397

Тадқиқотнинг мақсади: мамлакат Президенти раҳбарлигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардан фуқароларнинг қониқиш даражасини аниқлаш, шунингдек, ўзини изоляциялаш даврида фуқароларнинг ижтимоий кайфияти ва ўзларини ижтимоий ҳис қилишларини ўрганиш.

Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 13-18 апрель кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда мамлакатдаги барча стационар ва мобил телефон алоқаси абонентлари орасидан танлаб олинган жами 519 нафар респондентлар сўралди.

Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона андазавий саволнома бўйича телефон сўрови ўтказиш орқали йиғилди.

 Ўтказилган телефон сўровининг кўрсатишича, тадқиқот иштирокчиларининг кўпчилиги (88,1%) мамлакатимизда ўзини изоляциялаш даврида фуқароларга ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий қабул қилмоқдалар.

Жамоатчилик фикрида ижобий кайфиятнинг респондентларни руҳлантирадиган, уларга ишонч ва некбинлик ҳиссини бахшида этадиган ҳамда яхши кайфиятда бўлишига ёрдам берадиган иккита асосий таркибий қисми устуворлик қилмоқда. Бир томондан – бу Президентимиз раҳбарлигида коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва пандемиянинг Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётига салбий таъсирини юмшатиш борасида кўрилаётган самарали
ва зарур чора-тадбирлардир. Иккинчи томондан, мамлакатимизнинг барча минтақалари вакиллари, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари мамлакат раҳбариятининг ушбу мураккаб даврдаги ғамхўрлигини ҳис қилаётганлигини ва юксак қадрлашини таъкидлашди ҳамда тиббиёт ходимларининг тавсияларига, инсонпарварлик, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик тамойилларига амал қилган ҳолда ушбу синовни енгишга ишонч билдиришмоқда.