20.07.2026
18
«ИЖТИМОИЙ ФИКР» РЖФЎ МАРКАЗИНИНГ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ БОСҚИЧ
Жорий йилнинг 11–18 июль кунлари Португалия Республикасининг Лиссабон шаҳрида Халқаро учинчи сектор тадқиқотлари жамияти (International Society for Third Sector Research – ISTR)нинг 17-халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли халқаро анжуманда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорнинг биринчи ўринбосари Алексеева Виктория Сергеевна иштирок этди. Конференция ISCTE – Instituto Universitário de Lisboa базасида 14–17 июль кунлари ўтказилди, 11–13 июль кунлари эса конференция олди илмий дастурлари, халқаро форумлар ва ихтисослашган учрашувлар ташкил этилди.
Бу йилги конференция «Imagining the Next Generation: Strengthening the Foundations of the Third Sector» («Келажак авлодини тасаввур қилиш: учинчи сектор пойдеворини мустаҳкамлаш») мавзусига бағишланиб, фуқаролик жамиятини илмий ўрганиш, давлат, университетлар, аналитик марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро институтлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Конференция ташкилотчилари иштирокчиларни фуқаролик жамиятини тадқиқ этишда фанлараро ёндашувларни ривожлантириш ва илмий натижаларни амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилувчи халқаро мулоқот майдонида самимий қутладилар.
Конференция доирасида глобал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар шароитида учинчи секторнинг келажаги, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, ижтимоий инновациялар, давлат бошқаруви, ижтимоий иқтисодиёт, волонтёрлик, хайрия фаолияти, барқарор ривожланиш, сунъий интеллектдан тадқиқотларда фойдаланиш, илм-фан ва амалиёт интеграцияси, далилларга асосланган тадқиқотлар ҳамда таҳлилий марказларнинг давлат сиёсатини шакллантиришдаги ўрни каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Анжуман дастуридан ялпи мажлислар, махсус панеллар, тематик секциялар, муҳокамалар, таҳлил марказлари раҳбарлари йиғилиши, ёш олимлар дастури, илмий нашрлар муҳаррирлари билан учрашувлар ҳамда халқаро тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ўрин олди. Шунингдек, иштирокчилар фуқаролик жамиятининг замонавий ривожланиш тенденциялари, ижтимоий сиёсат, хайрия ва филантропия, ижтимоий инновациялар, давлат ва жамоатчилик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда янги тадқиқот методологиялари бўйича тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур халқаро конференцияда иштирок этиш «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг халқаро илмий алоқаларини кенгайтириш, илғор тадқиқот методларини ўрганиш, хорижий тажрибани миллий социологик тадқиқотлар амалиётига татбиқ этиш ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.


