137

ИНСОН ҚАДРИНИ ЮКСАЛТИРИШГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН ЕТТИТА МИЛЛИЙ ДАСТУР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 11-сентябр куни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Ўзбекистоннинг яқин йилларга мўлжалланган еттита миллий дастурининг мазмун-моҳияти ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур миллий дастурлар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, инсон қадрини юксалтириш ҳамда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга қаратилган. Уларда таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, экология, қонун устуворлиги, маҳалла институти ва миллатлараро тотувлик масалалари ягона стратегик мақсад доирасида мужассамлашган.

Давра суҳбатининг асосий мақсади миллий дастурларда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини илмий ва ижтимоий нуқтаи назардан таҳлил қилиш, уларнинг аҳоли турмуш даражаси, жамоатчилик кайфияти ва фуқароларнинг ислоҳотларга муносабатига таъсирини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Тадбирда макрказнинг CATI тадқиқотлар бўлими бошлиғи Шерзод Бобоев еттита миллий дастурнинг устувор йўналишлари бўйича тақдимот ўтказди. Унда билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш масалалари ёритилди. Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, табиий муҳитни асраш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий ташаббускорига айлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва бағрикенг давлат сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган вазифалар таҳлил қилинди.

Муҳокамалар давомида болаларни мактабга тайёрлаш билан тўлиқ қамраб олиш, таълим муассасаларида халқаро баҳолаш мезонларини жорий этиш, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ва юқори даромадли касбларга ўқитиш қамровини 1 миллион нафаргача етказиш, шунингдек, камида 10 та маҳаллий олий таълим муассасасини дунёнинг нуфузли етакчи  университетлари ТОП-1000 талигига киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида  профилактикага асосланган моделга ўтиш, давлат тиббий суғуртаси билан барча хонадонларга татбиқ этиш ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар соҳасидаги рақобат муҳитини дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини жалб этиш ҳисобига кучайтириш режалари муҳокама қилинди. Иқтисодий йўналишда эса 2030-йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш, сунъий интеллект, стартаплар ва венчур молиялаштиришни ривожлантириш вазифалари муҳокама марказида бўлди.

Иштирокчилар миллий дастурларни амалга оширишда жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш, ҳудудлар кесимидаги ижтимоий ўзгаришларни илмий асосда баҳолаш муҳимлигини таъкидладилар. Давлат дастурларининг натижадорлигини баҳолашда фуқаролар фикри асосий мезонлардан бири бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Давра суҳбати якунида миллий дастурларнинг ижтимоий самарадорлигини ўрганишга мўлжалланган социологик тадқиқотларни кенгайтириш, аҳолининг ислоҳотлардан хабардорлик даражасини таҳлил қилиш ҳамда олинган натижалар асосида илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.