391

Тадқиқотнинг мақсади: ўзини изоляциялаш тартибининг ички оилавий ва шахслараро муносабатларга таъсирини аниқлаш, эр-хотинлар, фарзандлар ва ота-оналарнинг ўзаро муносабатларини ўрганиш, оилавий низоларнинг пайдо бўлиши ва кучайишига таъсир қилувчи омилларни аниқлаш.

Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 1-12 май кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 424 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 Умуман олганда, телефон сўровининг олинган натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг аксарияти ўзини изоляциялаш тартибини ёлғизликда эмас, балки яқинлари ва қариндошлари даврасида ўтказмоқда, бу, шубҳасиз, афзаллик ҳисобланади, чунки яқин ижтимоий алоқалар ва ишончли муносабатларнинг мавжудлиги оила аъзоларининг коронавирус инфекциясининг умумий таҳдидига қарши жипслашувини рағбатлантиради, ўзининг ва яқинларининг саломатлиги учун масъулият ҳиссини оширади ва ўзини изоляциялаш тартиби қийинчиликларини ҳамжиҳатликда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан енгиш имконини беради.

Ўзини изоляциялаш шароитида бўлган 37,8% оилаларда уйдаги мажбуриятларнинг қайта тақсимланиши юз берди. Респондентлар, жинсий мансублигидан қатъи назар, узоқ вақт берк маконда бўлиш уй хўжалигини юритиш ва болалар тарбиясига жалб қилинган эркаклар сонини кўпайтирганлигини таъкидладилар. Сўралганларнинг фикрича, ўзини изоляциялаш тартиби уларга болаларнинг таълим-тарбиясига, бўш вақтни биргаликда ўтказишга кўпроқ вақт ва эътибор ажратишга имкон берди.

Фуқаролар ўзини изоляциялаш тартибига, рўзғор мажбуриятларини оила аъзоларининг шахсий хусусиятларига кўра ва мавжуд янги вазиятга мувофиқ равишда тақсимлаш шароитига муваффақиятли мослашмоқдалар, бу ҳол эса уларнинг муносабатларини янада уйғунлаштириб, бахтиёр қилмоқда. Оила Ўзбекистон жамиятининг асосий таянчи ва қадрияти бўлиб қолмоқда, унда ҳар бир инсон ўзига кўмак ва ҳимоя топади. Айнан оила авлодларнинг ўзаро муносабат маркази сифатида коронавирус инфекциясига қарши курашнинг ушбу мураккаб кунларида бошга тушган синовларни енгиб ўтишга ёрдам беради ва куч бағишлайди.