26.11.2026
32
«ЖАМИЯТНИ КЎРА ОЛИШ»: СОЦИОЛОГЛАРНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ САРИ
25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева номидаги «Жамиятни кўра олиш» социологик танлови ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистонда социология фанининг шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган таниқли олима, академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг илмий мероси: фан, жамият, авлодлар» социологик фестивалининг мантиқий давоми бўлди. Фестиваль 4 ноябрь куни «Илмий мерос ва замонавийлик» мавзусидаги давра суҳбати билан бошланган бўлса, 16 ноябрь куни Марказнинг ёш ходимлари ўртасида «Социология амалда» интеллектуал турнири ўтказилди.
Танловнинг асосий мақсади ёшларнинг социологик тафаккурини ривожлантириш, ижтимоий воқеликни илмий идрок этиш ва таҳлил қилиш қобилиятини шакллантириш, назарий билимларни эмпирик тадқиқотлар билан уйғунлаштириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этишдан иборат.
Танловда республикамизнинг бешта олий таълим муассасасидан 11 та талабалар жамоаси иштирок этди. Улар:
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети;
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети;
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети;
Тошкент давлат транспорт университети.
Тадбирни «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Нигина Хайруллаевна Раҳимова кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг ҳаёти ва илмий фаолияти, миллий социология мактабининг ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳамда илмий меросига бағишланган ҳужжатли фильм ҳавола этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Шафоат Файзуллаевна Нуруллаева иштирок этди.
Шунингдек, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори, академик, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов, мазкур филиал директори ўринбосари, профессор Нодира Зокирова, Социология институти директори, академик, социология фанлари доктори, профессор, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб Зарема Каукеновна Шаукенова ҳамда академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг набираси, Австриянинг Вена шаҳридаги Зигмунд Фрейд университетининг «Психотерапия илми» йўналиши докторанти Ҳилола Сагдуллаевна Абдуллаева масофавий шаклда иштирок этиб, сўзга чиқдилар.
Тадбир доирасида академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева номидаги Социологлар мактаби фаолияти йўлга қўйилгани расман эълон қилинди. Ушбу ташаббус миллий социология мактабининг илмий анъаналарини давом эттириш, устоз-шогирд муносабатлари ва илмий авлодлар ворисийлигини мустаҳкамлаш, ёш тадқиқотчиларнинг интеллектуал ҳамда касбий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Танловнинг ўзига хос хусусияти унинг амалий тадқиқотчилик тамойили асосида ташкил этилганида намоён бўлди. Беллашувга тайёргарлик жараёнида талабалар жамоалари мустақил равишда дала социологик тадқиқотларини ўтказиб, олинган эмпирик натижаларни тадбир давомида тақдим этдилар. Бу орқали иштирокчилар ижтимоий ҳодиса ва жараёнларни бевосита ўрганиш, маълумотларни таҳлил қилиш, уларни илмий талқин этиш ҳамда тадқиқот натижаларини тақдим қилиш бўйича амалий тажриба орттирдилар.
Танлов икки босқичда ўтказилди.
Биринчи босқич — «Муаммони кўриш» социологик тадқиқотни лойиҳалаш бўйича иштирокчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолашга қаратилди. Жамоалар олдиндан мазмуни ошкор этилмаган топшириқларни мустақил танлаб, белгиланган ижтимоий вазият доирасида тадқиқот муаммосини аниқлаш, тадқиқот саволини шакллантириш ва эмпирик жиҳатдан текшириш имконини берувчи илмий гипотезаларни илгари суриш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Иккинчи босқич «Заковат» интеллектуал беллашуви шаклида ташкил этилиб, унда иштирокчиларнинг социология фани тарихи, назарий асослари ва тадқиқот методологиясига оид билимлари синовдан ўтказилди. Мазкур босқич талабаларнинг илмий дунёқараши, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилияти, интеллектуал ҳозиржавоблиги ҳамда жамоада самарали ишлаш кўникмаларини намоён этиш имконини берди.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчи жамоаларнинг натижалари баҳоланиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди:
I ўрин: “YUKSALISH” жамоаси;
II ўрин: “PARADIGMA” жамоаси;
III ўрин: “SOCIAL WORKERS” жамоаси.
Танловнинг илмий-амалий аҳамияти, аввало, талабаларда ижтимоий воқеликка тадқиқотчи нуқтаи назаридан ёндашиш маданиятини шакллантириш, ижтимоий муаммоларни илмий мезонлар асосида баҳолаш ва далилларга таянган ҳолда хулоса чиқариш кўникмаларини ривожлантириш билан белгиланади. Бундай интеллектуал майдонлар социологик таълимнинг амалий самарадорлигини ошириш, ёшларнинг илмий изланишларга бўлган қизиқишини рағбатлантириш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева номидаги «Жамиятни кўра олиш» социологик танлови миллий социология фанининг илмий меросини асраб-авайлаш ва замонавий тадқиқотчилик анъаналари билан бойитиш, социологик билимларни оммалаштириш, жамият тараққиётига дахлдор жараёнларни илмий асосда ўрганиш салоҳиятига эга бўлган янги авлод социологларини шакллантириш йўлидаги муҳим ташаббус бўлди.






