8

ИНСОН ҚАДРИНИ ЮКСАЛТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Кумуш Салим қизи Аъзамованинг социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган «Инсон қадрини юксалтиришда ижтимоий давлат механизмларининг регулятив функциясини ривожлантириш» мавзусидаги диссертацияси етакчи ташкилот сифатида муҳокамадан ўтказилди.

Диссертация 22.00.02 - «Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи» ихтисослиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида бажарилган.

Муҳокама давомида тадқиқот мавзусининг долзарблиги, мақсад ва вазифалари, назарий-методологик асослари, илмий янгилиги, эмпирик натижалари ҳамда амалий аҳамияти атрофлича кўриб чиқилди. Диссертацияда ижтимоий давлат шароитида инсон қадрини юксалтириш механизмларининг регулятив функциясини такомиллаштиришга қаратилган социологик ечимлар илмий жиҳатдан асосланган.

Тадқиқотда оила, маҳалла, таълим, спорт ва бандлик каби ижтимоий институтларнинг инсон қадрини таъминлашдаги ўрни таҳлил қилиниб, уларнинг фаолиятини бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро боғлиқлик тамойиллари асосида мувофиқлаштириш масалалари очиб берилган. Шунингдек, «инсон - жамият - давлат» тизими доирасида инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва фуқароларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш механизмлари ўрганилган.

Диссертациянинг эмпирик қисми 2025 йилнинг январ-феврал ойларида мамлакатнинг 14 та ҳудудида давлат бошқаруви органлари ходимлари иштирокида ўтказилган социологик тадқиқот натижаларига асосланган. Онлайн сўровда 900 нафар респондент иштирок этган бўлиб, шундан 834 та анкета таҳлил учун яроқли деб топилган. Натижалар респондентларнинг ҳудуди, жинси, ёши, маълумоти, лавозими ва меҳнат стажи каби ижтимоий-демографик хусусиятлар кесимида таҳлил қилинган.

Муҳокамада инсон қадрини юксалтиришда жамоатчилик фикрининг таъсири, давлат хизматчилари учун касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти тузилмаларини бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнига жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ олимлари ва мутахассислари диссертациянинг мазмуни, илмий хулосалари ҳамда амалий тавсиялари юзасидан фикр билдириб, тадқиқотни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни илгари сурдилар.

Муҳокама якунида диссертациянинг долзарб ижтимоий масалага бағишлангани, тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамиятга эга экани қайд этилди ҳамда етакчи ташкилотнинг тегишли хулосаси қабул қилинди.