлар – йигитлар ва қизлар учун кийиниш маданиятига риоя қилиш муҳимми?
(сўралганлар сонидан % ҳисобида)
Маданиятда либоснинг универсал функцияси самарали мулоқот ва муваффақиятли фаолиятни таъминлаш учун инсонни муайян ҳаёт контекстига мослаштиришдан иборат. Либос бир вақтнинг ўзида муҳитга мослашади ва уни керакли йўналишда ўзгартиради.
Тадқиқот ёшларнинг кийиниш амалий функциядан ташқари, яна қандай функцияларни бажариши ва нима учун улар кийиниш маданиятига риоя қилишга аҳамият беришлари ҳақидаги фикрини аниқлаб берди. Уларнинг фикрича:
- кийиниш ёшларнинг тарбияланганлик даражасини акс эттиради (29,5%);
- кийиниш инсоннинг ички дунёсини акс эттиради (27,5%);
- кийиниш миллий менталитетнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради (17,5%);
- кийиниш ўзига ва атрофидагиларга бўлган ҳурматни акс эттиради (12,7%);
- кийиниш инсон дунёқарашининг кенглигини кўрсатади (5,3%).
Сўров натижаларининг кўрсатишича, кийимнинг сифати ва ҳолати барча ёшдаги одамлар учун долзарб, шунинг учун инсонда кийиниш истаги ва маҳорати қанчалик эрта тарбияланса, у ўзини шунчалик ижобий қабул қилади, шунингдек, турмуш тарзи ва имкониятларидан қатъи назар, атрофидагилар томонидан ижобий баҳоланади ва қабул қилинади.
Ҳар бир ижтимоий муҳитда одамларда кийинишга нисбатан муайян талаблар юзага келади. Шунинг учун инсон ўз атрофида кўришга одатланган услубни ижобий қабул қилади ва кийим сотиб олаётганда унга ижтимоий омиллар таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан замонавий ёшларнинг кийиниш услубини танлашдаги устуворликларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эди. “Сиз учун қандай кийиниш услуби энг афзал ҳисобланади?”, деган саволга олинган энг кўп жавоб ёшлар кийиниш услубига бўлган муносабатни акс эттирди. Чунончи, ёшлар хилма-хилликни афзал кўришади ва фақат бир услубга амал қилишмайди, балки кийимни муайян вазиятга қараб кийишади. Бу ёшлар кийим танлашда кийим уларга ярашишига, улар муайян либосда қандай кўринишига эътибор беришади. 27,5% эркаклар ва 29,6% аёллар ана шундай фикрда.
Классик услубни 26,1% респондентлар афзал кўришади. Аниқланишича, эркаклар классик кийимни аёлларга қараганда деярли икки марта кўпроқ танлашади (мос равишда 33% ва 18,4%). Қизлар ва ёш аёллар эркакларга қараганда кўпроқ замонавий кийимни афзал кўришади, трендларга амал қилган ҳолда, модадан ортда қолмасликка интилишади.
23,5% қизлар ва 17,4% йигитлар анъанавий ва миллий услубдаги кийимларни афзал кўришади. Декор элементларида, ранг ечимида модага айланган этник мотивлар, анъанавий матолар миллий услубдаги либосларни бажонидил ва алоҳида фахр билан киядиган ёшлар томонидан маъқул кўрилади.
1-жадвал. Сиз учун қандай кийиниш услуби энг афзал ҳисобланади? (сўралганлар сонидан % ҳисобида)
|
Муайян услубга риоя қилмайман, асосийси, ярашса бўлди |
Классик, қатъий услуб |
Замонавий ва мода бўлган услуб |
Анъанавий ва миллий услуб |
Норасмий элементларга эга бўлган ўта замонавий услуб |
Жами |
28,5 |
26,1 |
23,7 |
20,3 |
1,4 |
Эркаклар |
27,5 |
33,0 |
20,2 |
17,4 |
1,9 |
Хотин-қизлар |
29,6 |
18,4 |
27,6 |
23,5 |
0,9 |
Респондентларнинг ёш кесимидаги жавоблари таҳлили уларнинг кийиниш услубида нимани афзал кўришлари бўйича сезиларли фарқларни аниқламади. Фақат 18-20 ёшлилар афзал кўрадиган ўта замонавий услуб бундан мустасно бўлди. Ушбу ёш гуруҳининг ҳар ўнинчи респонденти кийимнинг ушбу услубини афзал кўришини таъкидлади. Сўров шуни кўрсатдики, ёшлар улғайгач, ўз дидини ўзгартириб, кўпроқ консерватив услубларни афзал кўришади.
