02.07.2026
5
САМАРАЛИ АМАЛИЁТ МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
2025–2026 ўқув йили давомида «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида олий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида жами 155 нафар, жумладан 10 нафар магистрант ва 145 нафар бакалавр талабалари малакавий амалиётини муваффақиятли ўтади. Амалиёт жараёни Марказнинг тасдиқланган календар режалари асосида ташкил этилди ва талабалар социологик тадқиқотларнинг барча босқичларини қамраб олган амалий машғулотларда иштирок этдилар.
Амалиёт давомида талабалар социологик тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш, илмий асосланган саволномаларни тузиш, танланма шакллантириш, юзма-юз ва телефон орқали сўровлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш, CATI технологиялари билан ишлаш, интервью ўтказиш усуллари, маълумотларни йиғиш ва сифат назорати, SPSS дастурида дастлабки таҳлил ишларини амалга ошириш, натижаларни визуаллаштириш, ахборот хавфсизлиги талаблари ҳамда тадқиқот этикаси бўйича амалий кўникмаларни эгалладилар. Шу билан бирга, улар социологик тадқиқотларни режалаштиришдан тортиб, якуний таҳлилгача бўлган жараёнларда бевосита иштирок этиб, назарий билимларини амалий фаолият билан мустаҳкамлаш имконига эга бўлдилар.
Амалиётчилар ўзларига юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаргани, тадқиқот жараёнларига тез мослашгани, ахборот билан ишлаш маданияти, таҳлилий фикрлаши ва касбий интизоми билан ажралиб турди. Марказ мутахассислари томонидан уларнинг амалий тайёргарлиги юқори баҳоланди ҳамда амалиёт натижалари ижобий деб эътироф этилди.
Эътиборлиси, амалиёт давомида ўзининг билим ва касбий салоҳияти, масъулияти ҳамда юқори натижалари билан ажралиб турган 16 нафар талаба Марказ фаолиятига жалб этилди. Хусусан, 10 нафар амалиётчи талаба Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлимида интервьюер, 6 нафар амалиётчи талаба эса CATI тадқиқотлари бўлимида супервайзер сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Бу эса Марказда ташкил этилган амалиёт тизимининг нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни касбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганининг яққол ифодасидир.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида йўлга қўйилган амалиёт тизими бугунги кунда ёш мутахассисларни замонавий социологик тадқиқот методологияси, рақамли технологиялар ва амалий таҳлил кўникмалари асосида тайёрлашга хизмат қилувчи самарали илмий-амалий майдон сифатида ўзини намоён этмоқда. Марказ келгусида ҳам олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ишларини изчил давом эттиради.







