28.06.2021
739
Ўзбекистонда 30 июнда Ёшлар куни нишонланади. "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази "Янги Ўзбекистон ёшлaри: ҳаётий позициялар ва қадрият устуворликлари" мавзусида мажмуавий тадқиқот ўтказди. Тадқиқот жараёнида ёшларнинг ҳаётий позициялари мазмуни уларнинг эҳтиёжлари, қарашлари ва кўрсатмаларининг шаклланишига таъсир қилувчи турли хил ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий омилларни аниқлаш орқали ўрганилди. Сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш йигит-қизлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат ва аҳоли ижтимоий гуруҳлари вакиллари, мактаб ўқувчилари, талабалар ва турли соҳалар ҳамда ишлаб чиқариш тармоқлари вакиллари иштирок этдилар.
Ўтказилган тадқиқотлар натижалари мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар орқали йигит ва қизларнинг ўз салоҳиятларини муваффақиятли амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ва ёшлар салоҳиятидан мамлакатимизда инновацион ривожланиш манфаатлари йўлида фойдаланишнинг юқори самарадорлигини тасдиқлайди. Олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтказилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ёшларнинг турмуш даражаси ва уларнинг ҳамда оилалари фаровонлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатмоқда: ўзбекистонлик ёшларнинг аксарияти - 91,4% ўзи ва оиласи ҳаётидан қониқади, жумладан, 56,7% ёшлар сўров давомида ўз ҳаётидан "тўлиқ қониқаман" деб жавоб берди, 34,7% ёшлар эса ўзлари ва яқинларининг ҳаётидан "кўпроқ қониқиш" билдиришди.
Сўров шуни кўрсатдики, ёшларнинг мутлақ кўпчилиги - 86,9% ишонч ва некбинлик билан ўз келажаги ҳақида ўйлашади. Олинган натижалар кўп жиҳатдан мамлакат ёшларининг ижтимоий ва маънавий ривожланиши учун шароитлар яратишга, уларнинг ижодий салоҳиятини очиб беришга, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларининг эркин танланиши кафолатланишига йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсатининг самарадорлигидан гувоҳлик беради.
Телефон сўрови давомида сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги - 94,6% - "Сизнинг ҳаётда мақсадингиз борми?" деган саволга ижобий жавоб берганликлари аниқланди, бу уларнинг ўз ҳаёти учун юқори масъулиятини ва келажак учун режалар, ҳаётий кўрсатмалар мавжудлигини, уларга мувофиқ равишда эса хулқ-атвор стратегияси танланишини англатади.
Замонавий Ўзбекистон жамияти ҳаётининг барча жабҳаларида ислоҳотлар амалга оширилмоқда, уларнинг кўлами модернизациянинг чуқур жараёнларидан далолат беради. Замонавий ёшлар зиддиятли қадриятлар ва йўналишлар доимо тўқнашиб, даъват этадиган ва керакли ечимларни онгли равишда танлашни талаб қиладиган глобал ўзгаришлар жараёнида иштирок этмоқда. Қадриятлар ва меъёрлар қайта баҳоланаётган бир пайтда, ҳаётий истиқболлари, мақсадлари ва ҳаёт мазмуни билан боғлиқ масалаларда ёшларнинг ўз йўлларини топишлари бирмунча мураккаб. Ёшларнинг ҳаётий қадриятлари иерархиясида таълим олиш муҳим ўринни эгаллайди. Айни вақтда таълим мустақил қадриятликдан жамиятда моддий фаровонлик, ижтимоий мақом, турмуш даражаси билан боғлиқ янада юқорироқ ўринларни эгаллаш учун устувор воситага айланди. Сўнгги йилларда ёшларда таълим қадриятининг шахсий фаровонлик ва муваффақиятга бўйсундирилиши билан боғлиқ мақсадли йўналишларда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бошқача қилиб айтганда, таълим қай даражада даромад келтириб, мақомни оширса, шу даражада қадрланмоқда.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, ёшлар, энг аввало, ўз билим даражасини ошириш орқали инсон салоҳиятини амалга ошириш мумкинлигига ишонадилар. Телефон сўрови иштирокчиларининг фикрига кўра, олий маълумот олиш иш ҳақининг юқори даражаси, мартаба ўсиши, моддий фаровонлик ва молиявий барқарорликни кафолатлайди. Ёшлар меҳнат бозорида рақобатбардош, талабгир бўлиш учун яхши маълумотга эга бўлиш кераклигини англайдилар, улар ҳаётда муваффақиятга, касбий фаолиятда ютуқларга эришишга ва жамиятда ўзларини ишончли ҳис этиш ҳамда янги мақсадлар сари ҳаракатнинг янги стратегияларини яратишга имкон берадиган ижтимоий восита - таълим эканлигини англайдилар.