2-жадвал. Сиз учун қандай кийиниш услуби энг афзал ҳисобланади? (сўралганлар сонидан % ҳисобида)
|
Муайян услубга риоя қилмайман, асосийси, ярашса бўлди |
Классик, қатъий услуб |
Замонавий ва мода бўлган услуб |
Анъанавий ва миллий услуб |
Норасмий элементларга эга бўлган ўта замонавий услуб |
18-20 ёши |
25,8 |
29,0 |
19,4 |
16,1 |
9,7 |
21-25 ёши |
29,4 |
27,5 |
21,6 |
21,5 |
- |
26-30 ёши |
32,8 |
21,3 |
26,2 |
19,7 |
- |
31-35 ёши |
25,0 |
28,1 |
25,0 |
21,9 |
- |
Ёшлар модаси ёшларнинг ўзини ўзи ифодалашида энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Шинам ва қулайликка интилишдан ташқари, ёшлар кийинишда ўз индивидуаллигини ифода этишга, қарашлар мустақиллиги ва динамизмни намойиш этишга мойил. Сўров иштирокчилари ёшлар кийим танлашда қандай услубга риоя қилишлари кераклиги ҳақида ўз фикрини билдиришди. Респондентларнинг ярмига яқини (49,3%) ёшлар учун эркин ва замонавий услубдаги кийимлар кўпроқ мос келади, деган фикрда. 29% иштирокчилар ёшлар, хоҳишларига кўра, миллий элементларга эга замонавий кийимни кийишлари керак, деб ҳисоблашади.
3-жадвал. Сизнингча, ёшлар қандай кийиниш услубига
риоя этишлари лозим? (сўралганлар сонидан % ҳисобида)
Кийиниш услуби |
% |
Эркин ва замонавий услубга |
49,3 |
Миллий элементларга эга бўлган замонавий услубга |
29,0 |
Миллий услубга |
17,9 |
Ўта замонавий услубга |
1,9 |
Айтишим қийин |
1,9 |
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ёшлар учун кийим танлашда кийим нархининг унинг жозибадорлигига мос келиши асосий мезон ҳисобланади – 47,3% респондентлар, агар кийим ёқса ва унинг нархи маъқул келса, уни харид қилишини таъкидлади.
14% респондентлар кийимнинг мода анъаналарига мос келишига аҳамият беради. Иштирокчиларнинг бир қисми кийимнинг ўз яшаш жойидаги жамиятга маъқул келишига, у ерда қабул қилинган анъана ва урф-одатларга мос келишига эътибор берадилар (12,1%). 11,6% ёшлар кийимнинг муайян воқеага мос келишини муҳим, деб ҳисоблашади. 5,8% ёшлар кийимни танлашда ўз қариндошлари ва яқин инсонларининг маслаҳатларига қулоқ тутишини таъкидлашди.
2-расм. Шахсан Сиз кийим танлашда нимага амал қиласиз?
(сўралганлар сонидан % ҳисобида)
"Сиз кундалик ҳаётда (ўқишда, ишда) қандай кийинишни афзал кўрасиз?", деган саволга респондентларнинг ярмидан кўпи (55,6%) кийим танлашда у муайян воқеага мос келишига эътибор қаратишини таъкидлади. Ёшлар, агар улар вазиятга мос кийинган бўлишса, ўзларини қулай ҳис қилишади ва бу уларнинг кийим танлашдаги асосий мезони ҳисобланади. Респондентларнинг учдан бир қисмига яқини улар учун кийимнинг тоза ва озода бўлиши энг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. 13% сўров иштирокчилари ишга ёки ўқишга миллий элементларга эга, модадаги кийим кийишни афзал кўради.
