12

1 ИЮНЬ – ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ!

Ҳар бир халқнинг эртанги куни унинг бугун қандай авлодни тарбиялаётгани билан белгиланади. Шу маънода, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нафақат байрам, балки жамиятнинг энг катта бойлиги бўлган фарзандлар тақдири, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, муносиб ҳаёт шароитлари ҳамда келажаги ҳақида яна бир бор чуқур мушоҳада қилиш имконини берувчи муҳим сана ҳисобланади.

Бугун Янги Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар учун хавфсиз ва соғлом муҳит яратиш, сифатли таълим ва тарбия олишига кўмаклашиш, иқтидорини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторида алоҳида ўрин эгалламоқда. Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумий ўрта таълим сифатини ошириш, инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш, болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар, энг аввало, фарзандларимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун хизмат қилмоқда.

Болалар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолашда жамоатчилик фикри муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ҳар қандай ислоҳот инсон манфаатларига хизмат қилгандагина ўзининг ҳақиқий ижтимоий аҳамиятини намоён этади.

Шу нуқтаи назардан, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз аҳолиси орасида болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси, таълим ва тарбия масалалари, оила институтининг фарзанд камолотига таъсири, ёш авлоднинг маънавий ривожланиши, ахборот хавфсизлиги ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларига оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича мунтазам социологик тадқиқотлар амалга ошириб келинмоқда. Тадқиқотлар натижалари аҳоли фарзандлар таълими, соғлиғи, маънавий тарбияси ва ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини мамлакат тараққиётининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида баҳолаётганини кўрсатмоқда.

Айниқса, болаларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ижтимоий муҳит яратиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётган муҳим вазифалар сифатида қайд этилмоқда. Социологик кузатувлар шуни кўрсатадики, фарзанд тарбияси масаласи нафақат оила, балки бутун жамият масъулияти сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган сиёсатнинг ижтимоий асослари тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.

Болаларга бўлган эътибор – келажакка бўлган эътибордир. Фарзандлар бахти, уларнинг билимли, соғлом ва ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топиши мамлакатнинг эртанги тараққиёти, рақобатбардошлиги ва маънавий қудратини белгилайди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барча юртдошларимизни ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклайди.

Азиз болажонлар! Сизлар мамлакатимиз келажаги, халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари ва Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлигисиз. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, беғубор болалик, юқори марралар, янги ютуқлар ва бахтли келажак тилаймиз. Байрамингиз муборак бўлсин!