06.03.2023
455
ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКИСТОНДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ РОЛИ ТЎҒРИСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ФИКРИ
Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар, улар жамият ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг барча соҳаларида фаолият кўрсатиб, давлат ҳокимияти ва жамоат ташкилотлари фаолиятида кенг иштирок этишмоқда, ёш авлод тарбиясига, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган 2030 йилгача Барқарор ривожланиш дастурининг асосий мақсадларидан бири гендер тенгликка эришиш ҳисобланади. 2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қабул қилинган Миллий дастур эркаклар ва аёллар тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришда уларни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг таълими ва тарбияси учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг илмий салоҳиятини, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги ролини кучайтириш ва давлат бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш учун кучли туртки бўлди.
Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан телефон сўрови ўтказилди, унда мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги, турли миллат ва ижтимоий гуруҳлар вакиллари, турли соҳалар ва ишлаб чиқариш тармоқларида банд бўлган фуқаролар сўралди.
Ўтказилган тадқиқот натижалари Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар самарасидан далолат беради.
Жамоатчилик фикрида аёлларнинг оналик, болалар ва оила билан боғлиқ анъанавий роли ҳақидаги истисносиз тасаввурларда ўзгаришлар юз бермоқда. Аксарият (78,3%) сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда, респондентлар Ўзбекистон аёллари оилавий ҳаёт ва касбий фаолиятни муваффақиятли уйғунлаштириб, жамият ва давлат бошқарувида ўзини янада фаол намоён қилаётганига ишонадилар.
Бугунги кунда хотин-қизларда ўзларининг маънавий, ижодий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар мавжуддир ва сўров натижаларининг кўрсатишича, мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги, ҳам эркаклар, ҳам аёллар, кекса авлод вакиллари ва ёшлар хотин-қизларнинг ўсиб бораётган фаоллигини, ўзларини нафақат анъанавий "аёлларга хос соҳаларда" рўёбга чиқараётганини, балки мартабасида, тадбиркорлик фаолиятида муваффақиятга эришаётгани, давлат бошқарувида юқори лавозимларни эгаллаётгани сони ўсиб бораётганини ижобий қабул қилмоқдалар. 80,2% сўров иштирокчиларининг фикрича, барча соҳаларда аёллар ролининг ортиб бориши ижобий хусусиятларга эгадир. Аёллар профессионал жиҳатдан яхши тайёргарликка эга бўлиб, улар ўз соҳаларида малакали, ташаббускор, билимли, юқори интеллектуал ва ижодий салоҳиятли кишилар ҳисобланади, респондентлар аёлларни эркаклардан кам бўлмаган салоҳиятли раҳбарлардир, деб ҳисоблашади, айни пайтда аёллар ўзаро инсоний муносабатларга ва ходимларга нисбатан кўпроқ эътиборли ҳамдир. Сўров давомида фуқаролар хотин-қизлар фақат "аёллик" хусусиятлари ва феъл-атвор қирралари туфайли муҳим масалаларни ҳал қила олишлари мумкинлигини ҳамда бу жамият ва давлат ҳаётининг аёллар фаолият юритаётган барча соҳаларига тегишли эканлигини таъкидладилар.
Сўров иштирокчилари мамлакат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тўлиқ тенглиги тўғрисидаги қоиданинг амалга оширилиш даражасини баҳоладилар.
Сўралган респондентларнинг мутлақ кўпчилиги, эркаклар ва аёллар тенг сайлов ҳуқуқига эга эканлигига, яъни улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкинлигига ишонадилар. 18-24 ёш гуруҳидаги респондентлар орасида бу кўрсаткич 89,6%га етди.
79,4% сўралганларнинг фикрича, йигит-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи тенгдир. Буни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи барча ёш гуруҳларидаги респондентларнинг аксарияти қайд этди.
Респондентлар мулкка эгалик ҳуқуқи (76,9%), меҳнат қилиш ҳуқуқи (73,9%), меҳнатга тенг ҳақ олиш ҳуқуқи (71,1%), тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи (77,6%) каби иқтисодий ҳуқуқларни амалга оширишда эришилган тенгликни қайд этдилар.
Сўров натижаларига мувофиқ, эркаклар ва аёллар ўртасидаги энг кўп тенгликка ўзининг репродуктив саломатлиги, шу жумладан, болалар туғилиши, уларнинг туғилиш вақти ва болалар туғилишидаги оралиқлар тўғрисида эркин ва мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи, шунингдек, ушбу масалалар бўйича маълумот олиш ҳуқуқини қамраб оладиган репродуктив ҳуқуқ соҳасида эришилган. Мутлақ кўпчилик (80,4%) респондентларнинг фикрича, эркаклар ва аёллар оила қуриш ва ажралиш ҳуқуқида тенгдирлар. Оилада қарор қабул қилиш ҳуқуқига келсак, 67,7% респондентлар бу масалада эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни кўрсатишган, респондентларнинг ҳар тўрт нафаридан бирининг фикрига (24,2%) кўра, тенг ҳуқуқлиликка қисман риоя қилинмоқда.