3-расм. Сиз кундалик ҳаётда (ўқишда, ишда) қандай кийинишни
афзал кўрасиз? (сўралганлар сонидан % ҳисобида)
Тадқиқот жараёнида ёшларнинг ижтимоий мулоқотда муайян функцияларни бажарадиган кийиниш элементлари ва турларининг мураккаб уйғунлашуви сифатида «дресс-код»га бўлган муносабатини ўрганиш вазифаси қўйилди. Мазкур ҳолатда, "мулоқот вазияти" юзага келади,
яъни кийиниш таклиф қилинаётган ҳолатларга мос келади. Мулоқот вазиятининг ўзгаришига қараб, "дресс-код" қоидаларига кўра, кийим ҳам ўзгартирилиши керак.
Бугунги кунда ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг кийиниш маданиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ходимнинг мос ташқи кўриниши умуман ташкилотга бўлган ишончда муҳим роль ўйнайди, ташкилотдаги ишларнинг аҳволи ва ҳамкорларга бўлган ҳурматни намоён этади. Ўқув муассасаларида ҳам кийимнинг ягона шакли ёки ўқувчиларнинг ташқи кўринишига нисбатан қўйиладиган талаблар - муайян "дресс-код" мавжуд.
Сўров натижаларидан кўриб турганимиздек, аксарият ёшлар (72%) дресс-кодга риоя қилишнинг муҳимлигини тушунишади ҳамда уларнинг ташқи кўриниши ишга жойлашишига катта таъсир кўрсатишини ва мустақил ривожланиш омилларидан бири эканлигини билишади.
4-расм. Сизнингча, ёшлар ўқишда/ишда кундалик кийиниш қоидаларига (дресс-кодга) амал қилишлари шартми?
(сўралганлар сонидан % ларда)
Сўров давомида респондентлар "Дресс-кодга амал қилиш зарурлиги Сизда қандай ҳиссиётларни уйғотади?", деган саволга жавоб беришди. Респондентларнинг ярмига яқини дресс-кодга амал қилиш уларга ҳар қандай жойда ўзини ишончли ҳис қилиш имконини беради, дея таъкидлади. Корпоратив дресс-кодга риоя қилиш респондентларнинг ушбу қисмига шаклланган жамоага тезда қўшилиб кетишга, ноқулайликларни ҳис этмасликка ва ўз фаолиятини профессионал тарзда олиб боришга ёрдам беради.
26,1% сўров иштирокчилари ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай кийимда ўзини қулай ҳис қилади. Ёш кесимида бундай жавобни берган респондентларнинг энг кўп сони 21-25 ёшлилар гуруҳида қайд этилди.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, унинг 15% иштирокчилари дресс-кодга риоя қилишга тўғри келадиган вазиятда ўзини ишончсиз, ноқулай ҳис қилади. 31-35 ёшдаги респондентларда ушбу кўрсаткич 21,9%ни ташкил қилди. Дресс-кодга амал қилиш зарурати туфайли ноқулайликларни ҳис қилувчи респондентларнинг энг кам сони 21-25 ёшдаги респондентлар орасида қайд этилди – 7,8%.
3-жадвал. Дресс-кодга амал қилиш зарурлиги Сизда қандай ҳиссиётларни уйғотади? (сўралганлар сонидан % ларда)
|
Агар муайян дресс-кодга амал қилсам, ўзимни ҳамма жойда қулай ҳис қиламан |
Ўзимни ноқулай ҳис қиламан, чунки дресс-кодга амал қилишга тўғри келади |
Ҳар қандай вазиятда ва ҳар қандай кийимда ўзимни эркин ҳис қиламан |
Айтишим қийин |
Жами |
47,8 |
15,0 |
26,1 |
11,1 |
18-20 ёши |
45,2 |
16,1 |
29,0 |
9,7 |
21-25 ёши |
49,0 |
7,8 |
31,4 |
11,8 |
26-30 ёши |
50,8 |
13,1 |
26,2 |
9,9 |
31-35 ёши |
45,3 |
21,9 |
20,3 |
12,5 |
Ҳар бир кийиниш услуби ушбу инсон ҳақида аниқ маълумот берувчи рамз ҳисобланади. Кийимни танлашда инсон кўплаб омилларни ҳисобга олади, улар жумласига миллий ва оилавий анъаналар, мода тенденциялари, мулоқот стратегиялари билан боғлиқ шахсий афзалликлар, шахснинг манфаатлари ва бошқалар киради.