Сўров шуни тасдиқлайдики, замонавий ёшлар учун ҳаётий йўналишларнинг ижтимоийликдан хусусийликка ўзгариши хосдир. Бу профессионал мартаба нуқтаи назаридан ёшлар қадриятларига ҳам тегишли. 43,2% ёшларнинг фикрига кўра, улар учун асосий ҳаётий интилишлардан бири бу - мартаба, касбий ўсиш ёки муваффақиятли тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади. Муваффақиятли мартабага интилиш замонавий жамият ва бозор иқтисодиёти шароитида табиий ҳолдир, шу билан бирга моддий фаровонлик ёшлар томонидан юқори баҳоланади ва респондентлар учун нафақат қизиқарли иш, балки истиқболли ва юқори маошли иш топиш ҳам муҳимдир
Сўров натижаларига кўра, 53,3% ёшлар учун оила ва никоҳ муносабатлари, оналик/оталик, оилавий мақомнинг мавжудлиги уларнинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини сафарбар қилувчи қадрият ҳисобланади. Респондентларнинг фикрига кўра, айнан ўз оиласини қуриш, эр-хотин ўртасидаги уйғун муносабатлар, болалар туғилиши ва тарбияси нафақат ҳаётий қадрият ҳисобланади, балки фуқароларнинг шахсий ва мартабавий ўсишига ёрдам беради.
Сўров иштирокчиларининг жавобларидан кўриниб турибдики, таълим, мартаба ва оилавий қадриятларнинг мақсадли устувор йўналишлари билан бир қаторда, ёшлар бахтли, моддий таъминланган ва муваффақиятли инсонлар бўлиш манфаатларини яширмайдилар (54,2%) ва буни замонавий инсоннинг хоҳиш-истаклари билан изоҳлаган ҳолда ўз кўрсатмалари деб ҳисоблайдилар, айни вақтда ёшлар, гарчи шахсий ҳаёт муаммоларини муваффақиятли ҳал этиш имкони бўлмаса-да, хайрли ишларга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Ёш авлод вакиллари ўртасида ўтказилган сўровда улар ҳаётдаги мақсадларига қандай йўллар билан эришмоқчи эканликлари аниқланди. Ёшларнинг аксарияти ўз мақсадларига, асосан, конструктив йўллар билан - билим олиш ва ўз меҳнати билан - 76,4% - эришишга интилишади. Бу, ўз навбатида, шахсий куч ва имкониятларга ишонишга нисбатан ижобий муносабатни белгилайди.
Сўров натижалари ишга жойлашиш нуқтаи назаридан иқтисодиётнинг ёшлар учун жозибадор бўлган истиқболли ва обрўли тармоқлари рейтингини тузишга имкон берди. Рейтингнинг биринчи қаторини саноат сектори эгаллади, ёшлар ўзларининг касбий ва меҳнат фаолиятини ушбу йўналиш билан боғлашни хоҳлашади, иш қидираётган ёшларнинг бир қисми савдо соҳасида ишлашни ният қилган. Қурилиш ва транспорт соҳалари машҳурлиги бўйича учинчи ўринда туради; ёшлар бу соҳаларнинг катта истиқболлари бор, деб ҳисоблашади. Aнъанага кўра, таълим ва фан ёшлар ўзларининг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга интиладиган соҳалардир, тадқиқот иштирокчилари ушбу соҳаларни ўзлари учун истиқболли, деб ҳисоблашади ва уларда ишлашни афзал кўришади. Шунингдек, респондентлар дастурлаш ва IТ-технологиялар билан боғлиқ соҳаларда иш билан таъминланиш истиқболларини ҳам таъкидладилар. Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилгани, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб дастурлар ёшларнинг, юқори тадбиркорлик салоҳиятига эга бўлган жамиятнинг фаол қисми сифатида, ишга жойлашиш учун бизнес ва тадбиркорликни афзал соҳа, деб ҳисоблашига ёрдам беради.
Тадқиқот давомида, ёшларнинг фикрига кўра, биринчи даражали эътибор ва ечимларни талаб қиладиган энг долзарб муаммолар аниқланди. Ишсизлик муаммоси, жумладан, ёшлар орасида, муносиб иш ҳақи билан муносиб иш қидириш сўров қатнашчилари учун энг долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади. Ёшларнинг фикрига кўра, коронавируснинг тарқалиши замонамизнинг долзарб муаммосига айланган, улар “бу муаммо ўз аҳамиятини йўқотмайди ва давлат ҳамда жамиятнинг эътиборини талаб қилади”, деган фикрни билдирмоқдалар.
Замонавий жамиятнинг ўзига алоҳида эътибор талаб қиладиган муаммоларидан бири, ёш авлод вакилларининг фикрига кўра, коррупция, порахўрлик ва тамагирлик муаммоси бўлиб, бу асосан кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситаларида ушбу масалага берилаётган эътибор, шунингдек, мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлари фаоллиги билан белгиланган.
Ёш кесими шуни кўрсатдики, кичикроқ ёш тоифасидаги ёшлар учун энг долзарб муаммо коронавируснинг тарқалиши бўлса, каттароқ ёш тоифасидаги ёшлар учун ишсизлик ва иш билан таъминлаш масалалари - энг долзарб муаммодир, коронавирус инфекциясининг тарқалиши муаммолар аҳамияти бўйича иккинчи ўринда туради.
Давлатимиз раҳбарининг Парламентга анъанавий Мурожаатномаси давомида 2021 йил "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинди. Шу муносабат билан, респондентлардан бу йилдан кутаётган умидлари тўғрисида сўралди. Сўралганлар кўпроқ "ёшлар муаммоларига алоҳида эътибор", "ёшлар тадбиркорлиги имкониятларини яхшилаш", "соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш" ва “ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш” зарурлигини таъкидладилар.
Умуман олганда, жамоатчилик фикрини мажмуавий ўрганиш шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ёшлари мамлакатда юз бераётган ўзгаришларнинг фаол ва манфаатдор иштирокчилари ҳисобланишади, ёшлар Ўзбекистон жамиятидаги ўзгаришлар учун стратегик манба, унинг инновацион кучидир.
Ўтказилган сўров натижалари мамлакат замонавий ёшларининг ижобий кайфияти ва собитқадамлигини, уларнинг қадриятлар йўналишлари ахлоқий ва маънавий таркибий қисмларига алоҳида эътибори ва интеллектуал ва касбий ўсишга интилишини таъкидлайди. Ёшларнинг давлат ва жамият ҳаёти билан ҳамнафаслиги ҳамда билимларни ошириш ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш заруриятини ҳисобга олган ҳолда, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, давлат томонидан ёшлар муаммоларига алоҳида эътибор, шунингдек, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш истиқболда мамлакат, жамият ва умуман миллатнинг самарали ва барқарор ҳолатига ишончни таъминлайди.