Ўтказилган сўровнинг тасдиқлашича, жамиятнинг фақат эркак ёки аёлларга хос соҳаларга бўлиниши тўғрисидаги гендер стереотиплар ҳали ҳам мавжуддир. Шундай қилиб, 13% сўралганларнинг фикрича, аёллар фақат уй ишларини бажариш, эрига ғамхўрлик қилиш ва болалар тарбияси билан шуғулланишлари керак. Шу билан бирга, сўровда қатнашган фуқароларнинг аксарияти (80%) бундай бидъатларга қўшилмайди, улар аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлигини тан олишади ва аёл ҳар қандай соҳадаги фаолиятни, хоҳ у мартабада ўсиш бўлсин, хоҳ у ижодий фаолият ёки тадбиркорлик бўлсин, оила ва ўзлигини рўёбга чиқаришни уйғунлаштира олади. Таъкидлаш керакки, ёшлар орасида шахсий ривожланиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўзини намоён қилиш каби қадриятлар кенг тарқалган бўлиб, улар бошқа ёш тоифалари вакилларига қараганда хотин-қизлар ўзларини фақат оила юмушлари ва фарзандларни дунёга келтириш билан чекламасликлари керак, деб кўпроқ ҳисоблайдилар.
Тадқиқотда аёлнинг уйдан ташқаридаги бандлиги никоҳнинг мустаҳкамлигига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида фуқароларнинг фикри ўрганилди. Энг кенг тарқалган фикр шундан иборатки, аёл учун пуллик ишнинг мавжудлиги никоҳни мустаҳкамлашга ёрдам беради, чунки ишлайдиган аёл оилада ва жамиятда юқори мавқега эга бўлади, оила фаровонлигига ҳисса қўшади. 42,8% сўров иштирокчилари ана шундай фикрдалар.
18,9% респондентлар ушбу муаммога қарама-қарши баҳо беришди, улар аёлда пуллик ишнинг мавжудлиги унинг никоҳини заифлаштиради, деб ҳисоблашади: молиявий мустақилликка эришган, меҳнат жамоасида ижтимоийлашган, қизиқишлари доираси фақат уй ва оилавий муносабатлар билан чегараланмаган ишловчи аёл, никоҳнинг сифатига янада юқорироқ талаблар қўяди ва агар никоҳ унинг ўзаро тенг бирлик ҳақидаги тасаввурларига мос келмаса, уни бекор қилиши мумкин.
Шунингдек, респонтентларнинг бир қисми ишнинг мавжудлиги никоҳнинг мустаҳкамлигига таъсир қилмайди ва оиладаги низолар бошқа турли сабабларга кўра юзага келади деб ҳисоблайди.
Тадқиқот жараёнида Ўзбекистон аёлларининг ўз ҳаётларининг асосий мазмуни нимадан иборат эканлиги, уларнинг ҳаётда қандай мақсадларга эгалиги ва уларни нималар чинакам бахтли қилиши ҳақидаги фикрлари аниқланди. Тадқиқотда олинган натижаларнинг кўрсатишича, “аёллик бахти” тушунчаси респондент аёлларнинг ёши, маълумоти ва ривожланиш даражасига қараб ўзгаради, лекин кўпчилик аёллар учун энг катта бахт оила эканлигига бўлган ишонч уларни бирлаштиради. Ёш ва ҳали турмушга чиқмаган қизлар учун ота-оналарнинг саломатлиги ва фаровонлиги, ака-ука ва опа-сингилларнинг муваффақияти – бахт ҳисобланади. Турмуш қурган аёллар учун бахт тушунчаси турмуш ўртоғи ва болаларини, ўз оиласининг фаровонлиги ва уйдаги тўкин-сочинликни англатади. Агар аёл оилавий ҳаётда ҳамоҳангликка эришса, ўзини касбий намоён этиш ва мартабадаги омадли ўсишлар ҳам унинг учун бахт ва ҳаётий мақсаддир. Сўров иштирокчилари учун саломатлик, моддий фаровонлик, маҳалла, жамият, умуман мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш бахтли ва муваффақиятли ҳаётнинг муҳим таркибий қисмларидир.
Сўров Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказилганлиги боис, тадқиқот иштирокчилари яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан мунис аёлларимизга илиқ тилаклар ва табриклар изҳор этишди. Эркак респондентлар ғамхўрлик ва меҳрибонлик, сабр-тоқат ва донолик, битмас-туганмас илиқлик ва эътибор учун барча онахонлар, бувижонлар, опа-сингиллар ва рафиқаларига миннатдорчилик билан эҳтиром кўрсатдилар. Улар Ўзбекистон аёлларининг ютуқ ва муваффақиятларини эътироф этиб, хотин-қизларга бахт-саодат, сиҳат-саломатлик, меҳр-муҳаббат тилакларини билдиришди. Сўровда иштирок этган эркаклар аёлларнинг ижтимоий ва касбий фаолиятида, фан ва маданиятда, санъат ва спортда эришаётган натижалари билан фахрланадилар. Тадқиқот иштирокчилари аёллар бўлган жойда батартиблик, хотиржамлик, келажакка ишонч борлигига ишонадилар. Сўровда иштирок этган аёллар 8 Мартни эзгулик, гўзаллик ва ҳамоҳанглик рамзи сифатида қабул қилишади, улар учун хотиржамлик ва мувозанатни сақлаш жуда муҳим, хотин-қизлар ўзларини рўёбга чиқарган ҳар қандай соҳада улар, энг аввало, атроф-оламни янада гўзалроқ, ёрқинроқ ва қувончлироқ қилишга интилишади ва ўзлари учун бахт-саодат, соғлиқ-саломатлик, муваффақиятлар ва барча орзу-истакларнинг рўёбини тилайдилар.