Сўров давомида ёшларнинг кийиниш орқали ўзини ифода этиш усуллари ҳақидаги фикри ўрганилди. 60,9% респондентларнинг фикрига кўра, кийиниш ўзини намоён қилиш ва ўзини ифодалаш воситаси ҳисобланади. Сўровда қатнашган ёшларнинг учдан бир қисми мазкур фикрга қўшилмайди, улар кийимни танлашга кўп ҳам аҳамият беришмайди.
5-расм. Сиз кийиниш – бу ўзини намоён қилиш ва ўзини ифодалаш воситаси деган фикрга қўшиласизми? (сўралганлар сонидан % ҳисобида)
ХУЛОСАЛАР:
- Тадқиқот шуни кўрсатдики, кийиниш маданияти инсон маънавиятининг ноёб тарзда акс этиши ҳисобланиб, кўп жиҳатдан ёшларнинг феъли, дунёқараши ва қадриятларини акс эттиради. Шу нуқтаи назардан халқимизнинг ўзига хос кийиниш услуби барча даврларда халқимизга хос бўлган покизалик, камтарлик ва гўзалликка интилиш каби фазилатларни намоён этган. Бугунги кунда ушбу жиҳатлар долзарб аҳамиятга эга бўлиб, аёллар кийимида миллий қадриятлар ва замонавий мода йўналишларининг уйғунлаштирилишида, виждон ва дин эркинлигини ҳисобга олган ҳолда ўзбек миллий модасининг шаклланишида ўз ифодасини топмоқда.
- Сўров натижалари шуни кўрсатдики, ёшлар кийиниш маданиятига катта эътибор қаратишади. Тадқиқот замонавий ёшлар кийиниш услубларида хилма-хилликни афзал кўришларини, йигитлар ва қизлар кийимни ёшига, иш ёки ўқиш жойига ва шахсий хусусиятларига қараб танлашларини аниқлаб берди. Респондентларнинг катта қисми бир хил услубга риоя қилмайди, балки вазият ва кайфиятга қараб кийинади.
- Тадқиқот натижаларидан кўриб турганимиздек, ёшларнинг аксарияти кийинишнинг муайян қоидаларига риоя қилишни, ўқув муассасасида ёки улар ишлаётган ташкилотда қабул қилинган дресс-кодга риоя қилишни мажбурий деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ҳар тўртинчи респондент махсус кийимни кийиб юриш зарурлигига салбий муносабатда эканлигини билдирди.
- Сўров шуни кўрсатдики, ёшлар дресс-кодга риоя қилишнинг муҳимлигини тушунишади ва уларнинг ташқи кўриниши ишга жойлашишига ҳам, ходимнинг хизматда муваффақиятли кўтарилишига ҳам катта таъсир кўрсатишини ҳамда мустақил ривожланиш омилларидан бири эканлигини билишади.
- Сўров натижалари шундан далолат бериб турибдики, ёшларнинг кўпчилиги кийинишга катта аҳамият беришади, уни индивидуалликнинг ифодаси ва инсон мақомининг кўрсаткичи, деб ҳисоблашади, аммо ёшларнинг каттагина қисми ҳар бир одам шахсан ўзига мос келадиган кийимни танлаши мумкин, деб ҳисоблаган ҳолда кийим танлашга камроқ талабчандир.
- Тадқиқот натижаларидан кўриб турганимиздек, кийиниш маданияти нафақат ёшларнинг ташқи кўринишга бўлган муносабатини акс эттиради, балки умуман олганда ёшларнинг тарбиявий даражаси, инсоннинг ички дунёси ва унинг жамиятда қабул қилинган хатти-ҳаракат қоидалари ва меъёрларига муносабатининг акс этиши нуқтаи назаридан кийиниш маданиятига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлайди.