7

МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАЛАРИНИНГ АМАЛИЙ ТАЖРИБА ЖАРАЁНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАНДИ

Жорий йилнинг январь–апрель ойлари давомида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида амалиёт ўтаган магистратура босқичи талабаларининг амалий тажриба жараёни муваффақиятли якунланди.

Амалиёт дастури давомида талабалар социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш механизмлари, аналитик таҳлил жараёнлари, анкета ва интервью саволномаларини ишлаб чиқиш, маълумотларни умумлаштириш ҳамда илмий-амалий хулосалар тайёрлаш йўналишларида амалий кўникмаларга эга бўлдилар.

Шунингдек, амалиётчилар Марказ мутахассислари ва таҳлилчилари билан биргаликда турли социологик тадқиқотлар, таҳлилий жараёнлар ҳамда илмий-амалий тадбирларда иштирок этиб, ўзларининг касбий билим ва тажрибаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.

Амалиёт жараёнида фаол иштирок этган, ўзининг масъулияти, ташаббускорлиги ва илмий қизиқиши билан ажралиб турган бир қатор магистратура талабалари “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

Мазкур амалиёт дастури ёш мутахассисларнинг илмий-амалий салоҳиятини ошириш, уларда социологик тадқиқотларга доир замонавий ёндашув ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази келгусида ҳам олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёш кадрларнинг илмий ва амалий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни изчил давом эттиради.