15.02.2024
194
Жорий йилнинг 15 феврал куни Ўзбекистон Миллий университети ахборот-ресурс марказида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳамда Ўзбекистон Миллий университети “Социология” ва “Ижтимоий иш” кафедралари билан ҳамкорликда “Жамоатчилик фикрини социологик тадқиқ қилиш методикалари ва амалиёти” мавзусидаги маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир, «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида ўтказилди.
Илмий-амалий семинарда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази раҳбарияти ва мутахассислари, Ўзбекистон Миллий университетининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ҳамда 130 нафар магистр ва бакалавр талабалари иштирок этишди.
Ушбу илмий тадбирнинг асосий мақсадларидан бири назарий, академик ва амалий социология ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиш, социологик тадқиқотлар ўтказиш методологияси ва амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда иш олиб боришдан иборат.
Даставвал семинарни очиш сўзини Ўзбекистон Миллий университети «Социология» кафедраси мудири социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) доцент– Заитов Элёр Холмаматовичга берилди, улар илмий-амалий семинарни очиб бердилар.
Шундан сўнг, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, Рахимова Нигина Хайруллаевна сўзга чиқиб, улар мазкур семинар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, тадбир ишига самимий тилаклар билдириб муваффақият тиладилар.
Илмий-амалий семинар иштирокчиларига Марказ мутахассислари томонидан Ўзбекистон жамиятида юз бераётган муайян муаммо ва ҳодисаларга мослаштирилган равишда социологик сўровлар ўтказишнинг кенг кўламли усулларини ўз ичига олган материаллар тақдим этилди, хусусан:
Алексеева Виктория Сергеевна, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари - «Социологик тадқиқотни нимадан бошлаш керак?”
Таджибаев Азиз Баҳодир ўғли, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ тезкор тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси – «Социологик тадқиқотнинг ишчи воситаларини ишлаб чиқиш методикаси ва амалиёти»
Решетников Иван Валерьевич, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ социологик тадқиқотларни ахборот-математик таъминлаш бўлими етакчи мутахассиси - «Социологик тадқиқот танловини ишлаб чиқиш: нималарга эътибор қаратиш керак?»
Муратов Тимур Равильевич, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги хизмати мудири - «Социологик тадқиқотларда маълумотларни киритишни ташкил этиш методикаси ва амалиёти»
Бобоев Шерзод Норқўзиевич, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ тезкор тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси - «Жамоатчилик фикри сўровини ташкил этиш бўйича ўқув машғулотини ўтказиш методикаси ва амалиёти»
Исламбаев Равшан Исламбай ўғли, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ тезкор тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси - «Жамоатчилик фикри сўровлари назоратини ўтказишни ташкил этиш»
Сеитов Мансур Шерикбаевич, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ тезкор тадқиқотлар бўлими мудири - «Жамоатчилик фикри сўровида олинган натижаларга ишлов беришни ташкил этиш»
Алексеева Виктория Сергеевна, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари - «Жамоатчилик фикри сўровлари натижалари бўйича таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш» мавзуларида маҳорат дарсларини ўтдилар.
Шунингдек семинарнинг тақдимот қисмида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази фаолияти ҳақида видео тақдимот ва Миллий университет талабаларининг “Ижтимоий фикр” марказида амалиёт ўташ жараёни тақдим этилди.
Ўтказилган маҳорат дарси якунлари бўйича социологик тадқиқотларни ўтказиш жараёнида амалий қўллаш учун методик дастурлар ва моделларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар қабул қилинди.
Семинар якунида семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди.