09.10.2026
14
МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИНИНГ ИЖТИМОИЙ ТРАНСФОРМАЦИЯЛАШУВИГА БАҒИШЛАНГАН ИЛМИЙ МУҲОКАМА ЎТКАЗИЛДИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Фарғона давлат университети тадқиқотчиси Имомова Нозимахон Авазхоновнанинг 22.00.02 – «Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи» ихтисослиги бўйича социология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган «Ўзбекистонда меҳнат миграциясининг ижтимоий трансформациялашуви» мавзусидаги диссертация иши етакчи ташкилот сифатида илмий муҳокамадан ўтказилди.
Илмий муҳокамада меҳнат миграциясининг жамият ижтимоий тузилмаси, ижтимоий институтлар фаолияти, аҳоли турмуш тарзи ва ижтимоий мобиллик жараёнларига таъсири, шунингдек, миграция муносабатларини институционал тартибга солишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Тадқиқотда меҳнат миграциясининг ижтимоий трансформациялашувига таъсир этувчи объектив ва субъектив омиллар, миграцион мобиллик мотивлари, инсон капитали ўзгаришлари, мигрантларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояланганлиги ҳамда уларнинг жамиятга қайта интеграциялашуви билан боғлиқ жараёнлар социологик жиҳатдан таҳлил қилинган.
Муҳокама давомида диссертациянинг назарий-методологик асослари, илмий янгиликлари ва эмпирик натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, меҳнат миграциясининг ижобий ва салбий ижтимоий оқибатларини баҳолаш, миграция таъсирида юзага келадиган ижтимоий табақаланиш ва маргиналлашув ҳолатларини аниқлаш, мигрантларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг ижтимоий реинтеграциясини такомиллаштириш масалалари юзасидан илмий фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси жараёнларини социологик мониторинг қилиш, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш, миграциянинг ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланишга таъсирини баҳолаш ҳамда давлат ва жамоат институтлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга доир ёндашувлар муҳокама қилинди.
Илмий муҳокама меҳнат миграциясининг жамият ижтимоий ҳаётига таъсирини чуқур ўрганиш, миграция жараёнларини бошқаришга оид илмий ёндашувларни такомиллаштириш ва социологик тадқиқот натижаларини амалий фаолиятга татбиқ этиш масалаларига бағишланди.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида бундай илмий муҳокамаларнинг ўтказилиши мамлакатда долзарб ижтимоий жараёнларни илмий асосда ўрганиш, академик тадқиқотлар ва амалий социология ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.


