23.11.2026
6
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ ЖАМОАТЧИЛИК НИГОҲИДА
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқаролар йўл инфратузилмасининг ҳолати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳақида» мавзусида республика миқёсида социологик тадқиқот ўтказиш бошланди.
Мазкур тадқиқот мамлакатимизда йўл инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, транспорт ҳаракатини ташкил этиш сифати, фуқароларнинг йўлларда ўзини хавфсиз ҳис этиш даражаси ҳамда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий онги ва хулқ-атвор маданиятига доир жамоатчилик фикрини комплекс ўрганишга қаратилган.
Тадқиқотнинг асосий мақсади аҳолининг кундалик ҳаракатланиш жараёнида дуч келаётган муаммолари, йўл-транспорт инфратузилмасига нисбатан муносабати ва хавфсизлик борасидаги ижтимоий кутилмаларини аниқлаш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини жамоатчилик баҳолари асосида белгилашдан иборат.
Социологик тадқиқот доирасида автомобиль йўлларининг техник ҳолати, пиёдалар учун яратилган шароитлар, чорраҳалар ва жамоат транспорти бекатларининг хавфсизлиги, транспорт тирбандликлари, йўл белгилари ва ёритиш тизимининг етарлилиги, шунингдек, ҳаракатни ташкил этиш билан боғлиқ инфратузилмавий муаммолар ўрганилади. Айни пайтда ҳайдовчилар ва пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши, қоидабузарликларни келтириб чиқарувчи ижтимоий-психологик омиллар, йўл-транспорт ҳодисаларининг эҳтимолий сабаблари ҳамда ҳаракат иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатлар маданиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири болалар, кекса ёшдаги фуқаролар, пиёдалар, велосипедчилар ва бошқа нисбатан ҳимоясиз ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигига оид жамоатчилик қарашларини аниқлашдан иборат. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда замонавий назорат технологияларининг самарадорлиги, масъул ташкилотлар фаолиятига аҳоли томонидан берилаётган баҳолар, мавжуд муаммоларни бартараф этишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳамда фуқароларнинг шахсий масъулияти билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинади.
Тадқиқотда йўл ҳаракати хавфсизлигига инфратузилмавий, ижтимоий ва хулқ-атвор омилларининг ўзаро таъсири нуқтаи назаридан ёндашилади. Бу эса йўлларда хавфсиз муҳитни шакллантиришда техник шароитлар билан бир қаторда инсон омили, ижтимоий интизом, ўзаро ҳурмат ва масъулиятли муносабатнинг аҳамиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш имконини беради.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилаётган ушбу тадқиқот фуқароларнинг ҳаётий тажрибаси ва ижтимоий эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва қулай транспорт муҳитини шакллантиришга қаратилган қарорларни социологик маълумотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


