169

Ҳар йили 11 февраль куни бутун дунёда Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг  “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган рeзолюциясида 11 фeвраль Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган, унинг мақсади хотин-қизларнинг илм-фандан тўлақонли фойдаланишлари ва соҳадаги иштирокига тенг имкониятлар яратилишига эришиш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳисобланади.

Бугунги кунда Барқарор ривожланишни таъминлаш учун илм-фан ва гендер тенглик жуда муҳим ҳаётий аҳамиятга эга. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибининг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришдан тортиб, то иқлим ўзгаришига қарши курашишгача бўлган асосий муаммоларини ҳал қилиш ҳар бир инсоннинг истеъдодини ишга солишга таянади. Бу эса мазкур соҳалардаги фаолиятга хотин-қизларни янада кўпроқ жалб этишни англатади. Тадқиқотчилик фаолиятининг хилма-хиллиги янги истиқболлар, истеъдодлар ва ижодкорликни жорий этиш орқали иқтидорли тадқиқотчилар сафини кенгайтирмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат тузилмалари ва жамоатчилик фаолиятида кенг иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Хотин-қизлар барча фаолият соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаб, таълим, маданият ва илм-фан ривожига тобора салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги Фармони билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди, у илм-фанни молиялаштириш, соҳани бошқариш ва кадрлар тайёрлаш, инфратузилма соҳасида инновациялар ва мақсадли кўрсаткичларга эришишни назарда тутади. Хотин-қизларнинг илмий-инновацион салоҳиятидан кенг фойдаланиш, уларнинг илмий ва интеллектуал ресурсларини сафарбар этиш Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиш билан бирга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам хизмат қилмоқда. Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларнинг халқаро куни хотин-қизларнинг илмий ва технологик ҳамжамиятда муҳим ўрин тутиши ва уларнинг иштирокини кенгайтириш зарурлигини эслатиб туради. У инсониятнинг аёллардан иборат қисмига тараққиёт билан баравар қадам ташлаш ва энг талабгир мутахассисликларни танлашга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, 2024 йилнинг 12 февралида                   Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкентдаги филиали томонидан Қозоғистон, Арманистон ва Ўзбекистоннинг олима аёллари иштирокида “Технологик истиқболда олима аёлларнинг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференцияда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Нигина Раҳимова анжуман иштирокчиларини қутлади. Н.Х.Раҳимованинг ўз сўзини замонавий воқеликда инсоннинг халқаро шартномалар, декларациялар ва қонунларда мустаҳкамланган асосий ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенглик масаласига бағишлади. Гендер тенгликни таъминлаш, гендер асосидаги камситишларга, шунингдек, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. 2021 йилда мамлакатимизда гендер мувозанати концепциясини амалиётга татбиқ этиш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди, унда қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳалари ҳамда даражаларида аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик тамойилини жорий этишга комплекс ёндашув назарда тутилган.  Ушбу ҳужжат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишда гендер тенгликни илгари суришга; бошқарув, илм-фан ва иқтисодиёт соҳаларида аёллар сонини кўпайтиришга; аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, шунингдек, инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя қилинишига эришишга ёрдам беради.

Н.Х.Раҳимованинг чиқишида Марказ томонидан “Ўзбекистон фуқаролари гендер тенглик тўғрисида” мавзусида ўтказилган социологик сўров маълумотларидан фойдаланилди.